Ўзбекистон
24.07.2025
420
Оила кодексининг 38-моддасига асосан, одатда, никоҳдан ажратиш суд тартибида амалга оширилади. Бироқ, кодекснинг 42 ва 43-моддаларида айрим истисно ҳолатлар назарда тутилган бўлиб, уларда никоҳ фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида (ФҲДЁ) ажратилиши мумкин.
Оила кодексининг 42-моддасига кўра, агар эр-хотиннинг вояга етмаган фарзандлари (шу жумладан, фарзандликка олинганлари) бўлмаса ва улар ўзаро розилик билдирса, никоҳ ФҲДЁ органида бекор қилинади.
Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 20 октябрдаги 550-сон қарори билан тасдиқланган Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш қоидаларининг 101-бандига кўра, Оила кодексининг 42 ва 218-моддаларига мувофиқ, агар эр-хотин ўртасида:
— Вояга етмаган болалари (шу жумладан, фарзандликка олинганлари ва ҳомиладорлиги) бўлмаса;
— Мулкий низоларнинг мавжуд бўлмаса;
— Тарафлар никоҳдан ажрашишга ўзаро розилик билдирса ФҲДЁ органи томонидан никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ариза қабул қилинади. Акс ҳолда, яъни юқоридаги шартлардан бирортаси бузилса, ажрим фақат суд тартибида амалга оширилади.
ФҲДЁ орқали бир томонлама ажрашиш мумкинми?
Албатта қонунчиликда тарафларнинг ҳуқуқларини кафолатлашга доир бир қатор нормальар ҳам мавжуд. Улардан бири эр-хотиндан бирининг аризаси бўйича ҳам ФҲДЁ органи томонидан никоҳдан ажратиш мумкин.
Оила кодексининг 43-моддасига кўра қуйидаги ҳолатларда эр-хотиндан бирининг аризаси бўйича ФҲДЁ органи томонидан никоҳни бекор қилиши мумкин:
— агар турмуш ўртоғи суд томонидан бедарак йўқолган деб топилган бўлса;
— суд қарори билан руҳий касаллик ёки ақлий заифлик сабабли муомалага лаёқатсиз деб эътироф этилган бўлса;
— жиноят содир этганлик учун суд томонидан 3 йилдан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум этилган бўлса.
Бу ҳолларда вояга етмаган фарзандлар борлигидан қатъи назар, ФҲДЁ орқали никоҳдан ажратиш мумкин бўлади.
Ариза электрон шаклда топшириладими?
Ҳа. Агар никоҳ Ўзбекистон Республикаси ФҲДЁ органида қайд этилган бўлса, Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали ариза электрон шаклда юборилиши мумкин. Бу жараёнда Face-ID ёки MyID орқали шахсни тасдиқлаш орқали эр-хотин розилиги расмийлаштирилади.
ФҲДЁ орқали ажрашишда ярашиш учун муддат қўлланиладими?
Оила кодексининг 218-моддасига асосан ўртада вояга етмаган болалари ва мулкий низолари мавжуд бўлмаган ҳолда эр-хотин ўзаро розилик асосида никоҳдан ажрашиш учун ариза берганда уч ой муҳлат берилади.
Бу муддат ичида ФҲДЁ органлари эр-хотинни яраштириш бўйича тегишли чоралар кўриш учун эр-хотиннинг бирга яшаш жойидаги фуқаролар йиғинининг яраштириш комиссиясини, агар улар бирга яшамаётган бўлса, ҳар бирининг яшаш жойидаги фуқаролар йиғинининг яраштириш комиссиясини ариза берилган кундан эътиборан уч кундан кечиктирмасдан ёзма равишда хабардор қилади.
Мазкур муддат ўтгач тарафларни яраштиришнинг имкони бўлмаса, ФҲДЁ органи томонидан никоҳдан ажратиш қайд этилади.
ФҲДЁ органи орқали никоҳдан ажрашишда давлат божи тўланадими?
Ҳа. “Давлат божи тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, ФҲДЁ органи орқали никоҳ бекор қилинган ҳолларда эр-хотинлардан бири ёки иккаласи томонидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 1,5 баравари миқдорида давлат божи тўланади. Агар ажрим фақат бир томонлама расмийлаштирилса, бож тўлиқ миқдорда ундирилади.
А.Мустафаева,
Юнусобод туман 2-сон
ФХДЁ бўлими мудираси
Улашиш:
Бошқалар
Автомобилда газ баллонларидан фойдаланиш юзасидан тавсиялар
Автомобилларга ўрнатилган газ баллонларининг хавфсиз ва ишончли ишлашини таъминлашда, унинг фойдаланиш муддати асосий мезонларидан бири ҳисобланади.
Жиноят ишларда ярашув амалиётини қўллаш тартиби
Ярашув тўғрисидаги ишлар бўйича суд муҳокамаси жиноят иши судга келган пайтдан эътиборан ўн суткадан кечиктирмай ўтказилади.
Никоҳланувчилардан бири носоғлом бўлса, никоҳ тузиладими?
Оила кодексининг 14-моддасига кўра, никоҳ фақат тарафларнинг ўзаро розилиги асосида тузилади.
Декрет пули декретдан декретга уланса неча фоиз тўлаб берилади?
Декрет пули бу аёллар ҳомиладорлик ва туғруқ таътили вақтида оладиган нафақа пули.