currencies image

11 806,97 UZS

18,43

usd

currencies image

13 430,43 UZS

52,89

eur

currencies image

139,86 UZS

0,48

ru



АсосийЯнгиликларСолиқ текшируви: инспекторларнинг ваколатлари ва тадбиркорларнинг ҳуқуқлари

Солиқ текшируви: инспекторларнинг ваколатлари ва тадбиркорларнинг ҳуқуқлари

Ҳуқуқ

calendar

04.11.2026

eye

19

Солиқ текшируви: инспекторларнинг ваколатлари ва тадбиркорларнинг ҳуқуқлари

Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш жараёнида солиқ органлари томонидан текширувлар ўтказилиши мумкин. Бироқ солиқ органлари ходимларининг тадбиркорлик субъекти ҳудудига ёки биносига кириши қонунчиликда белгиланган тартиб асосида амалга оширилиши лозим. Хўш, солиқ инспекторлари қандай ҳужжатлар асосида текширув ўтказиши мумкин ва тадбиркорлар бу жараёнда қандай ҳуқуқларга эга?

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 144-моддасига мувофиқ, солиқ текширувини ўтказувчи солиқ органлари мансабдор шахслари текширилаётган шахснинг ҳудудига ёки биносига фақат белгиланган ҳужжатларни тақдим этган ҳолда кириши мумкин.

Хусусан, солиқ органи ходимлари ўз хизмат гувоҳномаси ҳамда солиқ органи раҳбари ёки унинг ўринбосари томонидан қабул қилинган солиқ текширувини ўтказиш тўғрисидаги буйруқ ёки қарорни тақдим этиши шарт. Текширув давомида солиқ органлари ходимлари тадбиркорлик фаолияти учун фойдаланиладиган ҳудудлар, бинолар ва солиқ солиш объектларини кўздан кечириш ҳуқуқига эга. Бундан асосий мақсад текширилаётган объектлар ҳақидаги ҳақиқий маълумотларни тадбиркор томонидан тақдим этилган ҳужжатлардаги маълумотлар билан солиштиришдан иборат.

Шунингдек, қонунчиликда солиқ органлари ходимларининг текширилаётган ҳудудга киришига тўсқинлик қилинган ҳолатлар ҳам назарда тутилган.

Агар солиқ текширувини ўтказувчи мансабдор шахсларнинг тадбиркорлик фаолияти учун фойдаланиладиган ҳудуд ёки бинога киришига тўсқинлик қилинса, солиқ органи ходими бу ҳақда далолатнома тузади. Мазкур далолатнома солиқ органи ходими ва текширилаётган шахс томонидан имзоланади. Агар текширилаётган шахс далолатномани имзолашдан бош тортса, бу ҳақда ҳужжатга тегишли қайд киритилади.

Бундай далолатнома асосида солиқ органи ўзида мавжуд маълумотлар ёки ўхшаш солиқ тўловчилар ҳақидаги маълумотларга таяниб, тўланиши лозим бўлган солиқ суммасини мустақил равишда аниқлаш ҳуқуқига эга.

Бироқ мазкур қоида турар-жой биноларига нисбатан татбиқ этилмайди. Қонунчиликка кўра, солиқ органлари ходимларининг турар-жой биноларига у ерда яшовчи жисмоний шахсларнинг хоҳишига қарши киришига йўл қўйилмайди. Бундан қонунда ёки суд қарори асосида белгиланган ҳолатлар мустасно.

Демак, солиқ текширувини ўтказиш ваколати мансабдор шахсларга фуқароларнинг турар-жойига исталган вақтда ва уларнинг розилигисиз кириш ҳуқуқини бермайди.

Хулоса

Солиқ текширувлари қонунчиликда белгиланган талабларга қатъий риоя этилган ҳолда ўтказилиши шарт. Солиқ органлари ходимлари тадбиркорлик субъекти ҳудудига киришдан аввал ўз ваколатларини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этиши лозим.

Шу билан бирга, тадбиркорлар ҳам қонуний асосда ўтказилаётган текширувларга тўсқинлик қилмаслиги муҳим. Зеро, текширув жараёнида қонун талабларига риоя этилиши солиқ органлари ва солиқ тўловчилар ўртасидаги муносабатларнинг қонунийлигини таъминлайди.

Зиёвуддин Намозов,
журналист

Улашиш:

Мавзуга доир янгиликлар: