Ҳуқуқ
21.09.2026
63

Юқумли касалликларнинг аҳоли ўртасида тарқалишининг олдини олишда профилактик эмлаш муҳим воситалардан бири ҳисобланади.
Ўзбекистонда профилактик эмлашлар режали тарзда амалга оширилиши билан бирга, карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши хавфи юзага келганда ҳам қўшимча чора сифатида жорий этилиши мумкин.
Бу тартиб Соғлиқни сақлаш вазирининг 2026 йил 7 августдаги 17-сон буйруғи билан тасдиқланган Низомда белгилаб қўйилди. Ҳужжат 2026 йил 9 сентябрда Адлия вазирлигида 3936-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган.
Профилактик эмлашни жорий этишга қуйидаги ҳолатлар асос бўлиши мумкин:
— ҳудудда юқумли касаллик аниқланса;
— касалланиш кўрсаткичлари эпидемиологик жиҳатдан хавфли даражада ошса;
— юқумли касалликнинг кенг тарқалиш хавфи мавжуд бўлса;
— аҳолининг айрим гуруҳларида касалликни юқтириш хавфи юқори бўлса.
Профилактик эмлашни жорий этиш тўғрисидаги қарорни Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария врачи қабул қилади.
Аввало, юқумли касалликни ўзига юқтириш ёки бошқаларга юқтириш хавфи юқори бўлган шахслар эмланади.
Шунингдек, касаллик ўчоғида бемор билан мулоқотда бўлганлар ва эпидемиологик кўрсатма бўйича эмланиши лозим бўлган шахсларга ҳам устуворлик берилади.
Профилактик эмлашдан олдин шахс тиббий кўрикдан ўтказилади. Бунда эмлашга монелик қилувчи тиббий ҳолатлар мавжуд ёки мавжуд эмаслиги аниқланади.
Жумладан, вакцина таркибидаги компонентларга юқори сезувчанлик, аввал тегишли вакцина қўлланилганда оғир аллергик реакция кузатилганлиги ва тиббий йўриқномада белгиланган бошқа қарши кўрсатмалар инобатга олинади.
Профилактик эмлаш тегишли малака ва кўникмага эга тиббиёт ходимлари томонидан амалга оширилади.
Бунда Ўзбекистон ҳудудида давлат рўйхатидан ўтказилган ва тиббиётда қўллашга рухсат этилган вакциналардан фойдаланилади.
Тиббиёт ходими эмлашдан олдин шахсга:
— эмлашнинг мақсади;
— қўлланиладиган вакцина;
— унинг эҳтимолий таъсири;
— эмлашдан кейинги кузатув тартиби;
— эмлашни рад этишнинг қонунчиликда белгиланган ҳуқуқий оқибатлари ҳақида маълумот бериши керак.
Эмланган шахс дастлабки 30 дақиқа давомида тиббиёт ходими кузатувида бўлади.
Шундан кейинги 3 кун давомида эса шифокор ва патронаж ҳамшира томонидан кузатиб борилади.
Агар эмлашдан кейин нохуш ҳолат аниқланса, давлат соғлиқни сақлаш тизими муассасалари томонидан зарур тиббий ёрдам кўрсатилади.
Ҳар бир эмланган шахс ҳақидаги маълумотлар, жумладан, эмлаш санаси, вакцина номи ва серияси каби маълумотлар Ягона тиббиёт ахборот тизимига эмлаш ўтказилган заҳоти киритилади.
Муҳим: профилактик эмлашни жорий этиш тўғрисидаги қарор аҳолига давлат органлари, маҳаллий ҳокимликлар, тиббиёт, таълим ва бошқа ташкилотлар орқали, шунингдек ОАВ ва расмий интернет ресурслари орқали етказилади.
Бекжон Исмаилов,
ҳуқуқшунос
Улашиш:
Бошқалар
Автомобиль йўлларини таъмирлашга ким масъул? Муҳим қоидалар
Сифатли йўл — нафақат қулайлик, балки ҳаракат хавфсизлигининг муҳим кафолатидир.
Квартира сотиб олаётганда нималарни текшириш керак?
Квартира харид қилишда шошилиш энг катта хатолардан бири бўлиши мумкин.
Одам савдосидан жабрланганлар қандай ҳимоя қилинади? Янги тартиблар ва кафолатлар
Одам савдоси инсоннинг эркинлиги, шаъни ва қадр-қимматига жиддий тажовуз қилувчи оғир жиноятлардан бири ҳисобланади.
Ҳуқуқни билиш — шунчаки қонун нормаларини ёд олиш эмас
Инсон ҳаёти давомида оилавий, меҳнат, таълим, мулкий, ижтимоий ва бошқа кўплаб муносабатларга киришади.