currencies image

12 011,02 UZS

49,13

usd

currencies image

13 958,01 UZS

106,54

eur

currencies image

148,08 UZS

0,79

ru



АсосийЯнгиликларМиси чиққан уста

Миси чиққан уста

Суд очерклари

calendar

20.07.2026

eye

890

Миси чиққан уста

Ишонч – инсонлар ўртасидаги энг қимматли нарса. Айниқса, бирга ишлаб, бир дастурхонда нон-туз еган одамлар учун ишончнинг қадри бўлакча. Аммо баъзан ана шу ишонч  ўрнини  очкўзлик эгаллаши оқибатида одамзот  панд ейди, жуда кўп нарсаларидан мосуво бўлади, ҳатто суднинг қора курсисига  ўтирадиган даражада тубанлашади.

1982 йилда туғилган Шокир Ортиқов ( исм-шарифлар ўзгартирилган)  ёз кунларининг бирида аввал ҳам бирга қурилиш ишларида шерикчилик билан ишлаган таниши Элёр Ғаниевнинг таклифи билан Ғиждувондан Навоий шаҳрига ишлаш учун келади. Улар қурилиш-таъмирлаш ишлари давом этаётган хонадонда биргаликда иш бошлайди. Ишдан кейин кечки овқатланиш учун чойхонага бориб, оз-оздан спиртли ичимлик ҳам ичишади. Кейин дам олиш учун ишлаётган хонадонга қайтишади, чарчаган Элёр ухлаб қолади. Бундан фойдаланган Шокир унинг ёнида турган 1 миллион 500 минг сўмлик “Redmi 10a” русумли уяли телефонни олиб, уйдан чиқиб кетади. Афсуски,  шу билан кифояланмайди. Ўғирланган телефон кодланмаганини билгач, ундан яна бир қинғир режасини амалга ошириш воситаси сифатида фойдаланади. У қурилиш ишларига буюртма берган Манзура Турдиевага айнан Элёрнинг телефон рақамидан қўнғироқ қилади. Шериги Элёрнинг соғлиги ёмонлашиб, оғир аҳволга тушиб қолгани, уни шифокорга олиб бориш ва дори-дармон учун зудлик билан 1 миллион сўм зарурлигини айтиб, аёлни алдайди.

Телефон рақам танишлиги ва воқеа ярим тунда содир бўлгани сабабли Манзура Турдиева асло шубҳага бормайди. Шокирнинг ҳамма гапларига ишониб, тунги соат 03:00 да у билан учрашиб, унга 1 миллион сўм пул беради. Олижаноб дўст ролига кирган фирибгар Шокир эса ушбу маблағни шахсий эҳтиёжларига сарфлаб юборади.

Тонг отганда воқеанинг ҳақиқий манзараси аён бўлади. Элёр уйқудан уйғониб, телефони йўқолганини, шериги эса ғойиб бўлганини билади. Шокирдан дарак бўлмайди. Орадан бир муддат ўтиб қурилиш буюртмачиси ҳам келиб, телефон қўнғироқларига жавоб бермаганидан норозилигини билдиради.  Элёр телефони ўғирланганини айтади.  Шунда телефони йўқолган тунда унинг телефонидан қўнғироқ бўлгани ва унинг номидан 1 миллион сўм пул олиб кетилганидан хабар топади. Шунда телефонни ўғирлаган ҳам, фирибгарлик билан пул  олган ҳам айнан бир шахс экани маълум бўлади.

Устаси фаранг уста Шокир Ортиқовнинг фириби фош бўлди. У тезда қўлга тушди. Тергов жараёнида айбига иқрор бўлган йигит судда берган кўрсатмасида буларнинг барчаси  спиртли ичимлик таъсири экани, пулга эҳтиёжи бўлгани учун шеригининг телефонини ўғирлаганини, шу телефон орқали буюртмачи аёлни алдаб ундан пул олганини, телефонни  номаълум шахсга сотиб, маблағини шахсий эҳтиёжларига ишлатганини тан олди.

Жабрланувчи М.Турдиевага етказилган зарар суд муҳокамасига қадар қоплангани сабабли у судланувчига нисбатан даъвоси йўқлигини билдирди.

Суд томонидан далилларга ҳуқуқий баҳо берилиб, унинг муқаддам судланмагани, қарамоғида уч нафар фарзанди борлиги, ўз қилмишидан пушаймонлиги инобатга олиниб, судланувчига Жиноят кодексининг тегишли моддасини қўллаб жазо тайинланди.

Начора, қилмиш-қидирмиш. Ҳалол меҳнат билан пул топиш ўрнига эгри йўлни танлаб, хато қилган йигит унга яхшилик қилиб ишга олиб келган шериги олдида ҳам юзи қора бўлди. Ҳам ишончни йўқотди, ҳам  болаларининг насибасига хиёнат қилди.

Дилобар ПАРДАЕВА,
                                      жиноят ишлари
бўйича Навоий шаҳар суди судьяси,

 

Маруса ҲОСИЛОВА,
    “Инсон ва қонун” мухбири

Улашиш: