currencies image

11 806,97 UZS

18,43

usd

currencies image

13 430,43 UZS

52,89

eur

currencies image

139,86 UZS

0,48

ru



АсосийЯнгиликларСолиқларни тўлашдан бўйин товлаганлик учун қандай жавобгарлик бор?

Солиқларни тўлашдан бўйин товлаганлик учун қандай жавобгарлик бор?

Ҳуқуқ

calendar

03.11.2026

eye

50

Солиқларни тўлашдан бўйин товлаганлик учун қандай жавобгарлик бор?

Солиқларни ўз вақтида ва тўлиқ тўлаш ҳар бир солиқ тўловчининг қонунчиликда белгиланган мажбурияти ҳисобланади. Бироқ айрим фуқаролар ва мансабдор шахслар солиқ мажбуриятларини бажармаслик, даромадларини яшириш ёки солиқ солинадиган объектларни камайтириб кўрсатиш орқали солиқ тўлашдан бўйин товлашга уринади.

Бундай ҳаракатлар қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади. Хўш, солиқларни тўлашдан бўйин товлаган шахсларга қандай жазо белгиланган? Қайси ҳолатларда жарима миқдори ошади?

 

Қандай ҳаракатлар солиқ тўлашдан бўйин товлаш ҳисобланади?

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 174-моддасига мувофиқ, фойдани (даромадни) ёки солиқ солинадиган бошқа объектларни қасддан яшириш, камайтириб кўрсатиш, шунингдек солиқлар ёки йиғимларни тўлашдан қасддан бўйин товлаш маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳисобланади.

Масалан, тадбиркор ҳақиқатда 100 миллион сўм даромад олган бўлса-да, солиқ ҳисоботида уни 50 миллион сўм деб кўрсатиши ёки солиқ солинадиган мол-мулкни ҳисоботда атайин акс эттирмаслиги мумкин.

Бундай ҳаракатларда асосий жиҳат — солиқ мажбуриятини бажармаслик қасддан амалга оширилган бўлишидир. Ҳисоб-китобдаги оддий хато ёки билмасдан йўл қўйилган камчиликни ҳар доим ҳам солиқ тўлашдан бўйин товлаш деб баҳолаб бўлмайди.

 

Солиқ тўлашдан бўйин товлаганлик учун қандай жарима белгиланган?

Кодекснинг 174-моддасига кўра, фойда (даромад) ёки солиқ солинадиган бошқа объектларни қасддан яшириш, камайтириб кўрсатиш ёхуд солиқ ва йиғимларни тўлашдан қасддан бўйин товлаш учун қуйидаги жарималар белгиланган:

фуқароларга — базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) 15 бараваридан 25 бараваригача;

мансабдор шахсларга — БҲМнинг 25 бараваридан 30 бараваригача.

Демак, солиқ тўлашдан қасддан бўйин товлаганлик учун жарима ҳуқуқбузарнинг мақомига қараб фарқ қилади. Мансабдор шахсларга нисбатан белгиланган жарима миқдори фуқароларникига қараганда юқорироқ.

 

Ҳуқуқбузарлик анча миқдорда содир этилса, жазо қандай бўлади?

Агар худди шундай ҳуқуқбузарлик анча миқдорда содир этилган бўлса, жарима миқдори янада ошади.

Бунда фуқароларга БҲМнинг 30 бараваридан 50 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 50 бараваридан 100 бараваригача жарима солинади.

Кодексда ушбу модда бўйича солиқлар ёки йиғимларни тўлашдан бўйин товлашнинг анча миқдори БҲМнинг 100 бараваридан 600 бараваригача бўлган миқдор сифатида белгиланган.

Шу сабабли ҳуқуқбузарликнинг миқдори жазо белгилашда муҳим аҳамият касб этади.

 

Даромадлар тўғрисида декларация топширмаслик ҳам жавобгарликка сабаб бўладими?

Қонунчиликда даромадлар тўғрисида декларация тақдим этишдан бўйин товлаш, уни белгиланган муддатда тақдим этмаслик ёки декларацияда атайин нотўғри маълумотларни кўрсатиш учун ҳам маъмурий жавобгарлик белгиланган.

Жумладан, МЖтКнинг 174-моддасига мувофиқ, бундай ҳаракатлар учун БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солинади.

Масалан, фуқаро қонунчиликка мувофиқ даромадлари тўғрисида декларация тақдим этиши лозим бўлган ҳолатда уни тақдим этмаса ёки атайин нотўғри маълумотларни киритса, маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин.

Хулоса

Солиқларни тўлашдан бўйин товлаш, даромадларни яшириш ёки солиқ солинадиган объектларни атайин камайтириб кўрсатиш қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади. Ҳуқуқбузарликнинг хусусияти ва миқдорига қараб маъмурий жарима ёки жиноий жазо қўлланилиши мумкин.

Шунинг учун солиқ мажбуриятларига масъулият билан ёндашиш, ҳисоботларни тўғри юритиш ва қонун талабларига риоя қилиш ҳар бир фуқаро ҳамда тадбиркор учун муҳимдир.

Феруз Жўраев,
"Адолат" МҲАМ масъул ходими

Улашиш: