Ҳуқуқ
28.04.2025
199
– Фермер хўжалиги бошлиғи вафот этганда, ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқини меросхўрларга ўзгартириш тартиби ҳақида тушунтириб берсангиз?
Жасурбек АҲМЕДОВ, Сайхунобод тумани
– Биринчи босқичда мерос гувоҳномаси олинади. Яъни, мерос очилган жойдаги нотариус меросхўр(лар)нинг ёзма аризасига кўра, мерос гувоҳномасини беради. Меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома мерос очилган кундан эътиборан олти ой ўтганидан кейин берилади.
Меросхўр (агар кўп бўлса, улардан бири) ёки унинг вакили мерос қолдирувчининг вафот этгани ҳақидаги гувоҳнома ёки далолатнома ёзувидан кўчирмани нотариусга тақдим этади. Фермер хўжалигининг мол-мулки қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ васиятнома орқали мерос қилиб қолдирилиши мумкин.
Иккинчи босқичда фермер хўжалиги қайта давлат рўйхатидан ўтказилади. Меросхўр фермер хўжалиги бошлиғи ўзгарганлиги муносабати билан фермер хўжалигининг янги уставини давлат рўйхатидан ўтказиш учун Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали ёки давлат хизматлари марказига келган ҳолда ариза билан мурожаат қилади. Аризага фермер хўжалигининг янгиланган устави, фермер хўжалиги бошлиғини вафот этганлиги ҳақидаги гувоҳнома ёки далолатнома ёзувидан кўчирма, мерос тўғрисидаги гувоҳнома илова қилиниши керак. Фермер хўжалигининг янгиланган уставини қайта давлат рўйхатидан ўтказиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 баравари миқдорида тўлов қилинади ҳамда қайта давлат рўйхатидан ўтказилади.
Учинчи босқичда эса туман (шаҳар) ҳокимлигига ариза биолан мурожаат қилинади. Аризада меросхўр фермер хўжалиги бошлиғи вафот этгани сабабли фермер хўжалиги бошлиғи бўлиш ва ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқини унга ўтказиш бўйича ер ижара шартномасига ўзгартиш киритишни баён қилади, асос сифатида вафот этганлиги ҳақидаги гувоҳнома ёки далолатнома ёзувидан кўчирма, мерос тўғрисидаги гувоҳнома нусхаси илова қилинади. Ариза ва илова қилинадиган ҳужжатлар ҳокимликка анъанавий тартибда қоғоз шаклида тақдим этилади.
Тўртинчи босқичда ер ижара шартномасига ўзгартиш киритиш бўйича шартнома тузилади. Ер ижара шартномасига ўзгартиш киритиш бўйича келишув икки томонлама ёзма шаклда (1) ижарага берувчи – ҳокимлик ва (2) янги ижарага олган меросхўр – фермер хўжалигининг янги бошлиғи томонидан уч нусхада имзоланади. Шартноманинг бир нусхаси кадастр органларига тақдим этилади, қолган нусхалари тарафларда қолади.
Бешинчи босқичда фермер хўжалигининг ерга бўлган ҳуқуқи қайта давлат рўйхатидан ўтказилади. Ер участкасига бўлган ҳуқуқ белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтгандан сўнг вужудга келади. Мерос бўйича ер участкасига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш учун қуйидагилар асос бўлади: а) фермер хўжалиги бошлиғини вафот этганлиги ҳақидаги гувоҳнома ёки далолатнома ёзувидан кўчирма; б) мерос тўғрисидаги гувоҳнома; в) ер участкасининг ижара шартномаси. Ер участкасига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш учун ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали ёки давлат хизматлари марказига ижара шартномасига ўзгартириш киритилган кундан бошлаб бир ой ичида мурожаат қилиш лозим (бир ойлик муддатни бузиш маъмурий жарима қўлланилишига сабаб бўлади). Ер участкасига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш кадастр органлари томонидан 2 иш куни ичида амалга оширилади. Ер участкасига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари миқдорида тўлов ундирилади.
Саволга Сирдарё вилоят адлия бошқармаси
масъул ходими Азиз МАВЛАНОВ жавоб берди
Улашиш:
Бошқалар
Прокат шартномаси ва уни тузиш тартиби қандай?
Прокат шартномаси бир йилгача муддатга тузилади.
Шу йилнинг 1 сентябридан ҳар бир қурилаётган объектнинг QR-кодли паспорти бўлади
Бу орқали шаҳарсозлик субъектлари, қурилиш муддатлари, шаҳарсозлик ҳужжатлари ва тасдиқланган экспертиза хулосалари ҳақидаги маълумотларни олиш имконияти яратилади.
Опцион шартномаси нима учун керак?
Опцион шартномаси рисксиз қарорлар қабул қилиш имконини беради ва келажакдаги молиявий фойдани кўзлайди.
Уй-жой сотиб олишда “эскроу” тизими: муҳим 5 саволга жавоб
“Эскроу” тизими кўчмас мулк олди-сотдисида ишончли восита ҳисобланади. Уй сотиб олмоқчи бўлганлар қурувчи ҳисоб рақамига эмас банкка тўлов қилади, уй-жой қурувчининг маблағи ва кредити ҳисобига қурилади.