Life Style
26.03.2026
33

Меҳнат муносабатларида муддатли шартномалар кенг қўлланилади. Бироқ айрим ҳолатларда бундай шартномалар белгиланган муддатдан олдин бекор қилиниши мумкин. Ана шундай вазиятларда тарафларнинг молиявий жавобгарлиги қандай бўлади?
Меҳнат кодексининг 159-моддасига кўра, агар муддатли меҳнат шартномаси муддатидан олдин бекор қилинса, шартномада неустойка (жарима) тўлаш мажбурияти назарда тутилган бўлиши мумкин. Яъни, тарафлар олдиндан бу масалани келишиб қўйиш ҳуқуқига эга.
Агар иш берувчи шартномани ходимнинг айби бўлмаган ҳолатда ўз ташаббуси билан бекор қилса, у ҳолда иш берувчи ходимга неустойка тўлаши шарт бўлади. Бу ходимни асоссиз равишда ишдан бўшатишнинг олдини олишга хизмат қилади.
Аксинча, агар меҳнат муносабатлари ходимнинг ўз ташаббуси билан ёки унинг айбли ҳаракатлари сабаб бекор қилинса, ходим иш берувчига неустойка тўлайди.
Шу билан бирга, муҳим жиҳат шундаки, агар меҳнат шартномасида неустойканинг миқдори аниқ белгиланмаган бўлса, тарафлар уни тўлашдан озод этилади. Яъни, бу мажбурият фақат шартномада кўрсатилган тақдирдагина амал қилади.
Неустойка миқдори ҳар бир ҳолатда алоҳида белгиланади. Бунда иш берувчининг ходим учун қилган харажатлари, ходимнинг ишлаб берган даври ва бошқа омиллар ҳисобга олинади. Бироқ қонун яна бир муҳим чекловни белгилайди: ходим тўлайдиган неустойка миқдори иш берувчи тўлайдиган суммадан ошиб кетиши мумкин эмас.
Айрим ҳолатларда эса ходим умуман неустойка тўлашдан озод этилади. Хусусан, Меҳнат кодексининг 160-моддасида кўрсатилган асослар мавжуд бўлса ва ходим шартномани шу сабаблар билан бекор қилса, ундан жарима ундирилмайди.
Агар тарафлардан бири неустойка тўлашдан бош тортса, ушбу масала суд тартибида ҳал этилади.
Хулоса қилиб айтганда, муддатли меҳнат шартномасини муддатидан олдин бекор қилишда неустойка масаласи муҳим аҳамиятга эга бўлиб, у тарафларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилади. Шунинг учун шартнома тузишда бу бандга алоҳида эътибор қаратиш тавсия этилади.
Зиёвуддин Намозов,
"Адолат" МҲАМ ходими
Улашиш:
Бошқалар
Декретга чиқмасдан ишлаш мумкинми?
Йўриқномага эътибор қаратилса, аёлга ҳомиланинг 30 ҳафтасидан меҳнатга лаёқатсизлик варақаси берилади
Ногиронлар учун махсус тўхташ жойларига қўйилган ҳуқуқий талаблар
Ногиронлиги бўлган шахслар автотранспорт воситаларининг тўхтаб туриш жойлари тўхтаб туриш жойи умумий майдонининг камида 5 фоизини (камида 2 та жой) ташкил этиши лозим.
Масофадан ишлаш тартиби: ходимлар нимани билиши керак?
Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси 453-моддасида масофадан туриб ишлашнинг ҳуқуқий тартиби белгиланган.
Ижро интизоми бўйича сертификат олиш тартибини биласизми?
Низомга мувофиқ, ижро интизоми учун масъул ходимлар ҳар уч йилда камида бир марта малака ошириш курсларини ўташи шарт.