currencies image

12 011,02 UZS

49,13

usd

currencies image

13 958,01 UZS

106,54

eur

currencies image

148,08 UZS

0,79

ru



АсосийЯнгиликларАлимент тўловчиларнинг чет элга чиқиш кафолатлари

Алимент тўловчиларнинг чет элга чиқиш кафолатлари

Ҳуқуқ

calendar

03.04.2026

eye

55

Алимент тўловчиларнинг чет элга чиқиш кафолатлари

Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексига асосан, алимент — бу вояга етмаган болалар, меҳнатга лаёқатсиз эҳтиёжманд ота-оналар ёки эр-хотиннинг таъминоти учун тўланадиган маблағдир.

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 145-моддасида чет элга кетаётганда алимент мажбуриятларини бажаришнинг умумий қоидалари баён этилган. Яъни, бу ерда алимент тўловчи чет элга 3 ойдан ортиқ ёки доимий яшашга кетмоқчи бўлса, бу борада алимент олувчи билан келишиб олиши кераклиги кўрсатилган. Агарда ўзаро келишувга эришилмаса, унда алимент олувчи буни суд тартибида ундиришга ҳақлилиги белгиланган. Суд алимент ундирувни бирйўла, муайян мол-мулк эвазига ёки бошқа усулда тўлаш ҳақида қарор қилади, дейилади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 6 октябрдаги 808-сон қарори билан тасдиқланган. Унда алиментларни олдиндан, яъни болалар вояга етгунга қадар 5 йил ва ундан кам давр учун тўлаш, шунингдек, алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш бўйича гаров шартномасини тузиш тартиби тўғрисидаги низоми асосида амалга оширилиши белгиланган. Бу тарафлар ўзаро келишув асосида алиментни олдиндан тўлаши ёки келишиб гаров шартномаси тузишини билдиради. Гаров учун кўчар ёки кўчмас мулк, турли қимматликларни тақдим этиши мумкин бўлади. Гаров шартномаси тузиш учун алимент тўловчининг алимент бўйича қарздорлиги бўлмаслиги шарт қилинган.

Ушбу ҳужжатда алимент тўловчиларнинг чет элга чиқишининг 2 та қонуний йўли кўрсатилган. Булар:

Олдиндан тўлов: Камида 5 йиллик алимент суммасини олдиндан тўлаш. Бу молиявий имконияти юқори бўлганларга мос келади.

Гаров (Залог): Базавий ҳисоблаш миқдорининг 250 баравари (ҳозириги кунда 103 миллион сўм)дан кам бўлмаган мулк (уй, машина). Кўчмас мулки бор шахсларга нисбатан тўғри келади.

Ҳозирда Ўзбекистонда алимент тўловчи шахсларнинг чет элга чиқиш тартиби сезиларли даражада соддалаштирилди. 2025 йилда кучга кирган янги норматив ҳужжат алимент мажбурияти ва ҳаракатланиш эркинлиги ўртасидаги мувозанатни таъминлашга қаратилган.

Янгиликнинг моҳияти: Суғурта полиси механизми

2025 йил 26 ноябрдаги 3196-2-сонли идоравий ҳужжат билан Суд ҳужжати асосида берилган ижро ҳужжатини ёки ижро ҳужжати бўлган суд ҳужжатини узрсиз сабабларга кўра ижро этмаган қарздор жисмоний шахснинг Ўзбекистон Республикасидан чиқишини вақтинча чеклашни таъминлаш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси, Ички ишлар вазирлиги ва Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларининг ҳамкорлиги тартиби тўғрисида низомга қўшимчалар киритилди.

Ушбу низомнинг 19-бандида давлат ижрочиси қарздорнинг илтимосномасига асосан қарздорнинг чиқишини вақтинча чеклашни ҳаракатдан тўхтатиб туриши лозим бўлган ҳолатлар кўрсатилан:

алимент тўловчи Ўзбекистон ҳудудидан ташқарида даволаниш, соғлиғини тиклаш зарурати бўлганда;

қарздорни Ўзбекистон Республикасидан чиқиб кетувчи расмий делегация таркибига киритиш ҳақидаги қарори мавжуд бўлганда.

Бандга киритилган кўшимчага асосан, 3 ойгача бўлган муддатга чет элга бориб келувчи алимент тўловчи шахс, қайтиб келмаслиги натижасида фуқаролик жавобгарлигини суғурталовчи суғурта полиси бўлса чет элга чиқиши мумкин бўлади.

Бунда юзага келадиган фуқаролик жавобгарлигини суғурталаш фақатгина суғурта фаолиятини амалга ошириш учун тегишли лицензияга эга бўлган суғурталовчилар томонидан амалга оширилади. Фуқаролик жавобгарлигини суғурталаш шартлари эса лицензияга эга суғурталовчи ва Мажбурий ижро бюроси ўртасида тузиладиган бош келишувда белгиланиши қайд этилган.

Шундан сўнг қарздорнинг чиқишига вақтинча чекловни тўхтатиб туриш тўғрисида давлат ижрочиси қарор қабул қилади. Бу катта давлат ижрочиси томонидан тасдиқланади ва махсус электрон тизим орқали қарздорнинг Ўзбекистон Республикасидан чиқишига қўйилган вақтинча чекловни олиб ташланади ва Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармасига ҳамда Чегара қўшинларига электрон тарзда юборилади.

Илгари алимент тўловчи қарздор (ҳатто қарзи бўлмаса ҳам, келажакдаги тўловлар учун) чет элга чиқиши учун камида 5 йиллик алиментни олдиндан тўлаши ёки қимматбаҳо мулкни гаровга қўйиши шарт эди. «Суғурта полиси» тизими жорий этилиши қарздорга катта миқдорда нақд пул сарфламасдан, суғурта компанияси кафолати остида хорижга чиқиш имконини беради. Мажбурий ижро бюроси ва суғурта компаниялари ўртасидаги ҳамкорлик асосида, алимент тўланмай қолган тақдирда суғурта компанияси томонидан қоплаб берилишини назарда тутувчи механизм ҳисобланади.

Махсус суғурта полисини расмийлаштириш ва мажбурий ижро бюросига тақдим этиш хорижга ишлаш учун кетаётганлар учун қулай ҳисобланади.

Ушбу ислоҳот икки томонлама аҳамиятга эга:

1. Тўловчи учун: Тақиқ туфайли уйда ишсиз ўтириш ўрнига, хорижга чиқиб даромад топиш ва алиментни ўз вақтида тўлаб бориш имконияти яратилди.

2. Бола (ундирувчи) учун: Алимент тўловчининг даромади ортиши билан алимент миқдори ва унинг барқарорлиги кафолатланади (тўланмаган тақдирда суғурта компанияси жавобгар бўлади).

Хулоса: 2025 йилдаги ўзгаришлар алимент тизимини «жазолаш механизми»дан «таъминлаш механизми»га айлантирди. Бу фуқароларнинг меҳнат қилиш ҳуқуқини чекламаган ҳолда, бола ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг замонавий усулидир.

Фазлиддин Насруллаев,
"Адолат" МҲАМ ходими

Улашиш: