Ўзбекистон
21.10.2026
48

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан “Муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш ойи” доирасида Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонасида “Кутубхона ва муаллифлик ҳуқуқи: кутубхоначи нималарни билиши керак?” мавзусида кутубхона ходимлари иштирокида ўқув машғулоти ўтказилди.

Ўқув машғулоти давомида кутубхона ходимларига кутубхона фаолиятида муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқларга риоя этиш, асарлардан фойдаланиш, уларни нусхалаш ҳамда фойдаланишга бериш тартиби, шунингдек, муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик масалалари тушунтирилди.

Таъкидланганидек, муаллифлик ҳуқуқи — фан, адабиёт ва санъат асарларини яратиш ҳамда улардан фойдаланиш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солувчи ҳуқуқий ҳимоя воситасидир. Ўзбекистонда ушбу соҳадаги асосий ҳужжатлардан бири 2006 йил 20 июлдаги ЎРҚ-42-сон «Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида»ги Қонун ҳисобланади.

Муаллифлик ҳуқуқи қуйидаги ижодий асарларга нисбатан татбиқ этилади:
китоблар, мақолалар, илмий ишлар ва бошқа ёзма асарлар;
мусиқа асарлари ва қўшиқлар;
фильмлар, видеолавҳалар ва бошқа аудиовизуал материаллар;
фотосуратлар, расмлар, графикалар ва дизайн ишлари;
архитектура асарлари;
компьютер дастурлари ва маълумотлар базалари;
қонунчиликда назарда тутилган бошқа ижодий асарлар.
Масалан, журналист тайёрлаган таҳлилий мақола, фотограф олган сурат ёки дизайнер яратган инфографика муаллифлик ҳуқуқи билан муҳофаза қилиниши мумкин.
Тадбирда йиғилганларга муаллиф ҳуқуқлари ҳақида маълумот берилди.
Муаллифлик ҳуқуқи, асосан, шахсий номулкий ва мулкий ҳуқуқларга бўлинади. Уларнинг ҳар бири муаллиф манфаатларини турли жиҳатдан ҳимоя қилади.
Шахсий номулкий ҳуқуқлар муаллифнинг ижодий шахси ва обрўси билан боғлиқ. Жумладан, муаллиф:
— асар муаллифи сифатида эътироф этилиш;
— ўз исми ёки тахаллуси билан, шунингдек қонунда белгиланган тартибда исм кўрсатилмаган ҳолда асардан фойдаланиш;
— асарни ошкор қилишга қарор бериш;
— асарнинг мазмуни ёки номини ўз шаъни ва қадр-қимматига зарар етказадиган тарзда бузиб кўрсатилишидан ҳимояланиш ҳуқуқига эга.
Мулкий ҳуқуқлар эса асардан фойдаланиш билан боғлиқ иқтисодий манфаатларни қамраб олади. Муаллиф асарни кўпайтириш, тарқатиш, омма эътиборига етказиш ва қонунда назарда тутилган бошқа усулларда фойдаланишни назорат қилиши, шунингдек тегишли ҳолларда ҳақ олиш ҳуқуқига эга. Бу ҳуқуқларнинг айримлари шартнома асосида бошқа шахсга ўтказилиши мумкин.
Шунингдек, тадбирда Ўзбекистонда муаллифлик ҳуқуқини бузганлик учун фуқаролик-ҳуқуқий, маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгилангани ҳақида маълумот берилди. Жазо ҳуқуқбузарликнинг хусусияти, етказилган зарар миқдори ва бошқа ҳолатларга қараб белгиланади.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 177¹-моддасига кўра, асарлардан қонунга хилоф равишда фойдаланиш, контрафакт нусхаларни тарқатиш ёки ҳуқуқ эгалари ҳақида ёлғон маълумот кўрсатиш учун жарима қўлланилиши мумкин.
Фуқароларга — БҲМнинг 1 бараваридан 5 бараваригача.
Мансабдор шахсларга — БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача.
Бундан ташқари, контрафакт нусхалар ва уларни тайёрлаш ёки тарқатишда фойдаланилган айрим воситалар мусодара қилиниши мумкин. Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил ичида такроран содир этилса, жарима миқдори ошади.
Тадбир якунида йиғилганлар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олишди.
Улашиш:
Бошқалар
Такси нархлари ошгани юзасидан ўрганишлар бошланди
Рақобат қўмитаси такси агрегаторларининг истеъмолчилар ва ҳайдовчиларга кўрсатаётган хизматлари юзасидан ўрганиш бошлади.
Маълумотларни ошкор қилиш учун қандай жарима бор?
Қонунга кўра, фуқарога маънавий ёки моддий зарар етказиши мумкин бўлган айрим маълумотлар сир сақланиши лозим.
Муддати ўтган озиқ-овқат маҳсулотларини сотганлик учун жарималар оширилади
Янги қоидаларнинг асосий мақсади — инсон саломатлиги ва ҳаёти учун хавф туғдириши мумкин бўлган маҳсулотларни ўз вақтида аниқлаш ва муомаладан чиқариш.
Йўл керакми, уй керакми?!
Сингапурда тирбандликни камайтириш учун автомобилдан фойдаланишнинг ўзи чекланган.