Ҳуқуқ
09.06.2026
76

Ўзбекистон Республикасининг Ўзбекистон Республикасининг “Нотариат тўғрисида” ги Қонунида нотариат жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлашга даъват этилган ҳуқуқий институт сифатида белгиланган. Ушбу таъриф нотариатнинг вазифаси фақат ҳужжатларни тасдиқлаш билан чекланмаслигини, балки ҳуқуқий муносабатларда ишончлилик, аниқлик ва низоларнинг олдини олишга хизмат қилишини кўрсатади.
Нотариус ижро хати айнан шу институтнинг амалий кўринишларидан биридир. У кредиторнинг низосиз талабини мажбурий ижрога йўналтиришга хизмат қилади. Бунда нотариус низони ҳал қилмайди, тарафлар ўртасидаги ҳуқуқий баҳсга суд каби якуний ҳуқуқий баҳо бермайди. Аксинча, у тақдим этилган ҳужжатлар асосида қарздорликнинг мавжудлиги шубҳасиз тасдиқланган ёки тасдиқланмаганлигини текширади. Шундай экан, ижро хати нотариал ҳаракат сифатида судга муқобил низо ҳал қилиш шакли эмас, балки низосиз талабларни ижрога қаратишнинг махсус ҳуқуқий воситаси ҳисобланади.
Бугунги кунда иқтисодий ва фуқаролик муомаласида қарздорликни ундириш масаласи долзарб аҳамият касб этмоқда. Айниқса, ижара тўловлари, коммунал хизматлар, алоқа хизматлари, кўп квартирали уйлардаги мажбурий бадаллар, нотариал тасдиқланган битимлар бўйича қарздорлик каби ҳолатларда талабнинг мавжудлиги кўпинча ҳужжатлар орқали аниқланиши мумкин. Бундай вазиятларда ҳар бир талабни суд орқали ҳал қилиш судлар юкламасининг ортишига, кредитор ҳуқуқларининг тикланиши чўзилишига ва фуқаролик муомаласида мажбуриятлар ижросининг сустлашишига олиб келиши мумкин.
Шу нуқтаи назардан нотариус ижро хати институти фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларда муҳим амалий вазифани бажаради. У, бир томондан, кредиторнинг ҳуқуқларини тезкор ҳимоя қилиш имконини беради; иккинчи томондан, қарздорнинг ҳуқуқларини ҳам бутунлай четлаб ўтмайди. Чунки ижро хати ёзилгандан сўнг қарздорга ушбу ҳужжат юзасидан эътироз билдириш имконияти берилади. Низомга кўра, қарздор ижро хати нусхаси юборилган кундан эътиборан ўн кунлик муддатда ижро хатини бекор қилишни сўраб нотариусга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
Нотариат фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларда ишонч, аниқлик ва ҳуқуқий хавфсизликни таъминловчи институтлардан биридир. Фуқаролик муомаласида битимларнинг ҳақиқийлиги, тарафларнинг эрки, ҳужжатларнинг қонунийлиги ва уларнинг кейинчалик ижро қилиниши муҳим аҳамиятга эга. Айнан нотариус ушбу жараёнда ҳуқуқий кафолатловчи субъект сифатида иштирок этади. “Нотариат тўғрисида”ги Қонуннинг 1-моддасида нотариатнинг асосий вазифаси нотариал ҳаракатларни ва улар билан боғлиқ ҳуқуқий ҳамда техник тусдаги ҳаракатларни амалга ошириш орқали жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш сифатида ифодаланган. Ушбу қоида нотариатнинг фуқаролик муомаласидаги учта асосий функциясини ажратиб кўрсатишга имкон беради.
Биринчидан, нотариат тасдиқловчи функцияни бажаради. Яъни нотариус битимлар, ишончномалар, аризалар, меросга оид ҳужжатлар ва бошқа юридик аҳамиятга эга ҳужжатларни қонунчилик талабларига мувофиқ тасдиқлайди.
Иккинчидан, нотариат превентив функцияга эга. Нотариус ҳужжатни расмийлаштиришдан аввал тарафларнинг шахсини, ҳуқуқ ва муомала лаёқатини, ваколатларини, ҳужжатларнинг қонунийлигини текширади. Бу эса келгусида низолар юзага келишининг олдини олишга хизмат қилади.
Учинчидан, нотариат айрим ҳолларда ижро функциясини ҳам бажаради. Ижро хати институти айнан шу функциянинг ифодасидир. Бунда нотариус томонидан ёзилган ижро хати кредитор талабини мажбурий ижро тартибида амалга оширишга асос бўлади. Шу боис ижро хати нотариат институтининг фақат ҳужжатларни тасдиқлаш эмас, балки фуқаролик ҳуқуқларини амалий ҳимоя қилишдаги фаол ролини кўрсатади.
Нотариус ижро хати ўз ҳуқуқий табиатига кўра мураккаб институт ҳисобланади. У бир томондан нотариал ҳаракат натижаси бўлса, иккинчи томондан мажбурий ижрога асос бўладиган ҳужжат сифатида намоён бўлади. Шу сабабли уни оддий маълумотнома, тасдиқловчи ёзув ёки шартнома нусхаси билан тенглаштириб бўлмайди.
Ижро хатининг асосий белгиси шундаки, у қарздорликни ундиришни суд қарорисиз амалга ошириш имконини беради. Бироқ бу ҳолат нотариус суд ваколатини амалга оширади, деган маънони англатмайди. Суд низоли талабларни ҳал қилади, далилларни баҳолайди, тарафлар ўртасидаги баҳсга якуний ҳуқуқий ечим беради. Нотариус эса фақат ҳужжатлар асосида қарздорликнинг шубҳасизлигини текширади. Агар талаб низоли бўлса ёки қарздор асосли эътироз билдирса, масала суд тартибида кўрилиши лозим.
“Нотариат тўғрисида” ги Қонуннинг 78-моддасига кўра, ижро хати тақдим этилган ҳужжатлар қарздорнинг ундириб олувчидан қарздор эканлиги ёки бошқа мажбуриятини шубҳасиз тасдиқлаган ҳамда даъво қилиш ҳуқуқи вужудга келган кундан бошлаб уч йилдан ортиқ вақт ўтмаган ҳолларда ёзилади. Ушбу норма ижро хатининг ҳуқуқий табиатини белгиловчи икки асосий мезонни кўрсатади: талабнинг шубҳасизлиги ва муддатга риоя қилинганлиги.
Шубҳасизлик мезони шуни англатадики, нотариус тақдим этилган ҳужжатлар орқали қарздорликнинг мавжудлигини аниқ кўра олиши керак. Агар қарздорлик миқдори, унинг келиб чиқиш асоси ёки мажбуриятнинг бажарилмаганлиги борасида баҳс мавжуд бўлса, бундай талаб ижро хати орқали эмас, балки суд тартибида ҳал қилиниши зарур.
Муддат мезони эса ижро хатини чекланмаган вақт давомида олиш мумкин эмаслигини билдиради. Қонун умумий қоида сифатида даъво қилиш ҳуқуқи вужудга келган кундан бошлаб уч йиллик муддатни белгилайди. Агар қонунчиликда айрим талаблар учун бошқа муддат кўрсатилган бўлса, ижро хати ана шу махсус муддат ичида берилади.
Шу асосда ижро хатини қуйидагича таърифлаш мумкин: нотариус ижро хати бу қарздорлик ёки бошқа мажбурият тақдим этилган ҳужжатлар билан шубҳасиз тасдиқланган ҳолларда, кредитор талабини мажбурий ижрога йўналтиришга хизмат қилувчи нотариал ҳужжатдир.
Нотариус ижро хати ҳар қандай қарздорлик бўйича эмас, балки қонунчиликда аниқ белгиланган, низосиз ва ҳужжатлар билан тасдиқланган талаблар бўйича ёзилади. Бу жиҳат ижро хати институтининг ҳуқуқий чегарасини белгилайди. Яъни ижро хати кредиторнинг ҳар қандай даъвосини тезлаштирилган тартибда ундириш воситаси эмас, балки фақат қарздорликнинг мавжудлиги шубҳа туғдирмайдиган ҳолатларда қўлланиладиган махсус нотариал ҳаракатдир.
“Нотариат тўғрисида”ги Қонуннинг 78-моддасида ижро хати ёзишнинг умумий шартлари белгиланган. Унга кўра, тақдим этилган ҳужжатлар қарздорнинг ундириб олувчидан қарздор эканлигини ёки бошқа мажбуриятини шубҳасиз тасдиқлаган тақдирда ижро хати ёзилиши мумкин. Бундан ташқари, мажбурият бажарилмаганлиги сабабли даъво қилиш ҳуқуқи вужудга келган кундан бошлаб уч йилдан ортиқ вақт ўтмаган бўлиши керак.
Мазкур қоидадан келиб чиқиб, ижро хатини ёзиш учун учта асосий шарт мавжудлигини кўрсатиш мумкин.
Биринчидан, қарздорлик ёки мажбурият ҳужжатлар билан тасдиқланган бўлиши керак. Нотариус оғзаки баёнотлар, тахминлар ёки тарафлардан бирининг субъектив фикри асосида ижро хати ёзмайди. Қарздорликнинг мавжудлиги шартнома, ҳисобварақ, билдиришнома, қарздорлик фактини тасдиқловчи ҳужжат ёки бошқа ёзма далиллар билан асосланиши зарур.
Иккинчидан, талаб низосиз бўлиши лозим. Низосиз талаб деганда, қарздорликнинг мавжудлиги, миқдори, муддати ва мажбуриятнинг бажарилмаганлиги тақдим этилган ҳужжатлардан аниқ кўриниб турадиган ҳолат тушунилади. Агар қарздорлик миқдори юзасидан баҳс мавжуд бўлса ёки мажбуриятнинг бажарилган-бажарилмаганлиги қўшимча далилларни текширишни талаб этса, бундай масала нотариал тартибда эмас, суд тартибида ҳал қилиниши керак.
Учинчидан, муддатга риоя қилинган бўлиши керак. Умумий қоидага кўра, даъво қилиш ҳуқуқи вужудга келган кундан бошлаб уч йилдан ортиқ вақт ўтган бўлса, нотариус ижро хати ёзмаслиги лозим. Бу талаб ҳуқуқий аниқликни таъминлайди ва муддати ўтган талабларни нотариал тартибда ижрога қаратишнинг олдини олади.
Адлия вазирининг 2026-йил 13-январдаги буйруғи билан тасдиқланган Низомда ушбу умумий шартлар янада аниқлаштирилган. Низомга кўра, нотариуслар базавий ҳисоблаш миқдорининг бир минг бараваригача бўлган фуқаролик-ҳуқуқий низосиз талаблар бўйича ижро хати ёзади. Бундай талаблар жумласига нотариал тасдиқланган битимларга асосланган талаблар, ёзма ва нотариал тасдиқланган битим мавжуд бўлган тақдирда кўчар мол-мулкка ундирув қаратиш тўғрисидаги талаблар, шунингдек ижара тўловлари, кўп квартирали уйлардаги мажбурий бадаллар, коммунал ва алоқа хизматлари бўйича қарздорликни ундириш талаблари киради.
Бу тартибнинг муҳим жиҳати шундаки, ижро хати институти айнан фуқаролик муомаласида тез-тез учрайдиган, одатда ҳужжатлар орқали аниқланиши мумкин бўлган қарздорлик ҳолатларига қаратилган. Масалан, коммунал хизматлар бўйича қарздорлик, ижара тўловларининг ўз вақтида тўланмаганлиги ёки нотариал тасдиқланган шартнома бўйича мажбурият бажарилмаганлиги одатда тегишли ҳужжатлар орқали текширилиши мумкин. Шу сабабли бундай талабларни ҳар доим судга олиб чиқиш фуқаролик муомаласининг тезкорлиги ва суд тизими самарадорлиги нуқтаи назаридан мақсадга мувофиқ эмас.
Шу билан бирга, ижро хати қўлланиладиган талаблар доирасининг чекланганлиги қарздор ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ҳам хизмат қилади. Чунки мураккаб, низоли, далилларни баҳолашни талаб қиладиган талаблар нотариус томонидан эмас, суд томонидан ҳал қилиниши лозим. Демак, ижро хати институти суд юрисдикциясини алмаштирмайди, балки фақат аниқ, шубҳасиз ва ҳужжатлар билан тасдиқланган қарздорликларни тезкор ижрога йўналтиришга хизмат қилади.
Ижро хатини ёзиш тартиби оддий нотариал тасдиқлаш жараёнидан фарқ қилади. Чунки ижро хати бевосита мажбурий ижрога асос бўлиши мумкин бўлган ҳужжатдир. Шунинг учун Низомда мурожаат қилиш, шахсни аниқлаш, ҳужжатларни текшириш, ижро хати лойиҳасини тайёрлаш, тўловларни амалга ошириш ва ижро хатини юбориш тартиби батафсил белгиланган.
Аввало, мурожаат қилувчи ижро хатини ёзиш учун нотариал идорага бевосита келиши ёки электрон тарзда мурожаат қилиши мумкин. Фуқаролик муомаласини рақамлаштириш шароитида нотариал функцияни бажариш рақамли воситалар ва шу мақсадда яратилган электрон инфратузилмани жалб қилган ҳолда амалга оширилади. Бу зарур ҳужжатларни биргаликда тезкорлик билан олиш, битим тарафларининг ҳуқуқий хавфсизлигини кафолатлайдиган шароитларда маълумот олиш ва нотариал ҳаракатларни амалга ошириш имконини беради. Электрон мурожаат Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёки “E-notarius.uz” ахборот портали орқали амалга оширилади. Бу эса нотариал хизматлардан фойдаланишда рақамлаштириш жараёни кенгайиб бораётганини кўрсатади.
Нотариус тизими орқали келиб тушган мурожаатларни бир иш куни ичида кўриб чиқиши ёки мурожаат қилувчини қабул қилиши шарт. Ушбу муддат нотариал ҳаракатларнинг тезкорлигини таъминлашга қаратилган. Айниқса, қарздорликни ундириш билан боғлиқ ҳолатларда вақт омили муҳим аҳамиятга эга бўлганлиги сабабли бир иш кунлик кўриб чиқиш муддати кредитор манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилади.
Ижро хати нотариал идора биносида, видеоконференсалоқа орқали, электрон шаклда ёки мурожаат қилувчининг хоҳишига кўра сайёр тартибда ёзилиши мумкин.
Улашиш:
Бошқалар
Халқаро оила куни
1994 йилдан бошлаб 15 май кунини - Халқаро оила куни деб белгиланган.
Ижтимоий тармоқлардаги хатти-ҳаракатлар интизомий жавобгарликка сабаб бўладими?
Кодекснинг 301-моддасига кўра, ходим томонидан интизомий қилмиш содир этилиши уни интизомий жавобгарликка тортиш учун асос бўлади.
Қарз шартномасини тузишда нималарга эътибор қаратиш керак?
Баъзан қарз олиб, қайтариб бермаслик оқибатида яқин қариндошлар ва қадрдон дўстлар ўртасида низо келиб чиқади.
Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқнинг давлат рўйхатидан ўтказилиши
Давлат рўйхатидан ўтказиш — мулк ҳуқуқининг вужудга келиши учун мажбурий юридик босқич ҳисобланади.