Ҳуқуқ
05.11.2026
80

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик ёки жиноят ҳолатларини аниқлаш жараёнида шахсни кўрикдан ўтказиш, ашёларни кўздан кечириш ва тинтув каби процессуал ҳаракатлар қўлланилади. Бироқ амалиётда ушбу тушунчалар кўпинча бир-бири билан адаштирилади.
Аслида, кўздан кечириш ва тинтувнинг мақсади, ўтказиш асослари, тартиби ҳамда шахс ҳуқуқларига таъсири бир-биридан фарқ қилади. Уларнинг ҳуқуқий жиҳатдан тўғри қўлланилиши фуқароларнинг шахсий дахлсизлиги ва мулк ҳуқуқини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.
Кўздан кечириш — муайян ашё, буюм ёки объектнинг ташқи ҳолати, хусусиятлари, ундаги белгилар ва ҳуқуқбузарликка алоқадор ҳолатларни аниқлашга қаратилган процессуал ҳаракатдир.
Масалан, ички ишлар органи ходими ҳуқуқбузарлик содир этилган жойда шахснинг сумкасидаги буюмларни, транспорт воситасини ёки бошқа ашёларни кўздан кечириши мумкин. Бунда асосий эътибор мавжуд ашёларнинг ҳолати ва уларнинг ҳуқуқбузарликка алоқадорлигини аниқлашга қаратилади.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 289-моддасига кўра, ашёларни кўздан кечириш, одатда, улар кимнинг мулки ёки эгалигида бўлса, ўша шахс иштирокида амалга оширилади. Кечиктириб бўлмайдиган ҳолларда эса ашёлар мулкдор ёки эгасининг иштирокисиз, икки нафар холис гувоҳ иштирокида ҳам кўздан кечирилиши мумкин.
Шунингдек, кўздан кечириш натижалари бўйича баённома тузилади ёки тегишли процессуал баённомага бу ҳақда қайд киритилади.
Тинтувнинг мақсади оддий кўздан кечиришдан фарқ қилади. Унинг асосий вазифаси — жиноят иши учун аҳамиятга эга бўлган, қаерда ёки кимда эканлиги аниқ маълум бўлмаган нарсалар, ҳужжатлар, электрон маълумотлар, шунингдек қидирилаётган шахсни топишдан иборат.
Масалан, жиноят содир этишда фойдаланилган қурол, ўғирланган мол-мулк ёки жиноятга алоқадор ҳужжатлар шахснинг уйида сақланаётган бўлиши мумкинлиги ҳақида асосли маълумотлар мавжуд бўлса, белгиланган процессуал тартибда тинтув ўтказилиши мумкин.
Жиноят-процессуал кодексининг 158-моддасига мувофиқ, тинтув ўтказиш учун жиноят иши учун аҳамиятли бўлган нарсалар, ҳужжатлар ёки электрон маълумотлар муайян жойда ёхуд муайян шахсда бўлиши мумкинлиги ҳақида етарли асослар бўлиши лозим.
Ушбу икки процессуал ҳаракатни бир-биридан ажратиб турувчи бир нечта муҳим жиҳатлар мавжуд.
Биринчидан, мақсади билан фарқ қилади. Кўздан кечиришда мавжуд ашё ёки объектнинг ҳолати, белгилари ва хусусиятлари ўрганилади. Тинтувда эса жиноят иши учун аҳамиятли бўлган нарсаларни қидириб топиш асосий мақсад ҳисобланади.
Иккинчидан, ўтказиш асослари билан фарқ қилади. Маъмурий иш юритишда шахсни кўрикдан ўтказиш ва ашёларни кўздан кечириш МЖтКнинг 285 ва 289-моддаларида белгиланган асослар ҳамда тартибда амалга оширилади. Жиноят ишида тинтув эса Жиноят-процессуал кодексида белгиланган асослар мавжуд бўлгандагина ўтказилади.
Учинчидан, ўтказиш тартиби билан фарқ қилади. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 289-моддаси шахсни кўрикдан ўтказишда унинг жинси билан бир жинсдаги шахслар ва шу жинсдаги икки нафар холис гувоҳ иштирок этишини назарда тутади. Ашёларни кўздан кечириш эса, одатда, мулкдор ёки эгасининг иштирокида амалга оширилади.
Тинтувда эса Жиноят-процессуал кодексида белгиланган алоҳида процессуал кафолатларга риоя этилиши шарт. Жумладан, тинтувда холислар, зарурат бўлганда мутахассис ва таржимон иштирок этади. Турар жойда тинтув ўтказилаётганда, қоида тариқасида, шу уйда яшовчи шахс ёки унинг вояга етган оила аъзоларидан бири иштирок этиши таъминланади.
Тўртинчидан, мажбурлов хусусияти билан фарқ қилади. Кўздан кечиришда объектни ўрганиш асосий ўринда турса, тинтувда қидирилаётган ашёларни топиш учун бинолар, хоналар ва бошқа жойларни текшириш, яширилган буюмларни аниқлаш каби ҳаракатлар амалга оширилиши мумкин.
Жиноят-процессуал кодексида тинтув ўтказишнинг алоҳида процессуал тартиби белгиланган. Умумий қоидага кўра, прокурор, терговчи ёки суриштирувчи тинтув ўтказиш заруратини асослаб, судга тегишли илтимоснома киритиш тартибида ҳаракат қилади.
ЖПКнинг 158¹–158³-моддаларига мувофиқ, тинтув ўтказиш тўғрисидаги илтимоснома тергов судьяси томонидан кўриб чиқилади. Судья тинтув ўтказишга рухсат бериш ёки уни рад этиш ҳақида ажрим чиқаради.
Бироқ қонунчиликда кечиктириб бўлмайдиган ҳолатлар учун истисно ҳам назарда тутилган. Бундай ҳолларда тинтув терговчи ёки суриштирувчининг қарори асосида суднинг розилигисиз ўтказилиши мумкин. Лекин кейинчалик суд ва прокурор ўтказилган тинтув ҳақида 24 соат ичида хабардор қилиниши шарт. Судья келиб тушган материаллар асосида тинтувнинг қонунийлигини 48 соат ичида текширади.
Агар судья тинтувни қонунга хилоф деб топса, уни ўтказиш чоғида олинган барча далиллар номақбул деб топилади.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан кўздан кечириш ёки тинтув ўтказилаётганда фуқаролар процессуал ҳаракатнинг ҳуқуқий асосини билишга ҳақли.
Жумладан, қандай ҳаракат ўтказилаётгани, унинг мақсади ва ҳуқуқий асослари ҳақида маълумот олиш, тинтув ўтказилаётган бўлса, тегишли қарор ёки суд ажрими билан танишиш, жараёнда ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш муҳимдир.
Жиноят-процессуал кодексининг 160-моддасига кўра, тинтув ўтказилаётган шахс, холислар ва бошқа иштирокчиларга суриштирувчи ёки терговчининг ҳаракатлари юзасидан арз қилиш ҳуқуқи тушунтирилиши керак. Бундай арзлар баённомада акс эттирилади.
Шунингдек, тинтув натижасида олинган нарсалар, ҳужжатлар ва электрон маълумотлар иштирокчиларга кўрсатилади, баённомада тўлиқ акс эттирилади ҳамда зарурат бўлганда ўралиб, муҳрланади.
Кўздан кечириш ва тинтув бир-бирига ўхшаш жиҳатларга эга бўлса-да, уларнинг ҳуқуқий табиати ва мақсади турлича. Кўздан кечириш мавжуд ашё ёки объектнинг ҳолатини ўрганишга қаратилган бўлса, тинтув жиноят иши учун аҳамиятли бўлган ашё, ҳужжат ёки электрон маълумотларни қидириб топишга қаратилган процессуал ҳаракатдир.
Феруз Жўраев,
"Адолат" МҲАМ масъул ходими
Улашиш:
Бошқалар
Такси нархлари ошгани юзасидан ўрганишлар бошланди
Рақобат қўмитаси такси агрегаторларининг истеъмолчилар ва ҳайдовчиларга кўрсатаётган хизматлари юзасидан ўрганиш бошлади.
Маълумотларни ошкор қилиш учун қандай жарима бор?
Қонунга кўра, фуқарога маънавий ёки моддий зарар етказиши мумкин бўлган айрим маълумотлар сир сақланиши лозим.
Йўл керакми, уй керакми?!
Сингапурда тирбандликни камайтириш учун автомобилдан фойдаланишнинг ўзи чекланган.
Коммунал хизматлар учун аҳолидан асоссиз тўловлар олингани аниқланди
Асоссиз ҳисобланган маблағлар қайта ҳисоб-китоб қилинди.