currencies image

12 011,02 UZS

49,13

usd

currencies image

13 958,01 UZS

106,54

eur

currencies image

148,08 UZS

0,79

ru



АсосийЯнгиликларХодимлар бандлиги масаласида иш берувчининг 8 мажбурияти

Ходимлар бандлиги масаласида иш берувчининг 8 мажбурияти

Ҳуқуқ

calendar

18.01.2024

eye

491

Ходимлар бандлиги масаласида иш берувчининг 8 мажбурияти© Фото: Hudud24.uz

Меҳнат ҳуқуқларини билиш доим фойдали. Масалан, “бугундан ишдан бўшадингиз” дейишса, нима қилиш керак? Ўзи ишдан бўшатилаётган ходим қачон бу ҳақда огоҳлантирилади?  Жамоа шартномасидан хабардор бўлиш нима учун муҳим, у ерда ходим учун қандай манфаатли жиҳатлар бўлиши мумкин? Hudud24.uz ишга қабул қилишни рад этиб бўлмайдиган, ходим ишга қайта қабул қилинадиган ва бошқа бир қатор ҳолатлар билан боғлиқ иш берувчининг мажбуриятларига батафсил тўхталади.

1. Ишдан бўшатиш тўғрисида хабар бериш ва огоҳлантириш

Иш берувчи ходимни ишдан бўшатаётганда уни бу ҳақида 2 ой олдин огоҳлантириши лозим. Шу билан бирга, иш берувчи касаба уюшмаси қўмитасига ёхуд касаба уюшмалари тегишли бирлашмасига ходимларнинг эҳтимол тутилган ишдан бўшатилиши тўғрисидаги ахборотни ўз вақтида, камида 2 ой олдин тақдим этиши ва ишдан бўшатиш оқибатларини юмшатишга қаратилган маслаҳатлашувлар ўтказиши керак. Айрим ҳолларда ушбу муддат талаб қилинмаслиги мумкин. (Меҳнат кодексининг 165 ва 166-моддалари)

2. Ишга қабул қилишни рад этмаслик мажбурияти

Иш берувчи айрим асослар билан ходимни ишга қабул қилишни рад этиши мумкин эмас.

Улар:

  • меҳнат ва машғулотлар соҳасида камситишни тақиқлаш тўғрисидаги талабларни бузиш;
  • ўзи томонидан ишга таклиф этилган шахсларни ишга қабул қилмаслик;
  • иш берувчи қонунга мувофиқ меҳнат шартномасини тузиши шарт бўлган шахсларни ишга қабул қилмаслик;
  • ҳомиладорлик ёки фарзандлар борлиги билан боғлиқ сабабларга кўра ишга қабул қилмаслик;
  • судланганлиги, шу жумладан тугалланган ва олиб ташланган судланганлиги сабабли шахсларни ишга қабул қилмаслик, бундан қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар мустасно, ёхуд шахсларни уларнинг яқин қариндошлари судланганлиги, шу жумладан тугалланган судланганлиги муносабати билан ишга қабул қилмаслик;
  • қонунчиликда назарда тутилган бошқа ҳолларда.

Агар иш берувчи рад жавобини берадиган бўлса, ходим қандай асосларга кўра рад жавоби берилганлиги бўйича уч кунлик муддат ичида ёзма равишда маълумот тақдим этиши талаб қилишга ҳақли.

3. Иш ўринларининг белгиланган энг кам сони ҳисобига ишга жойлаштириш

Иш берувчи малака талаблари ҳисобга олинган ҳолда захирага қўйилган иш ўринларига ишга жойлаштириш учун қонунчиликда белгиланган тартибда маҳаллий меҳнат органлари ва бошқа ваколатли органлар томонидан юбориладиган аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларидан бўлган шахсларни ишга қабул қилиши шарт.

4. Меҳнат шартномаси алоҳида асосларга кўра бекор қилинганда ходимни бошқа ишга ўтказиш

Агар меҳнат шартномасида белгиланган меҳнат вазифасига доир ишни холисона сабабларга кўра давом эттириш имкони бўлмаса, иш берувчи ходимга унинг мутахассислиги ва малакасига мувофиқ келадиган бошқа ишга ўтказишни, бундай иш бўлмаган тақдирда эса иш берувчида мавжуд бўлган бошқа ишни таклиф этиши шарт.

Яъни ходим соғлиғи ёмонлашган бўлса, ходимнинг ўрнида олдин ишлаган ишдан бўшатилган ходим ишга тикланган бўлса, технологиялар ўзгариши билан иш ҳажми қисқарган бўлса ва бошқа сабабларга асосан ходимга бошқа иш таклиф этилиши шарт.

5. Ходимни ишга жойлаштириш даврида ўртача ойлик иш ҳақини сақлаш

Меҳнат шартномаси алоҳида асослар бўйича бекор қилинган тақдирда(яъни ходим янги меҳнат шартлари асосида ишлашни давом эттиришни рад этганлиги, ходим иш берувчи билан бирга ишлаш учун бошқа жойга кўчишни рад этганлиги каби ҳолатлар), иш қидириш даврида ўртача ойлик иш ҳақининг ишдан бўшатиш нафақаси ҳисобга олинган ҳолда, бироқ кўпи билан икки ойга сақланиб қолиши ходимлар учун кафолатланади.

Шунингдек, ходимлар меҳнат шартномаси бекор қилинганидан кейин 30 календарь кун ичида маҳаллий меҳнат органида иш қидираётган шахслар сифатида рўйхатдан ўтган бўлса, улар маҳаллий меҳнат органи томонидан берилган маълумотнома бўйича учинчи ой учун ҳам аввалги иш жойидан ўртача ойлик иш ҳақини олиш ҳуқуқига эга бўлади.

6. Таклиф этилган шахсларни ишга олиш мажбурияти

Иш берувчи ишга жойлаштириш тўғрисидаги таклиф билан жисмоний шахсга таклифнома юборган бўлса, иш берувчи таклифноманинг амал қилиш муддати давомида, агар таклифномада муддат шартлашилмаган бўлса, таклифнома юборилган кундан эътиборан 1 ой ичида ушбу шахсни ишга қабул қилишни рад этишга ҳақли эмас.

Таклифнома деганда иш берувчининг ушбу жисмоний шахс билан меҳнат шартномасини тузиш учун тўғридан-тўғри, аниқ ифодаланган розилик билдириши тушунилади. Таклифнома иш берувчининг тегишли ваколатли мансабдор шахси томонидан ёзма ёки электрон шаклда юборилиши мумкин.

7. Алоҳида ҳолларда ходимни қайта ишга қабул қилиш

Давлат органларидаги ёки ходимларнинг вакиллик органларидаги сайлаб қўйиладиган лавозимларга сайланганлиги туфайли ишдан озод қилинган шахсларга уларнинг ваколатлари тугагандан кейин аввалги иши (лавозими) берилади, бундай иш (лавозим) мавжуд бўлмаганда эса бошқа тенг иш (лавозим) берилади.

8. Жамоа келишуви ёки шартномасига асосан қўшимча кафолатлар бериш

Жамоа келишуви ёки шартномасига асосан иш берувчи ходимларга бандлик ва ишга жойлаштириш юзасидан қўшимча кафолатлар берган бўлиши мумкин. Шу боисдан, ҳар битта ходим ўзи ишлаётган жойнинг жамоа шартномаси ёки келишуви билан танишиб боргани маъқул.

Саламат Туремуратов,

Hudud24.uz колумнисти

Улашиш: