Ўзбекистон
29.10.2025
115

2026 йилнинг 24 октябрь куни Янги Ўзбекистон тарихидан яна бир ёрқин саҳифа жой олди: Европанинг расмий пойтахти ҳисобланмиш Белгиянинг Брюссель шаҳрида Ўзбекистон билан Европа Иттифоқи ва унинг аъзо давлатлари ўртасида Кенгайтирилган шeриклик вa ҳaмкoрлик битими имзоланди. Ушбу муносабат билан ташкил этилган тантанали маросимда Ўзбекистон Республикаси номидан Президент Ш.Мирзиёев, Европа Иттифоқи номидан – ташкилотнинг олий органи Европа Иттифоқи кенгаши раиси Антониу Кошта ва ташкилотга аъзо мамлакатларнинг давлат ва ҳукумат раҳбарлари иштирок этди ва битимга имзо чекилди.
Кенгайтирилган шeриклик вa ҳaмкoрлик битими Ўзбекистон Республикаси билан Европа ҳамжамиятлари ва уларнинг аъзо давлатлари ўртасида 1996 йил 21 июнда Италиянинг Флоренция шаҳрида имзоланган амалдаги “Ўзбекистон Республикаси, бир томондан, ва Европа Ҳамжамиятлари ҳамда уларга аъзо давлатлар, иккинчи томондан, ўртасида шерикчилик таъсис этувчи Шериклик ва ҳамкорлик тўғрисида битим”нинг мантиқий давоми ва янги шаклидир.
Кенгайтирилган шeриклик вa ҳaмкoрлик битими ҳамкорликнинг кенгроқ масалаларини қамраб олади. Битимда савдо ва унга тегишли масалалар, шу жумладан божхона маъмурчилиги, техник жиҳатдан тартибга солиш, санитария ва фитосанитария чоралари, рақобат ва давлат корхоналарининг фаолияти, давлат харидлари, низоларни ҳал қилиш ва бошқа соҳалар билан боғлиқ қоидалар ўрин олган. Бундан ташқари, у Жаҳон савдо ташкилотининг асосий қоидаларини ўзида мужассам этганлиги боис инвестициявий шерикчилик, товарлар, хизматлар ва интеллектуал мулк савдоси соҳаларидаги муносабатлар доирасини сезиларли даражада кенгайтиради.
Шунингдек, Кенгайтирилган шeриклик вa ҳaмкoрлик битими ҳадли характерга эга эмас, балки Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи мамлакатлари ўртасида, айниқса савдо-иқтисодий алоқалар соҳасида кенг кўламли ҳамкорликнинг тўлақонли ижро механизмини яратади. Аввалги битимдан фарқ қилиб, янги шартнома транспорт, энергетика, истеъмол сиёсати соҳаларидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаб, компетенциялар ва ноу-хау алмашинувини кучайтиради.
Битим томонлар ўртасидаги савдо ва сармоялар оқимини кенгайтиради, миллий ҳуқуқий тартибга солишни Европа Иттифоқи ва халқаро стандартлар билан мувофиқлаштириш ва мослаштиришга ёрдам беради, ўзаро бозорларга киришни осонлаштиради, интеллектуал мулк ҳуқуқи ва гeoгрaфик мaълумoтлaрни муҳофаза қилишга кўмаклашади.
Мазкур битим ҳуқуқий табиатига кўра янги турдаги “учинчи авлод” шартномалари туркумига киради. Ушбу шартномавий келишувда Ўзбекистон Республикаси, бир томондан, Европа Иттифоқи, иккинчи томондан ва, айни пайтда, ташкилотнинг 27 та аъзо давлатлари шартнома томонлари сифатида иштирок этади. Европа Иттифоқининг истиқболдаги кенгайиши натижасида ташкилотнинг янги аъзолари ҳам ўз-ўзидан ушбу шартноманинг иштирокчисига айланади.
Кенгайтирилган шeриклик вa ҳaмкoрлик битими қамрови ва нуфузи жиҳатидан алоҳида мақомга эга ҳужжатдир. Битим давлат ва ҳукумат раҳбарлари ҳамда Европа Иттифоқи институтлари раҳбарлари иштирокидаги олий даражадаги учрашувда имзоланади. Ушбу турдаги битимлар, анъанавий тартиб-таомилга кўра, Европа Парламенти ва шартномада иштирок этаётган давлатларнинг миллий парламентлари томонидан ратификация қилинади ва шундан сўнг кучга киради.
Кенгайтирилган шeриклик вa ҳaмкoрлик битими узоқ йиллик музокаралар натижаси ҳамда ўзбек дипломатиясининг яна бир ютуғи сифатида намоён бўлмоқда.
Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги Кенгайтирилган шeриклик вa ҳaмкoрлик битими лойиҳаси бўйича музокаралар 2019 йил февраль ойида бошланган ва 2022 йил июнь ойи охирида якунланган эди. Ушбу давр мобайнида экспертлар, бош музокарачилар ҳамда ҳукумат аъзолари даражасида 10 марта даврий музокаралар ва 150 дан ортиқ учрашувлар бўлиб ўтди. Эътиборли жиҳати шундаки, COVID-19 глобал пандемия даврида ҳам мулоқотлар тўҳтаб қолмади. Хусусан, 2020-2021-йилларда 6 ва 7-давра музокаралари видеоконференция шаклида ташкил этилди. 2021 йилнинг 28-30 июнь кунлари Тошкентда Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи вакилларининг савдо масалалари бўйича ишчи гуруҳи доирасида Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик битими лойиҳаси бўйича якуний раунд музокаралари ўтказилди, ҳужжатнинг асосий боб ва бўлимлари келишиб олинди ҳамда қолган масалаларни муҳокама қилиш ва ҳал этиш бўйича фаол ишлар олиб борилди. Ниҳоят, 2022 йил 6 июль куни Брюссель шаҳрида Ўзбекистон Республикаси ва Европа Иттифоқи ўртасида Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни дастлабки тарзда тасдиқлаш – парафирлаш маросими бўлиб ўтди.
Мазкур битим аввалдан режалаштирилган ва узоқ кутилган ҳамда барча иштирокчи томонларнинг манфаатларига бирдек жавоб берадиган келишувдир. Европа Иттифоқининг 2019 йилда қабул қилинган Марказий Осиё бўйича “Европа Иттифоқи вa Мaркaзий Oсиё: янада кучлироқ шeрикчилик учун янги имкoниятлaр” номли Янги стратегиясида Кенгайтирилган шeриклик вa ҳaмкoрлик битими етта марта эслатиб ўтилади. Ноқонуний миграцияга қарши кураш соҳасида икки тoмoнлaмa мулoқoт вa ҳaмкoрликни фaoллaштириш, xaлқaрo вa Еврoпa тexник стaндaртлaри билaн мувoфиқликни рaғбaтлaнтириш ҳамда сaвдo учун тexник тўсиқлaрни oлиб тaшлaш, Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлидаги сиёсий мулоқот учун Кенгайтирилган шeриклик вa ҳaмкoрлик битими қулай имкониятлар яратиши қайд этилади.
Мазкур битимнинг имзоланишига 2025 йилнинг 3-4 апрель кунлари Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон Президенти Ш.Мирзиёев раислигида “Келажакка инвестициялар” шиори остида бўлиб ўтган “Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи” биринчи саммити сиёсий ва ҳуқуқий замин яратди. Ушбу саммитда Марказий Осиё давлатлари ва Европа Иттифоқи институтлари ўзаро ҳамкорликни стратегик шериклик даражасига кўтаришга келишиб олган ҳамда икки минтақа ўртасида стратегик шериклик ўрнатишни назарда тутувчи Қўшма декларацияни имзолаган эдилар. Шунингдек, Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон ўртасида тузилган Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимнинг 2025 йилда имзоланиши эълон қилинган эди. Орадан салкам олти ой ўтиб Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи раҳбарларининг сайи-ҳаракати ва қатъий сиёсий иродаси ўлароқ кенгайтирилган шериклик тўғрисидаги ғоялар воқеаликка айланди. Битимнинг ўз вақтида имзоланиши Ўзбекистон Президенти ташаббусларининг ҳаётийлиги ҳамда мамлакатимиз ташқи сиёсатининг изчил ва прагматик эканлигидан далолат беради.
Ҳайдарали Юнусов,
юридик фанлар доктори,
Ш.Раҳманов,
юридик фанлар доктори,
Ж.Расулов,
юридик фанлар бўйича фалсафа доктори
Улашиш:
Бошқалар
Нотариус томонидан пул суммалари ва қимматли қоғозларни депозитга қабул қилиш
Қонунчиликка кўра, нотариус қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда кредиторга топшириш учун қарздордан депозитга пул суммалари ва қимматли қоғозларни қабул қилиши мумкин.
Шахс ўзининг хабарисиз номига кредит тузилишининг олдини олиши мумкин
Қонунчиликка кўра, жисмоний шахс ўзининг иштирокисиз ёки хабарисиз кредит битими тузилишининг олдини олиш учун ўзи билан кредит битими тузишни кредит бюросига ариза киритиш орқали тақиқлаши мумкин.
Никоҳ шартномаси — ҳуқуқий кафолатми ёки эҳтиёт чораси?
Никоҳ шартномаси икки ҳолатда — никоҳдан олдин ёки никоҳ даврида тузилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикасида жиноят ҳуқуқи: асосий тушунчалар ва принциплар
Жиноят ҳуқуқи — бу фуқаролар, жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қилиш, жиноятларни аниқлаш, уларни содир этган шахсларга жазо тайинлаш орқали жамиятда тартиб ва хавфсизликни таъминлашга хизмат қиладиган ҳуқуқий соҳадир.