currencies image

12 653,48 UZS

109,05

usd

currencies image

14 871,64 UZS

106,47

eur

currencies image

159,75 UZS

2,91

ru



АсосийЯнгиликларОта-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш: ҳуқуқий асослар ва ижтимоий оқибатлар

Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш: ҳуқуқий асослар ва ижтимоий оқибатлар

Ўзбекистон

calendar

19.07.2025

eye

274

Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш: ҳуқуқий асослар ва  ижтимоий оқибатлар

Ўзбекистон Республикаси демократик ҳуқуқий давлат ва адолатли фуқаролик жамияти қуриш сари интилмоқда. Бундай юксак мақсадга эришишда оилага бўлган муносабат муҳим ўрин эгаллайди. Чунки оила жамиятнинг асосий бўғини бўлиб ҳисобланади. Ҳар бир оиланинг фаровонлиги, оиладаги наслнинг соғломлиги, баркамоллиги жамият фаровонлигида, давлатнинг юксалишида кафил бўлиб хизмат қилади.

Оила жамиятнинг узвий бўғини

Оила ва жамият бир-бирига чамбарчас ва узвий боғлиқ бўлиб, жамиятнинг ўзи ҳам оилалардан ташкил топади. Оила ҳам ўз навбатида жамият бағрида вужудга келади, ривожланади. Айни пайтда оиланинг жамиятда ўз вазифалари мавжуд. Улар оиланинг авлод яратиш, фарзандларни тарбиялаш, уларни камолга етказиш, оиладаги иқтисодий муаммоларни ҳал этиш, оила аъзоларининг дам олишини ва саломатлигини тиклаш, табиатга, жамиятга бўлган ўзаро муносабатларни шакллантиришдан иборат.

Оиладаги ота-она ва болалар ўртасида маълум ҳуқуқий муносабат ва мажбуриятлар борки бу нарса оилани мустаҳкамлигини таъминлайди. Ушбулардан бири бу ота-оналик ҳуқуқ ва мажбуриятларидир.

Ота-оналик ҳуқуқ ва мажбуриятлари уларни ажратиб бўлмайдиган тоифага киради. Аммо улар ўз мақсади бўйича ишлатилмаганда ота-оналик ҳуқуқини йўқотиши оқибатида маҳрум қилиниши мумкин.

Ота-она бўлиш нафақат биологик, балки катта маъсулиятни талаб қилувчи ижтимоий ва ҳуқуқий мажбуриятдир. Боланинг тарбияси, таълими, соғлиғи ва ҳуқуқларини таъминлаш ота-онанинг асосий вазифаларидан биридир. Аммо баъзи ҳолларда ота-оналар ўз вазифаларини бажармай, болага нисбатан бепарволик ёки зўравонликка йўл қўядилар. Бундай ҳолларда суд томонидан ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш чораси қўлланилиши мумкин.

Ота-она мажбуриятлари мустаҳкамланиши

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 77-моддасида, ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўз фарзандларини вояга етгунига қадар боқиши, уларнинг тарбияси, таълим олиши, соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топиши хусусида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар, деб қатъий белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 79-моддасига асосан, ота-она (улардан бири) қуйидаги ҳолларда:

— ота-оналик мажбуриятларини бажаришдан бош тортса, шу жумладан алимент тўлашдан бўйин товласа;

— узрсиз сабабларга кўра ўз боласини туғуруқхона ёки бошқа даволаш муассасасидан, тарбия, аҳолини ижтимоий ҳимоялаш муассасаси ва шунга ўхшаш бошқа муассасалардан олишдан бош тортса;

— ота-оналик ҳуқуқини суиистеъмол қилса, болаларга нисбатан шафқатсиз муомалада бўлса, жумладан жисмоний куч ишлатса ёки руҳий таъсир кўрсатса;

— муттасил ичкиликбозлик ёки гиёҳвандликка мубтало бўлган бўлса;

— ўз болаларининг ҳаёти ёки соғлиғига ёхуд эри (хотини)нинг ҳаёти ёки соғлиғига қарши қасддан жиноят содир қилган бўлса, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1998 йил 11 сентябрдаги 23-сонли “Болалар тарбияси билан боғлиқ бўлган низоларни ҳал қилишда судлар томонидан қонунларни қўллаш амалиёти тўғрисида”ги қарорининг 15-бандига асосан, ота-она (улардан бири) Оила кодексининг  79-моддасига биноан ота-оналик ҳуқуқидан ўзларининг айбли хулқ-атворига кўра, агар улар ота-оналик мажбуриятларини бажаришдан бош тортса, шу жумладан алимент тўлашдан бўйин товласа, узрсиз сабабларга кўра ўз боласини туғуруқхона ёки бошқа даволаш муассасасидан, ўқув-тарбия, аҳолини ижтимоий ҳимоялаш муассасаси ва шунга ўхшаш муассасалардан олишдан бош тортса, ота-оналик ҳуқуқини суиистеъмол қилса, болаларга нисбатан шафқатсиз муомалада бўлса, жумладан жисмоний куч ишлатса ёки руҳий таъсир кўрсатса, муттасил ичкиликбозлик ёки гиёҳвандликка мубтало бўлган бўлса, ўз болаларининг ҳаёти ёки соғлиғига ёхуд эри (хотини)нинг ҳаёти ёки соғлиғига қарши қасддан жиноят содир қилган бўлса, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкинлиги судларга тушунтирилган.

Ота-оналик мажбуриятларини бажаришдан бўйин товлаш

Ота-оналик мажбуриятларини бажаришдан бўйин товлашлик деганда — ота-оналик бурчларини узлуксиз равишда бажармаслик, ўз болаларига қандай бўлмасин ғамхўрлик қилмаслик тушунилади. Болаларнинг ёшларига қараб ота (она)нинг ҳар бир аниқ ҳолатдаги ҳаракати (ҳаракатсизлиги) бола учун уни ҳалокатга олиб келади.

Узрсиз сабабларга кўра боласини туғуруқхонадан ва бошқа болаларни даволаш профилактика ва ўқув-тарбия муассасаларидан олишдан бош тортганлик туғуруқхона ва болаларни даволаш профилактика ва ўқув-тарбия муассасаси комиссиялари томонидан тегишли тартибда расмийлаштирилган бўлиши лозим.

Алимент тўлашдан бош тортганда бу факт суднинг ҳукми билан тасдиқланиши шарт эмас. Алимент тўлаш, ўз болаларини моддий таъминлашдан доимий равишда қочишга уринганлигига ишонч ҳосил қилишликнинг ўзи кифоядир.

Ота-онанинг ўз мажбуриятларини бажаришдан бўйин товлаганликлари уларнинг болаларининг маънавий тарбияси, жисмоний ривожланиши, таълими, ижтимоий фойдали меҳнатга тайёргарлиги тўғрисида ғамхўрлик қилмаганлигида намоён бўлади.

Ота-оналик ҳуқуқини суиистеъмол қилиш деганда — бу ҳуқуқлардан болаларнинг манфаатларига зид равишда фойдаланишни, масалан, ўқишига, жамоат топшириқларини бажаришига тўсқинлик қилишни, тиланчиликка ундашни, уни спиртли ичимликлар ва наркотик моддалар истеъмол қилишга ўргатиш, жиноят қилишда, жиноий йўл билан даромад топишда вояга етмагандан фойдаланишни тушунмоқ керак.

Болаларга шафқатсиз муомала қилиш

Болалар билан шафқатсиз муомалада бўлиш жисмоний ва руҳий қийнашда, тарбиялашнинг йўл қўйиб бўлмайдиган усулларини қўллашда, болаларининг инсоний ғурурларини камситишда ва ҳоказоларда ифодаланиши мумкин.

Агар болаларга нисбатан ота-она эмас, балки оила аъзолари шафқатсиз муомалада бўлсалар, боланинг ота ва онаси бунга қаршилик қилмасалар, бундай ота-оналарнинг ота-оналик ҳуқуқлари Оила кодексининг 83-моддасига мувофиқ чекланиши мумкин.

Ота-онанинг сурункали ичкиликбозликка ёки гиёҳвандлик касалига учраганлиги тегишли тиббиёт хулосаси билан тасдиқланган бўлиши керак. Бундай асос билан ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш жавобгарни муомалага лаёқати чекланган деб топилганлигидан қатъи назар, амалга оширилиши мумкин.

Боланинг ҳаёти ва соғлиғига қарши ота-она томонидан қасддан жиноят содир қилиш ўта оғир ва жамоат учун хавфли ҳисобланади. Бундай асосларга кўра ота (она)ни ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилишга фақат суднинг ҳукми бўлгандагина йўл қўйилади.

Болани ота (она)сининг ҳаёти ва соғлиғига қарши ота (она)си томонидан қасддан жиноят содир қилганлиги асосига кўра ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилишлик ҳақидаги ишларни кўришда бола жиноят объекти унинг ота (она)си бўлган ҳолларда зарар кўришини ҳисобга олишлари лозим. Бундай асосларга кўра ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилишликка ҳам айбдорга нисбатан суднинг ҳукми бўлиши лозим.

Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш

Юқоридаги Пленум қарорининг 16-бандида, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш охирги чора эканлигига судларнинг эътибори қаратилган. Алоҳида ҳолларда ота ёки онанинг айбли хулқ-атвори тасдиқланган тақдирда ҳам суд унинг хулқ-атвори хусусиятларини, шахсини ва бошқа муайян ҳолатларни эътиборга олиб, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисидаги даъвони рад этишга ва васийлик ва ҳомийлик органларига унинг ота-оналик мажбуриятларини бажаришини назорат қилишни юклаб, жавобгарни болалар тарбиясига нисбатан ўзининг муносабатларини ўзгартириши зарурлиги тўғрисида огоҳлантиришга ҳақли. Суд ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисидаги даъвони рад этиб, кўрсатиб ўтилган ҳолатлар мавжуд бўлганида, боланинг манфаатлари тақозо қилса, ота-онадан боласини олиш ва уни васийлик ва ҳомийлик органлари қарамоғига топшириш тўғрисидаги масалани ҳал қилишга ҳақли.

Суднинг ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисидаги ҳал қилув қарорида болани тарбиялаш учун кимга: бошқа турадиган отаси ёки онасига, васийлик ва ҳомийлик органига ёки у қонунда белгиланган тартибда тайинланган бўлса, васийга (ҳомийга) берилаётганлиги кўрсатилган бўлиши лозим.

Болани бошқа турадиган отаси ёки онасига бериш мумкин бўлмаганида ёки отаси ва онасининг ҳар иккаласи ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолларда (агарда васий ҳали тайинланмаган бўлса) бола васийлик ва ҳомийлик органининг қарамоғига топширилиши керак.

Болани қариндошлари ва бошқа шахсларнинг тарбиясига беришга, агар улар унинг васийлари ёки ҳомийлари қилиб тайинланган бўлсалар йўл қўйилади.

Болани васийлик ва ҳомийлик органларининг қарамоғига топшира туриб, судлар болани жойлаштиришнинг муайян тартибини белгилашга ҳақли эмаслар, чунки бу масала фақат кўрсатилган органларнинг ваколатларига тааллуқлидир.

Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисидаги ҳал қилув қарорининг нусхаси суд томонидан васийлик ва ҳомийлик органига ва боланинг туғилганлиги қайд этилган фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органига юборилиши лозим.

Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган ота-она қайси болага нисбатан ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган бўлса, шу болага нисбатан бўлган қариндошлик фактига асосланган барча ҳуқуқлардан, шу жумладан ундан таъминот олиш, шунингдек болали фуқаролар учун қонунчиликда белгиланган имтиёзлар ва нафақалар олиш ҳуқуқларидан маҳрум бўлади.

Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши ота-онани ўз боласига таъминот бериш мажбуриятидан озод қилмайди.

Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган ота-онанинг (улардан бирининг) бундан кейин бола билан биргаликда яшаш-яшамаслик масаласи суд томонидан уй-жой тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал қилинади.

Ота-онаси (улардан бири) ўзига нисбатан ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган бола, агар у фарзандликка олинган бўлмаса, турар жойга бўлган мулк ҳуқуқини ёки турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқини сақлаб қолади, шунингдек ота (она)си ва бошқа қон-қариндошлари билан туғишганлик фактига асосланган барча мулкий ҳуқуқларини, жумладан мерос олиш ҳуқуқини сақлаб қолади.

Болани ота ёки онасига беришнинг имконияти бўлмаган ёки ота-онанинг ҳар иккаласи ҳам ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган тақдирда, бола васийлик ва ҳомийлик органининг қарамоғига олиб берилади.

Ота-она (улардан бири) ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинганда болани фарзандликка олишга ота-она (улардан бири) ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинганлиги тўғрисидаги суднинг ҳал қилув қарори чиқарилган кундан кейин камида олти ой ўтгач йўл қўйилади.

Ота-оналикдан маҳрум қилинган шахслар ҳуқуқлари

Ота-оналарнинг маҳрум қилиниши мумкин бўлган ота-оналик ҳуқуқи дейилганда, уларга боласини вояга етгунча тарбиялаш, унинг манфаатларини ҳимоя этиш ва унга вакиллик қилиш, боласини бошқа шахслардан талаб қилиб олиш, унинг фарзандликка олинишига розилик бериш ва ҳ.к.лар учун берилган ҳуқуқлар тушунилмоғи лозим. Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган ота-оналар болалари билан қариндошлик фактига асосланган ҳуқуқларини: вояга етган болаларидан алимент олиш, улар вафот этган тақдирда пенсия билан таъминланиш, болаларининг мулкига ворис бўлиш ҳуқуқларини ва бошқа ҳуқуқларини ҳам йўқотадилар.

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 81-моддасига мувофиқ, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши ота-онани болаларини таъминлаш мажбуриятидан озод қилмайди. Шу сабабли суд жавобгарни ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилишда, Фуқаролик процессуал кодексининг 251 ва 254-моддаларининг қоидаларига асосланиб, ундан алимент ундириш тўғрисидаги масалани, бундай даъво қўзғатилган-қўзғатилмаганлигидан қатъи назар, биргаликда ҳал этиши шарт.

Оила кодексининг 107-моддасига асосан, вояга етмаган болани ота-онасидан олиш ва уни болалар тарбия муассасасига жойлаштириш тўғрисидаги ҳал қилув қарорини чиқаришда суд ота ва онанинг ҳар биридан мазкур бола фойдасига ушбу Кодекснинг 99-моддасида белгиланган миқдорларда алиментлар ундиради. Бунда ундирилган алиментлар мазкур бола номига очилган банк ҳисобварағида жамланади ва у вояга етганда тўланади.

Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган шахсга болалари учун тайинланган пенсия, пул ёрдами ва бошқа тўловларни, шунингдек унинг фойдасига ундирилган алиментларни тўлаш тўхтатилади. Шу сабабли судлар томонидан ишларни кўришда бу масалаларни аниқлаш лозим ва ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисидаги ҳал қилув қарори қонуний кучга кирганидан сўнг унинг нусхасини кўрсатилган тўловларни амалга оширадиган тегишли органларга ёки тўловлар тўғрисида ҳал қилув қарори чиқарган жойдаги судга, бу тўловларни болалар муассасасига ёки бола тарбиясига берилган шахсга ўтказиш ҳақидаги масалани муҳокама қилиш учун юбориш керак.

Мазкур туркумдаги ишлар судларда кўрилганда, энг аввало ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш охирги чора эканлигига алоҳида аҳамият қаратилади.

Статистик маълумотларга кўра, Тошкент шаҳар фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судлари томонидан 2024 йил давомида ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш ҳақида жами 226 та, 2023 йил давомида эса 239 та фуқаролик ишлари кўрилган бўлиб, ушбу кўрсаткич 2023 йилнинг мос даврига нисбатан 13 та ёки 5.4 фоизга камайган.

2024 йил давомида ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш ҳақидаги кўрилган (226) ишларнинг 135 таси (59.7 фоизи) қаноатлантирилган, 51 та (22.6 фоиз) даъво аризаларни қаноатлантириш рад қилинган, 40 та (17.7 фоиз) даъво аризалар кўрмасдан қолдирилган.

Ота-оналик ҳуқуқини тиклаш

Амалдаги оила қонунчилигида ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тартибидан ташқари, ўз хатти-ҳаракатларида сезиларли ижобий ўзгаришларга эришган ота ёки онанинг ҳуқуқларини тиклаш ҳам белгиланган.

Хусусан, Оила кодексининг 82-моддасига асосан, ота-она (улардан бири) ўз хулқ-атворини, турмуш тарзини ва (ёки) бола тарбиясига бўлган муносабатини ўзгартирган ҳолларда ота-оналик ҳуқуқи тикланиши мумкин.

Ота-оналик ҳуқуқини тиклаш ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган ота-онанинг (улардан бирининг) даъвосига биноан суд тартибида амалга оширилади. Ота-оналик ҳуқуқини тиклаш тўғрисидаги ишлар васийлик ва ҳомийлик органининг, шунингдек прокурорнинг иштирокида кўриб чиқилади.

Ота-онанинг (улардан бирининг) ота-оналик ҳуқуқини тиклаш тўғрисидаги даъвоси билан бирга болани ота-онага (улардан бирига) қайтариш тўғрисидаги талаби ҳам кўриб чиқилиши мумкин.

Агар ота-оналик ҳуқуқининг тикланиши бола манфаатларига зид бўлса, суд боланинг фикрини ҳисобга олган ҳолда ота-онанинг (улардан бирининг) ота-оналик ҳуқуқини тиклаш тўғрисидаги даъвосини қаноатлантиришни рад қилишга ҳақлидир.

Ўн ёшга тўлган болага нисбатан ота-оналик ҳуқуқининг тикланишига фақат унинг розилиги билан йўл қўйилади.

Бола фарзандликка олинган ва фарзандликка олиш бекор қилинмаган бўлса, ота-оналик ҳуқуқини тиклашга йўл қўйилмайди.

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 82-моддасига мувофиқ судлар ота-оналик ҳуқуқини тиклаш тўғрисидаги даъволарни кўришда ота-оналарнинг хулқ-атвори ва турмуш тарзи ўзгарган-ўзгармаганлигини, уларнинг болаларини тарбия қила олиш-олмасликларини синчиклаб текширишлари лозим. Ота-оналик ҳуқуқини тиклашга агар бу болаларнинг манфаатларига мос келса, йўл қўйилади.

Болалар бошқа шахслар томонидан фарзандликка олинган ва фарзандликка олиш бекор қилинмаган ёки ҳақиқий эмас деб топилмаган бўлса, ота-оналик ҳуқуқини тиклашга йўл қўйилмайди.

Суд ота-оналик ҳуқуқини тиклаш тўғрисидаги масалани ота ёки она ота-оналик ҳуқуқидан суднинг фуқаролик ёки жиноят иши бўйича чиқарган қарорига биноан маҳрум қилинганлигига қарамасдан, фуқаролик суд ишларини юритиш тартибида ҳал этади.

Ота-оналик ҳуқуқини тиклаш тўғрисидаги даъво ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган шахслар ёки прокурор томонидан бола кимнинг қарамоғида эканлигига қараб, ота ёки онанинг иккинчисига ёинки васийга (ҳомийга) ёки болалар муассасасига нисбатан қўзғатилади. Бундай ишлар судлар томонидан васийлик ва ҳомийлик органлари вакилларининг ва прокурорнинг иштирокида кўрилиши лозим.

Ота-оналик ҳуқуқини тиклаш тўғрисидаги даъво билан биргаликда шу шахснинг болани унга бериш тўғрисидаги даъвоси ҳам кўрилиши мумкин.

Агар ота-оналик ҳуқуқининг тикланиши бола манфаатларига зид бўлса, суд боланинг фикрини ҳисобга олган ҳолда ота-онанинг (улардан бирининг) ота-оналик ҳуқуқини тиклаш тўғрисидаги даъвосини қаноатлантиришни рад қилишга ҳақлидир.

Ўн ёшга тўлган болага нисбатан ота-оналик ҳуқуқининг тикланишига фақат унинг розилиги билан йўл қўйилади.

Ота-оналик ҳуқуқини тиклаш тўғрисидаги суднинг ҳал қилув қарорининг нусхаси судлар томонидан васийлик ва ҳомийлик органларига ва боланинг туғилганлиги қайд қилинган жойдаги фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органига юборилиши керак.

Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш — бу жазо эмас, балки боланинг ҳуқуқ ва хавфсизлигини таъминлаш чорасидир. Бу чора фақат ногирон ҳаракатлар ёки зўравонлик оқибатида қўлланилади ва фақат суд орқали амалга оширилади. Жамият ва давлат болаларни ҳимоя қилишда мустаҳкам позицияда бўлиши зарур.

Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш институти бола ҳуқуқларини ҳимоя қилишда муҳим восита ҳисобланади. Бироқ бу чора фақат юқори стандартлар асосида, бола манфаатини устувор қилиб, адолатли ва шаффоф суд тартибида амалга оширилиши лозим. Суд амалиётида бир хил ёндашув, ҳуқуқий ёрдамни таъминлаш ва бола фикрини инобатга олиш каби тамойиллар кафолатланиши шарт.

Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш – бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги энг кескин ва таъсирчан ҳуқуқий чоралардан бири бўлиб, унинг амалга оширилиши боланинг ҳаёти ва келажаги учун узоқ муддатли оқибатларга олиб келиши мумкин. Шу боис, мазкур институтдан фойдаланиш фақат фавқулодда ва зарур ҳолатларда, боланинг ҳуқуқлари ва манфаатлари аввалги ўринга қўйилган ҳолда амалга оширилиши лозим.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш институти шунчаки жазо чораси эмас, балки бола шахсияти, унинг ҳуқуқий мақоми ва келажаги учун фундамента созловчи ижтимоий-ҳуқуқий механизмдир. Шу боис, мазкур чорани қўллашда шошқалоқлик, субъектив ёндашувга йўл қўйилмаслик лозим бўлади.

Б.Исламов, 
Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари – Фуқаролик ишлари бўйича
судлов ҳайъати раиси 

Улашиш: