currencies image

11 802,19 UZS

7,63

usd

currencies image

13 527,67 UZS

41,81

eur

currencies image

139,87 UZS

0,81

ru



АсосийЯнгиликларСудга аралашиш ва ҳурматсизлик учун жавобгарлик кучайтирилди

Судга аралашиш ва ҳурматсизлик учун жавобгарлик кучайтирилди

Ҳуқуқ

calendar

22.09.2026

eye

53

Судга аралашиш ва ҳурматсизлик учун жавобгарлик кучайтирилди

Суд ҳокимияти мустақиллиги ва судьяларнинг қонуний фаолиятига аралашмаслик одил судловнинг муҳим кафолатларидан бири ҳисобланади.

Суд муҳокамаси холис, эркин ва қонунчиликда белгиланган процессуал тартиб-қоидаларга риоя этилган ҳолда ўтказилиши керак. Суднинг нормал фаолиятига тўсқинлик қилиш, судга ҳурматсиз муносабатда бўлиш ёки судьянинг қонуний фаолиятига аралашиш эса қонунчиликда белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади.

Шу муносабат билан 2026 йил 11 сентябрдаги ЎРҚ-1176-сон Қонун билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Қонун 2026 йил 12 сентябрдан кучга кирган.


Суд ишларини ҳал этишга аралашиш — жиноий жавобгарликка сабаб бўлади

Қонун билан Жиноят кодексида суд ишларини ҳал этишга аралашиш билан боғлиқ норма аниқлаштирилди.

Унга кўра, муайян ишнинг ҳар томонлама, тўла ва холисона кўриб чиқилишига тўсқинлик қилиш ёки адолатсиз ҳукм, ҳал қилув қарори, ажрим ёки қарор чиқарилишига эришиш мақсадида судья ёки халқ маслаҳатчисига турли шаклларда қонунга хилоф равишда таъсир ўтказиш жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.

Бундай қилмиш учун:

— 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари;

— 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш;

— 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазолари белгиланган.


Мансабдор шахс аралашса, жазо оғирроқ

Агар юқоридаги ҳаракатлар мансабдор шахс томонидан содир этилса, қонунчиликда янада оғирроқ жавобгарлик назарда тутилган.

Бунда шахс муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиниши ҳамда:

— 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш;

— 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоларидан бири қўлланилиши мумкин.


Терговга аралашиш ҳам жавобгарликка сабаб бўлади

Қонун билан терговга аралашиш билан боғлиқ норма ҳам аниқлаштирилди.

Муайян ишнинг ҳар томонлама, тўла ва холисона ўрганилишига тўсқинлик қилиш мақсадида суриштирувчи, терговчи ёки прокурорга турли шаклларда қонунга хилоф равишда таъсир ўтказиш ҳам жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.

Бу қилмиш учун ҳам 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари, 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.


Суд биносида тартибни бузишга ҳам жавобгарлик бор

Яна бир муҳим ўзгариш — Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилди.

Аввал судга ҳурматсизлик қилиш билан боғлиқ жавобгарлик суд мажлиси пайтида тартибни бузиш ҳолати билан боғлиқ эди.

Янги тартибга кўра, бу норма суд биносида тартибни бузиш ҳолатини ҳам қамраб олади. Яъни суд биносида белгиланган тартибни бузиш орқали судга ҳурматсизлик қилиш маъмурий жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин.


Қонуннинг мақсади нима?

Мазкур ўзгартишлар, аввало суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш, судьялар дахлсизлигини мустаҳкамлаш, одил судловга тўсқинлик қилувчи ҳолатларни бартараф этиш, судга ҳурматсизлик ҳолатларининг олдини олиш, суд ишларини ҳал этишга ноқонуний аралашиш учун жавобгарликни аниқлаштиришга қаратилган.

Шунингдек, қонун фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини мустаҳкамлашга қаратилган ҳуқуқий механизмларни такомиллаштиришни назарда тутади.

Бекжон Исмаилов,
ҳуқуқшунос

Улашиш: