Содда талқин
27.03.2026
47

Инсон қадри устувор бўлган жамиятда фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларнинг ижтимоий таъминотга бўлган ҳуқуқларини кафолатлаш давлат сиёсатининг стратегик йўналиши ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Конституцияси ва янгиланган Меҳнат кодексида ҳар бир шахснинг муносиб меҳнат қилиш, дам олиш ва қариганда ижтимоий таъминот олиш ҳуқуқлари қатъий мустаҳкамланган. Ушбу ҳуқуқларни юридик жиҳатдан рўйобга чиқаришда эса меҳнат дафтарчаси энг муҳим ҳуқуқий ҳужжат вазифасини бажариб келмоқда.
Меҳнат дафтарчаси — бу ходимнинг меҳнат фаолияти ва иш стажини тасдиқловчи асосий восита бўлиб, у нафақат ўтмишдаги иш тажрибасини акс эттиради, балки келажакдаги пенсия таъминоти ва ижтимоий нафақалар миқдорини белгилашда фундаментал ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.
Ундаги қайдлар ходимнинг касбий малакаси, интизоми ва лавозим босқичларидан ўтиш тарихини юридик жиҳатдан белгилаб боради.
Шу боис, меҳнат дафтарчасининг ҳуқуқий табиатини ўрганиш ходим ва иш берувчи ўртасидаги муносабатларни адолатли тартибга солишда муҳим аҳамиятга эга.
Бугунги кунда рақамли иқтисодиёт ва давлат бошқарувини трансформация қилиш шароитида меҳнат дафтарчасининг шакли ва юритилиши тубдан ислоҳ қилинмоқда. Хусусан, "Ягона миллий меҳнат тизими" (ЯММТ) идоралараро дастурий-аппарат комплексининг жорий этилиши билан қоғоз шаклидаги меҳнат дафтарчаларидан электрон меҳнат дафтарчаларига ўтиш жараёни изчиллик билан амалга оширилмоқда.
Бу ислоҳот меҳнат муносабатларида шаффофликни таъминлаш, ҳужжатларни сохталаштириш хавфини камайтириш ва фуқаролар учун ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш имконини бермоқда.
Лозим даражада тасдиқланган қоғоз ёки электрон шаклидаги меҳнат дафтарчаси ходимнинг меҳнат стажини тасдиқловчи ва жисмоний шахснинг меҳнат фаолияти тўғрисидаги верификация қилинган маълумотларни ўз ичига олган асосий ҳужжатдир.
Электрон шаклдаги меҳнат дафтарчаси меҳнат шартномасини рўйхатга олиш, тузиш, унга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек уни бекор қилиш чоғида автоматик режимда «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплексида шакллантирилади.
Ишга қабул қилиш, бажариладиган иш, бошқа ишга ўтказиш ва меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига оладиган, ходимнинг меҳнат фаолияти ва меҳнат стажи ҳақидаги ахборот меҳнат фаолияти тўғрисидаги маълумотлардир.
Иш берувчи (бундан жисмоний шахслар бўлган иш берувчилар мустасно) ташкилотда беш кундан ортиқ ишлаган барча ходимлар учун меҳнат дафтарчаларини юритиши шарт.
Иш берувчи ишга қабул қилиш, бошқа ишга доимий ўтказиш ва меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги маълумотларни меҳнат дафтарчасига ҳамда «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплексига киритиши шарт. Ходимнинг ёзма аризасига кўра асосий иш жойидаги иш берувчи меҳнат дафтарчасига ўриндошлик асосида ишлаган ва вақтинча бошқа иш берувчига хизмат сафарига юборилган даврлар ҳақидаги ёзувларни киритади. Меҳнат шартномасини бекор қилиш асослари (сабаблари) меҳнат дафтарчасига ёзилмайди.
Электрон меҳнат дафтарчасини шакллантириш ва ходимнинг меҳнат фаолияти тўғрисидаги маълумотларни верификация қилиш тартиби қонунчиликда белгиланади.
Ходим меҳнат фаолияти ҳақидаги маълумотларни:
охирги иш жойидаги иш берувчидан ушбу иш берувчида ишлаган давр учун — лозим даражада тасдиқланган қоғозда ёки иш берувчининг электрон рақамли имзоси билан имзоланган электрон ҳужжат тарзида;
меҳнат органида — лозим даражада тасдиқланган қоғозда ёки ваколатли шахснинг электрон рақамли имзоси билан имзоланган электрон ҳужжат шаклидаги электрон ташувчида олишга ҳақлидир.
Иш берувчи ходимга иш берувчида ишлаган даври учун меҳнат фаолияти тўғрисидаги маълумотларни ходимнинг ёзма шаклда берилган ёки иш берувчининг электрон почта манзилига юборилган аризасида кўрсатилган усулда (лозим даражада тасдиқланган қоғозда ёки иш берувчининг электрон рақамли имзоси билан имзоланган электрон ҳужжат тарзида) қуйидагича тақдим этиши шарт:
ишлаш даврида — ушбу ариза берилган кундан эътиборан уч иш кунидан кечиктирмай;
меҳнат шартномасини бекор қилишда — шартнома бекор қилинган кунда.
Бекжон Исмаилов,
"Адолат" МҲАМ ходими
Улашиш:
Бошқалар
Декретга чиқмасдан ишлаш мумкинми?
Йўриқномага эътибор қаратилса, аёлга ҳомиланинг 30 ҳафтасидан меҳнатга лаёқатсизлик варақаси берилади
Масофадан ишлаш тартиби: ходимлар нимани билиши керак?
Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси 453-моддасида масофадан туриб ишлашнинг ҳуқуқий тартиби белгиланган.
Ижро интизоми бўйича сертификат олиш тартибини биласизми?
Низомга мувофиқ, ижро интизоми учун масъул ходимлар ҳар уч йилда камида бир марта малака ошириш курсларини ўташи шарт.
Иш берувчи алоҳида асослар бўйича меҳнат шартномасини бекор қилган ходимларни қайта ишга қабул қилиш тартиби қандай?
Ҳарбий хизматга чақирилган (кирган), лекин кейинчалик захирага бўшатилган ёки истеъфога чиқарилган ходим, агар у ҳарбий хизматга чақирилган (кирган) кундан эътиборан кўпи билан уч ой ўтган бўлса, аввалги иш жойига (лавозимига) қайтиш ҳуқуқига эга.