currencies image

12 011,02 UZS

49,13

usd

currencies image

13 958,01 UZS

106,54

eur

currencies image

148,08 UZS

0,79

ru



АсосийЯнгиликларНотариус ижро хатининг ҳуқуқий табиати ва уни расмийлаштириш тартиби

Нотариус ижро хатининг ҳуқуқий табиати ва уни расмийлаштириш тартиби

Life Style

calendar

09.06.2026

eye

47

Нотариус ижро хатининг ҳуқуқий табиати ва уни расмийлаштириш тартиби

1. Нотариус ижро хати қандай ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади?

Нотариус ижро хати бу қарздорлик ёки бошқа мажбурият ҳужжатлар билан шубҳасиз тасдиқланган ҳолларда, кредитор талабини судга мурожаат қилмасдан мажбурий ижрога йўналтириш имконини берувчи махсус нотариал ҳужжат ҳисобланади. У суд қарори эмас, балки мажбурий ижрога асос бўладиган нотариал ҳаракат натижасидир.

2. Ижро хати қайси талаблар бўйича ёзилиши мумкин?

Ижро хати фақат низосиз, ҳужжатлар билан аниқ тасдиқланган талаблар бўйича ёзилиши мумкин. Нотариуслар томонидан базавий ҳисоблаш миқдорининг бир минг бараваригача бўлган қуйидаги фуқаролик-ҳуқуқий низосиз талаблар бўйича ижро хати ёзилади:

— нотариал тасдиқланган битимларга асосланган талаб;

— ёзма ва нотариал тасдиқланган битим мавжуд бўлган тақдирда, ундирувни қарздорнинг мажбуриятлари бажарилишининг таъминоти бўлган кўчар мол-мулкка қаратиш тўғрисида талаб;

— ижара тўловлари, кўп квартирали уйлардаги жойларнинг мулкдорларидан мажбурий бадаллар ва тўловлар, коммунал ва алоқа хизматлари бўйича қарздорликни ундириш тўғрисида талаблар.

3. Ижро хатига тузатиш киритиш ёки уни бекор қилиш қандай тартибда амалга оширилади?

Ижро хатига тузатиш киритиш нотариус томонидан ўз ташаббуси билан ёки манфаатдор шахсларнинг илтимосига кўра амалга оширилиши мумкин. Бунда фақат ижро хатининг мазмунини ўзгартирмайдиган тузатишлар ёки аниқ арифметик хатолар тузатилади. Тузатишлар ижро хатининг барча нусхаларига киритилиши, тегишли матн охирида нотариус имзосидан олдин изоҳланиши ҳамда нотариуснинг имзоси ва муҳри билан тасдиқланиши лозим. Ўчирилган сўз ва рақамлар бошланғич матнда ўқиладиган ҳолда қолиши керак.

Агар нотариус ўзи расмийлаштирган ижро хатида хатога йўл қўйилганини аниқласа, у бундай ижро хатини бекор қилиш чораларини кўриш учун прокурорга хабар бериши шарт. Шунингдек, бу ҳақда тегишли ҳудудий адлия органлари ҳам хабардор қилинади.

Қарздор эса ижро хатига қарши асослантирилган эътироз билдириши мумкин. У тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этган ҳолда, ижро хати нусхаси юборилган кундан бошлаб ўн кун ичида ижро хатини ёзган нотариусга мурожаат қилиб, уни бекор қилишни сўраш ҳуқуқига эга

4. Ижро хатини олиш учун талаб турига қараб қандай ҳужжатлар тақдим этилиши лозим?

Ижро хатини олиш учун тақдим этиладиган ҳужжатлар талабнинг турига қараб фарқланади. Агар талаб нотариал тасдиқланган битимга асосланган бўлса, нотариал тасдиқланган битим нусхаси, қарздорга тўлов муддати ўтганлиги ҳақида юборилган билдиришнома ҳамда қарздорлик фактини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси тақдим этилади. Бунда 2020 йил 1 январдан кейин расмийлаштирилган битимлар нотариус томонидан тизим орқали текширилади ва ундирувчидан алоҳида талаб қилинмайди.

Агар талаб оддий ёзма шаклдаги битимга асосланган бўлса, ўзаро тузилган битим нусхаси, қарздорга юборилган билдиришнома ва қарздорлик фактини тасдиқловчи электрон ёки ёзма ҳужжат тақдим этилади.

Агар талаб ижара тўловлари, кўп квартирали уйлардаги мажбурий бадаллар, коммунал ёки алоқа хизматлари бўйича бўлса, ҳисобварақ нусхаси, қарздорга юборилган билдиришнома, қарздорлик фактини тасдиқловчи ҳужжат, қарздорлик кўчмас мулк билан боғлиқ бўлса, унинг кадастр рақами тақдим этилади. Бундай ҳужжатлар зарур ҳолларда идоралараро электрон ахборот алмашуви орқали ҳам олиниши мумкин.

5. Нотариус қайси ҳолларда ижро хати ёзишни рад этади ва рад этиш қандай тартибда расмийлаштирилади?

Нотариус ижро хати ёзишни бир қатор ҳолларда рад этади. Хусусан, агар ижро хатини ёзиш қонунга зид бўлса, мурожаат қилган фуқаро муомалага лаёқатсиз бўлса ёки вакил зарур ваколатларга эга бўлмаса, юридик шахс манфаатида ёзиладиган ижро хати унинг устави ёки низомида кўрсатилган мақсадларга зид бўлса, тақдим этилган ҳужжатлар қонунчилик талабларига мос келмаса, қарздор жисмоний шахс вафот этган бўлса, мурожаат қилувчи белгиланган тўловни амалга оширмаса ёки ундирувчи қарздорликнинг ҳақиқатда мавжудлигини исботлаб бера олмаса, ижро хати ёзиш рад этилади.

Ижро хатини ёзиш рад этилган тақдирда, нотариус мурожаат қилинган кундан бошлаб уч иш кунидан кечиктирмасдан рад этиш ҳақида қарор чиқаради. Шунингдек, мурожаати рад этилган шахснинг илтимосига кўра, нотариус рад этиш сабабларини ёзма равишда баён қилиши ва ушбу рад этиш устидан шикоят қилиш тартибини тушунтириб бериши лозим.

Хакимова Зебиниса,
Мирзо Улуғбек туман адлия
бўлими Давлат хизматлари
маркази директори

 

Улашиш: