currencies image

12 011,02 UZS

49,13

usd

currencies image

13 958,01 UZS

106,54

eur

currencies image

148,08 UZS

0,79

ru



АсосийЯнгиликларЁлғон гувоҳлик бериш қандай оқибатларга олиб келади?

Ёлғон гувоҳлик бериш қандай оқибатларга олиб келади?

Life Style

calendar

12.06.2026

eye

42

Ёлғон гувоҳлик бериш қандай оқибатларга олиб келади?

Тергов ёки суд жараёнида бериладиган ҳар бир кўрсатув ишнинг ҳаққоний ҳал этилишида муҳим аҳамиятга эга. Шу боис қонунчилик гувоҳ, жабрланувчи, эксперт ва таржимонларнинг холис ва ҳаққоний ҳаракат қилишини талаб қилади. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 238-моддасига кўра, шахснинг била туриб ҳақиқатга зид маълумот бериши ёки хулоса тақдим этиши жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.

Мазкур моддага мувофиқ, суриштирув, дастлабки тергов ёки суд муҳокамаси вақтида гувоҳ ёки жабрланувчининг атайлаб ёлғон кўрсатув бериши, экспертнинг била туриб ёлғон хулоса тайёрлаши, шунингдек таржимоннинг маълумотни атайлаб нотўғри таржима қилиши ёлғон гувоҳлик бериш деб баҳоланади. Бундай ҳаракатлар учун:
— уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари;
бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш;
— ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин.

Қонун нафақат ёлғон кўрсатув берган шахсни, балки бошқаларни шундай ҳаракат қилишга ундаган ёки мажбурлаган шахсларни ҳам жавобгарликка тортади. Хусусан, гувоҳ, жабрланувчи, эксперт ёки таржимонни пора бериш орқали оғдириб олиш, уларга ёки яқин қариндошларига руҳий, психологик ёки жисмоний босим ўтказиш, таҳдид қилиш ёхуд бошқа усуллар билан таъсир кўрсатиб ёлғон маълумот беришга мажбурлаш уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёки шу муддатга озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Агар мазкур ҳаракатлар уюшган гуруҳ манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса ёки кимнидир оғир ёки ўта оғир жиноятни содир этганликда асоссиз айблаш мақсадида амалга оширилган бўлса, жавобгарлик янада кучаяди. Бундай ҳолларда айбдор шахс беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Шу тариқа, тергов ва суд жараёнларида ҳақиқатни бузиб кўрсатиш, ёлғон кўрсатув бериш ёки бошқаларни шунга мажбурлаш қонун олдида жиддий жиноят ҳисобланади. Одил судловнинг таъминланиши ҳар бир иштирокчининг виждонан ва ҳаққоний ҳаракат қилишига боғлиқдир.

 

Зиёвуддин Намозов,
"Адолат" МҲАМ ходими

Улашиш:

Мавзуга доир янгиликлар: