currencies image

12 581,97 UZS

84,22

usd

currencies image

14 698,26 UZS

39,65

eur

currencies image

157,75 UZS

0,96

ru



АсосийЯнгиликларЧўлни бузиб, боғ ярат, боғни бузиб, чўл эмас!

Чўлни бузиб, боғ ярат, боғни бузиб, чўл эмас!

Life Style

calendar

09.08.2025

eye

315

Чўлни бузиб, боғ ярат, боғни бузиб, чўл эмас!

Пойтахт билан туташ, Қибрай туманига қарашли ҳудудда ўттиз гектардан зиётроқ боғ бор. Бор эди, десак ҳам бўлади. Уч-тўрт йил аввал ана шу боққа кирсангиз, қатор-қатор қилиб экилган олма-ю гилослар, олхўри-ю ўриклар, савлат тўкиб турган ёнғоқ дарахтларини кўриб, кўзингиз қувнар, баҳри дилингиз яйрарди. Боғ ичида тасвирлаб бўлмас мусаффо ҳаво, вужудингизни энтиктирувчи майин шабада эсиб турарди. Қалбиингизда Ватанга бўлган меҳр жўшарди. Бугун ўша боғнинг ўзига ҳаво етишмаяпти, нафаси қисаяпти, дармони қуриб бораяпти. Унинг бошини силайдиган, меҳр кўрсатадиган, оғзига сув тутадиган жон эса йўқ.

Боғдан бир йил ичида тонналаб эрта пишар гилос, майдон-майдон қилиб қуритилган олхўри, пойтахт бозорларига тортилган сархил олмалар олинарди. Бундан ташқари, боғ ичидаги бўш жойларда жўхори, пиёз, саримсоқ пиёз, ҳар хил кўкатлар, мазаси ўзгача қулупнайлар етиштириларди. Водийлик қўли қадоқ деҳқонларнинг айримлари шу боғ ортидан рўзғор тебратарди, даромад орттирарди. Бир сўз билан айтганда, боғ ўша ҳудуднинг кўрки, керак бўлса, кислород манбаи эди.

Шубҳали ишлар

Боғдан файз кўтарилди, барака кетти. Боғ ораласангиз у ерда на дарахтларни парвариш қилаётган боғбонни, на сув тараётган миробни, на етиштирган ҳосилини бозорга тайёрлаётган деҳқонни учратмайсиз. Яшиллик йўқолган. Ҳамма тараф қақраб-қақшаб бораяпти. Бу жойда ачинарли, ҳам ҳайратланарли ҳолат ҳам борки, боғнинг ўртасидан каттагина ариқда тўлиб сув оқиб турибди. Аммо боғ сувдан қисилган. Нега?

Яқинда боққа ўт кетиб, анчагина жойнинг кули кўкка совурулган. Ёниб битган майдонда дарахтлар тикка турган касовдай бўлиб қолган. Бу ҳолат ҳам одамда шубҳа уйғотади. Чунки ёнғин сабаблари билан на боғ эгаси (фермер), на бошқа масъуллар қизиққан. Боғнинг аянчли аҳволда қолаётганидан ҳавотирга тушган ўша ерлик аҳоли Экология вазирлигига мурожаат қилган. Вазирликнинг Қибрай туман бўлимидан келган масъуллар эса айбдорни топишни аҳолининг ўзига топшириб кетган. Ҳайратланарли ва таажжубли ҳолат эмасми?!

Қаровсиз қолган жойда қора ишлар кўпаяди деганидек, айримларнинг айтишича, тунда боғ четида бегона машиналар пайдо бўлади. Айрим назоратсиз қолган ёшлар нималарнидир чекиб, хумор қилади. Ҳатто, бир-бирининг дийдорига етолмай юрганлар учун ҳам бу жой тинч, хуфиёна ошиёнга айланган.

Фермер қаёққа қараяпти?

Боғнинг айни вақтдаги эгаси, фермер Шариф ака билан боғланиб, боғ тўғрисида сўраганимизда, қисқа, аммо хавотирли жавоб олдик. У кишининг айтишича, боғ йўқ қилиниб, ўрнига ҳозирда қандайдир “катта” лойиҳалар тайёрланмоқда. Ва тез орада инвесторга топширилиб, нимадир қурилармиш. Дарахтларнинг тақдири-чи, деган саволимизга эса улар ёшини яшаб бўлган, деган совуқ жавобни олдик. Бу боғнинг яратилганига нари борса, йигирма йил бўлган. Энди тасаввур қилиб кўраверинг, йигирмага кирган дарахт ёшини яшаб бўлган ҳисобланадими? Маълумот ўрнида айтиб қўяй! Қишлоқда беш-олти туп ёнғоғимиз бор саксондан ошган, ўрикларимиз бор, қирқ-элликка борган, олма дарахтларимиз ҳам бор, ўттиздан ошган. Ҳаммаси ҳар йили мўл-кўл ҳосил беради.

Фермерга ҳам қийин, гоҳида ихтиёр ўзида бўлмайди. Балки унинг ҳам боққа ичи ачиётгандир, дарахтларни ўз қўллари билан нобуд қилаётганидан қўз ёшларини ичига ютиб йиғлаётгандир. Боққа ғоибона дардини ёриб, кечирим ҳам сўраётгандир “...тилим бор, аммо гапиришга ҳаққим йўқ!” (кинодан) қабилида.

Дарвоқе, фермернинг қурилиш бўлармиш деган гапида жон бор. Чунки боққа туташ бўлган “Олмазор” маҳалласининг “Етакчи-3” кўчаси ҳам бир неча йилдан буён асфальт қилинмайди. Газ ва ток тармоқларига ҳам қўшни уйлар орқали уланган. Сабабини сўрашса мазкур кўчанинг бузилишга тушиш эҳтимоли борлигини айтишган.

Мораторий нима бўлади?

Президент фармони билан давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига мораторий муддатсиз даврга узайтирилган. Қолаверса, дарахтларни ҳар қандай ҳолатда кесиш ёки йўқ қилиш тўғрисида ҳукумат фармойишлари ва ҳокимлар қарорларини қабул қилиш тақиқланган.

Гап шундаки, фермер айтганидек, қандайдир лойиҳалар тасдиқланиб, қурилиш бошланса, боғдаги шунча дарахт илдизи билан йўқотиладими? Президент бир туп дарахт ҳам кесилмасин деб турганда, бутун бошли боғ йўқ қилинадими? Саволлар кўп, жавоб эса...

Қизиқ одатларимиз бор. Бўш турган жой қолиб, яшнаб турган жойга қурилиш қиламиз. Янгисини қурмасдан эскисини ҳам бузиб ташлаймиз...

Яхшидан боғ, ёмондан доғ қолар

Табиатни асраш, экологияни яхшилаш тобора долзарблик касб этиб бормоқда. Табиатни ким асрайди? Албатта, ўзимиз. Экологияни-чи? Унга ҳам жавобгар ўзимиз. Шундай экан, юқоридаги каби ҳолатларга бефарқ бўлишга ҳеч биримизнинг ҳаққимиз йўқ.

Биз ҳам бефарқ бўлмаган ҳолда, нобуд бўлаётган боғнинг бугунги манзарасини, сабаб ва оқибатларини сиз азиз ўқувчилар кўз олдида гавдалантиришга ҳаракат қилдик.

Масъуллардан эса ижобий жавоб кутиб қоламиз. Ахир халқимизнинг “Яхшидан боғ, ёмондан доғ қолар” деган нақли бекорга айтилмаган.

Афсуски, дарахтлар ёмонлик қилишни билмайди...

Ёрбек ИСКАНДАРОВ,
журналист

Улашиш:

Бошқалар

30-июл 2025, 12:27
1 379

“Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали хорижда бепул ўқиш: муҳим 5 саволга жавоб

Жамғарма томонидан ҳужжатлар текширилиб, танлов талабларига тўғри келадиганлар саралаб олинади.


24-июл 2025, 11:49
1 092

Никоҳланувчилардан бири носоғлом бўлса, никоҳ тузиладими?

Оила кодексининг 14-моддасига кўра, никоҳ фақат тарафларнинг ўзаро розилиги асосида тузилади.


8-август 2025, 06:28
945

Сув кодекси қандай жиҳатларни ўз ичига олган. Муҳим 6 жиҳат

Кодекс сув, сув объектлари, сув хўжалиги объектлари ва сув фонди ерларидан оқилона фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солади.


5-август 2025, 05:52
901

Кимга неччи соат – умумтаълим муассасаларида дарс соатлари қандай тақсимланади?

Қонунчиликка кўра, умумтаълим муассасалари умумий ўрта таълимнинг таянч ўқув режаси асосида ҳар йили 10 сентябрга қадар умумтаълим муассасасининг дарс соатлари сеткасини шакллантиради.