Life Style
20.02.2026
70

Фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларда бузилган ҳуқуқни суд орқали ҳимоя қилиш муҳим кафолатлардан биридир. Бироқ ҳар қандай ҳуқуқни чексиз муддат давомида талаб қилиш мумкин эмас. Қонунчиликда ҳуқуқларни ҳимоя қилиш учун маълум вақт чегараси – даъво муддати белгиланган.
1. Даъво муддати тушунчаси ва ҳуқуқий моҳияти
Даъво муддати – бу шахс ўзининг бузилган ҳуқуқини суд тартибида ҳимоя қилиш учун қонунда белгиланган муддатдир.
Даъво муддати билан боғлиқ муносабатлар Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси нормалари асосида тартибга солинади.
Ҳуқуқий моҳиятига кўра даъво муддати ҳуқуқий барқарорликни таъминлайди. Агар талабларни чексиз муддат давомида қўзғатиш мумкин бўлса, фуқаролик муомаласида доимий ноаниқлик юзага келади. Даъво муддати эса ҳуқуқий муносабатларга аниқлик киритади.
2. Умумий ва махсус даъво муддатлари
Қонунчиликда:
Умумий даъво муддати— 3 йил;
Махсус даъво муддатлари— айрим турдаги талаблар учун алоҳида белгиланиши мумкин.
Айрим турдаги талаблар учун қонунчиликда умумий даъво муддатига қараганда қисқартирилган ёки узайтирилган махсус даъво муддатлари белгиланиши мумкин.
Махсус даъво муддати — бу қонунда аниқ кўрсатилган айрим талаблар бўйича қўлланиладиган, умумий уч йиллик муддатдан фарқ қилувчи алоҳида вақт оралиғидир.
Махсус даъво муддатлари одатда шартнома мажбуриятларининг айрим турлари, ташиш муносабатлари, сифатсиз товарлар, битимни ҳақиқий эмас деб топиш каби ҳолатларга нисбатан қўлланилади.
3. Даъво муддатининг бошланиши
Даъво муддати, одатда, шахс ўзининг ҳуқуқи бузилганлигини билган ёки билиши лозим бўлган кундан ўта бошлайди. Бу қоидадан истиснолар Фуқаролик кодекси ва бошқа қонунлар билан белгиланади.
Муайян ижро муддатига эга бўлган мажбуриятлар бўйича даъво муддати ижро муддати тамом бўлганидан кейин ўта бошлайди.
Ижро этиш муддати белгиланмаган ёки талаб қилиш пайти ижро этиш муддати билан белгиланган мажбуриятлар бўйича даъво муддати кредиторда мажбуриятни бажариш тўғрисида талаб қўйиш ҳуқуқи пайдо бўлган вақтдан ўта бошлайди, борди-ю, қарздорга бундай талабни бажариш учун имтиёзли муддат берилса, даъво муддати имтиёзли муддат тамом бўлганидан кейин ҳисоблана бошлайди.
Мажбуриятдаги шахсларнинг алмашиниши даъво муддати ва уни ҳисоблаш тартибининг ўзгаришига олиб келмайди.
4. Даъво муддати ўтишининг тўхтатилиши
Даъво муддатининг ўтиши қуйидаги ҳолларда тўхтатилади:
1) агар даъво қўзғатилиши учун муайян шароитларда олдини олиб бўлмайдиган фавқулодда ҳодиса (енгиб бўлмас куч) тўсқинлик қилган бўлса;
2) Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати мажбуриятларни бажаришни кечиктирганлиги (мораторий) туфайли;
3) агар даъвогар ёки жавобгар ҳарбий ҳолатга ўтказилган Қуролли Кучлар, чегара қўшинлари ва ички қўшинлар таркибида бўлса;
4) агар муомалага лаёқатсиз шахснинг қонуний вакиллари бўлмаса;
5) тегишли муносабатни тартибга сольувчи қонунчилик ҳужжатининг амал қилиши тўхтатилган бўлса.
6) медиация тартиб-таомилини амалга ошириш тўғрисида келишув тузилган тақдирда.
Юқорида кўрсатилган ҳолатлар даъво муддатининг охирги олти ойида, бу муддат олти ойдан кам бўлса, даъво муддатида вужудга келган ёки давом этиб турган бўлса, даъво муддатининг ўтиши тўхтатилади.
5. Даъво муддати ўтишининг узилиши ҳамда даъво муддатини тиклаш
Даъво муддатининг ўтиши белгиланган тартибда даъво қўзғатилиши билан, шунингдек мажбур шахс қарзни тан олганлигини кўрсатувчи ҳаракатларни қилиши билан узилади.
Узилишдан кейин даъво муддатининг ўтиши янгидан бошланади, узилишгача ўтган вақт эса — янги муддатга қўшилмайди.
Башарти, суд даъво муддатининг ўтказиб юборилганлиги сабабини узрли деб топса, бузилган ҳуқуқ ҳимоя қилиниши керак. Даъво муддатини ўтказиб юбориш сабаблари даъво муддатининг охирги олти ойида, бу муддат олти ойга тенг ёки олти ойдан кам бўлса, даъво муддатида юз берган бўлса, улар узрли деб ҳисобланиши мумкин.
6. Даъво муддати жорий қилинмайдиган талаблар
Даъво муддати қуйидагиларга жорий қилинмайди:
— шахсий номулкий ҳуқуқларни ва бошқа номоддий бойликларни ҳимоя қилиш ҳақидаги талабларга;
— омонатчиларнинг ўз омонатларини бериш тўғрисида банкка қўядиган талабларига, шунингдек Омонатларни кафолатлаш агентлигига кафолатланган омонатлар бўйича компенсациялар тўланишига доир талабларига;
— фуқаронинг ҳаётига ёки соғлиғига етказилган зарарни тўлаш ҳақидаги талабларга;
— жиноят туфайли етказилган зарарни тўлаш ҳақидаги талабларга;
— мамлакат мустақиллиги эълон қилинишидан олдин унинг чегараларидан ташқарига олиб чиқиб кетилган тарихий, маданий ва илмий-бадиий қийматга эга бўлган мол-мулкни ҳамда бошқа қимматбаҳо обектларни қайтариб бериш ҳақидаги талабларга қонунда белгиланган ҳолларда бошқа талабларга.
Хулоса
Даъво муддати фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларда вақт омилини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солувчи асосий институт бўлиб, у нафақат ҳуқуқий барқарорликни таъминлашга хизмат қилади, балки шахсларни ўз бузилган ҳуқуқларини ўз вақтида суд орқали ҳимоя қилишга мажбур қилади.
Мардиев Хабибулло,
“Адолат” МҲАМ ходими
Улашиш:
Бошқалар
Нега хавфсиз муҳит айнан маҳалладан бошланиши керак?
Ҳуқуқий назарияга кўра, хавфсиз муҳитни шакллантиришда энг муҳим масала – муаммони имкон қадар эрта аниқлаш ва унга эрта муносабат билдиришдир.
Сунъий интеллект ёрдамида шахсга доир маълумотларни ўзгартириш жиноят ҳисобланадими?
"Ахборотлаштириш тўғрисида"ги қонунга ўзгартириш киритилди.
Таълим ва ишни бараварига олиб бориш учун қандай шароитлар мавжуд?
Меҳнат кодексининг 383-моддаси ходимларнинг меҳнат фаолиятини таълим билан биргаликда олиб бориш ҳуқуқини мустаҳкамлайди ҳамда иш берувчиларнинг ушбу жараёнда мажбуриятларини белгилайди.
Номингизга кредит олишни чеклашда муҳим 5 жиҳат
Онлайн фирибгарликдан ҳимояланиш — фақат эҳтиёткорлик эмас, олдиндан кўрилган чоралар билан бошланади.