currencies image

11 937,89 UZS

10,69

usd

currencies image

13 769,16 UZS

24,28

eur

currencies image

141,76 UZS

2,53

ru



АсосийЯнгиликларДавлат харидлари соҳасида қонунчилик бузилса қандай жавобгарлик мавжуд?

Давлат харидлари соҳасида қонунчилик бузилса қандай жавобгарлик мавжуд?

Суд очерклари

calendar

14.08.2026

eye

45

Давлат харидлари соҳасида қонунчилик бузилса қандай жавобгарлик мавжуд?

Давлат харидлари маблағларидан самарали ва қонуний фойдаланишни таъминлаш, тадбиркорлар ўртасида соғлом рақобатни яратиш ҳамда харид жараёнларининг шаффофлигини таъминлашга қаратилган муҳим тизимдир. Шу сабабли давлат харидлари жараёнида белгиланган тартибларни бузиш мансабдор шахслар учун маъмурий жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 175⁸-моддасида давлат харидлари тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик белгиланган.

Давлат харидлари режасини нотўғри шакллантириш ҳам жавобгарликка сабаб бўлади

Давлат харидлари режаларини, жумладан режа-жадвалларини шакллантириш ва жойлаштириш талабларига риоя қилмаслик, шунингдек харидлар ҳақидаги эълонларни махсус ахборот порталига белгиланган тартиб ва муддатларда жойлаштирмаслик жавобгарликка сабаб бўлади.

Бундай ҳолатда мансабдор шахсга БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солиниши мумкин.

Рақобатни чекловчи талабларни киритиш мумкин эмас

Давлат харидлари ҳақидаги эълон ёки харид ҳужжатларига қонунчиликда тақиқланган, рақобатни чеклайдиган ахборот, ҳавола ёки талабларни киритиш ҳам ҳуқуқбузарлик ҳисобланади.

Шунингдек, харид ҳужжатларини тасдиқлаш ёки буюртмаларни шакллантириш тартибини бузиш ҳам жавобгарликка олиб келади.

Бундай ҳуқуқбузарлик учун мансабдор шахсга БҲМнинг 10 бараваридан 15 бараваригача жарима солинади.

Тендер ўтказмасдан харид қилиш ҳам хавфли

Қонунчиликда товар, иш ёки хизмат етказиб берувчини тендер ёки бошқа рақобатли харид усули орқали аниқлаш талаб этилган бўлса, ушбу талабни четлаб ўтиб харидни ягона етказиб берувчидан ёки тўғридан-тўғри шартнома асосида амалга ошириш тўғрисида қарор қабул қилиш жавобгарликка сабаб бўлади.

Бундан ташқари, комплекс экспертизадан ўтказилиши лозим бўлган давлат харидлари бўйича тўғридан-тўғри шартномаларнинг бундай экспертизадан ўтказилишини таъминламаслик ҳам ҳуқуқбузарлик ҳисобланади.

Бу ҳолатларда жарима БҲМнинг 15 бараваридан 20 бараваригача бўлиши мумкин.

Аффилланганликни яшириш ҳам жавобгарликка олиб келади

Давлат харидлари жараёнида аффилланганлик мавжудлиги ҳақида қонунчиликда белгиланган тартибда хабар бермаслик ҳам жиддий ҳуқуқбузарлик ҳисобланади.

Шунингдек, қонунчиликда назарда тутилмаган ҳолларда таклифларни қабул қилмаслик, таклиф бериш муддатларини ноқонуний равишда қисқартириш, таклифлар солинган конвертларни очиш ёки таклифларни харид ҳужжатларига зид равишда баҳолаш ҳам жавобгарликка сабаб бўлади.

Бундай ҳолатда мансабдор шахсга БҲМнинг 20 бараваридан 30 бараваригача миқдорда жарима солиниши мумкин.

Давлат харидининг нархини асоссиз ошириш ҳам жазоланади

2026 йилдаги ўзгартиришлар билан давлат харидларига оид жавобгарлик янада кучайтирилди.  Хусусан, давлат хариди предметининг бошланғич нархи билан унинг ўртача бозор нархи ўртасидаги йўл қўйиладиган энг юқори тафовут бўйича белгиланган талабни бузиш, агар бунда талон-торож қилиш ҳолати мавжуд бўлмаса, мансабдор шахсга БҲМнинг 30 бараваригача жарима солишга сабаб бўлади.

Агар ушбу ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида такроран содир этилса, жарима — БҲМнинг 30 бараваридан 50 бараваригача янада ошади.

Зиёвуддин Намозов

Улашиш: