Ҳуқуқ
22.09.2026
64

Аҳолини суюлтирилган газ билан узлуксиз таъминлаш тизимини такомиллаштириш, соҳада молиявий шаффофликни ошириш ва бозор механизмларини босқичма-босқич жорий этиш мақсадида Президентнинг 2026 йил 12 сентябрдаги ПҚ–326-сон қарори қабул қилинди. Ҳужжат 2026 йил 15 сентябрдан кучга кирган.
Қарорга мувофиқ, аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлаш соҳасидаги функцияларни ихтисослаштириш ва молиявий шаффофликни таъминлаш мақсадида «Ҳудудгазтаъминот» АЖ таъсисчилигида «LPG-Trade» МЧЖ ташкил этилади. Янги жамият республика бўйича ягона юридик шахс сифатида фаолият юритиб, ҳудудлардаги филиаллари орқали аҳолига имтиёзли нархларда суюлтирилган газ етказиб беришни амалга оширади.
Қарор билан суюлтирилган газ бозорида янги тартиб жорий этилмоқда. Жумладан, республика корхоналарида ишлаб чиқариладиган ва импорт қилинадиган суюлтирилган газ, ўз шохобчаларида сотиладиган ҳажмлардан ташқари, биржа савдолари орқали сотилади. Аҳолига суюлтирилган газ етказиб берувчи корхоналар маҳсулотни биржадан ёки импорт қилган ҳолда тўғридан-тўғри харид қилиши мумкин. Бунда «LPG-Trade» МЧЖга суюлтирилган газни импорт қилишга рухсат берилмайди.
2026 йил 1 ноябрдан бошлаб «LPG-Trade» МЧЖ томонидан суюлтирилган газни биржа орқали харид қилиш ва аҳолига етказиб бериш тизими жорий этилади. Шу билан бирга, хусусий тадбиркорлик субъектларига импорт қилинган суюлтирилган газни аҳолига етказиб бериш имконияти ҳам берилади. Ишлаб чиқарувчилар томонидан етказиб бериладиган суюлтирилган газнинг муайян ҳажмлари товар-хомашё биржаларининг алоҳида савдо майдончаси орқали сотилади. Агар ушбу майдонча орқали харид қилинадиган газ ҳажми аҳоли эҳтиёжларини қоплаш учун етарли бўлмаса, «LPG-Trade» МЧЖ газни биржанинг очиқ савдолари орқали харид қилиши мумкин.
Шу билан бирга, соҳада рақобат муҳитини босқичма-босқич шакллантириш ва кросс-субсидиялаш амалиётини босқичма-босқич бекор қилиш кўзда тутилган. Бозор механизмларига ўтиш жараёнида ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларини давлат томонидан манзилли қўллаб-қувватлаш механизмлари жорий этилади. Аҳолига газни давлат томонидан тартибга солинадиган чакана нархларда етказиб бериш билан боғлиқ нархлар тафовути ва иқтисодий жиҳатдан асосланган харажатлар «LPG-Trade» МЧЖга республика бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.
Қарорда Андижон вилоятида тажриба лойиҳасини амалга ошириш ҳам назарда тутилган. 2026 йил 1 октябрдан бошлаб хусусий тадбиркорлик субъектлари томонидан импорт қилинадиган суюлтирилган газни истеъмолчиларга маиший газ баллонларида эркин нархларда тўғридан-тўғри етказиб бериш механизми синов тариқасида йўлга қўйилади. Кейинчалик мазкур тажриба асосида тизимни республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам босқичма-босқич жорий этиш белгиланган.
Шунингдек, аҳоли эҳтиёжлари учун етказиб бериладиган маҳаллий суюлтирилган газни республика ҳудудларига ташишда ягона темир йўл тарифи жорий этилиши, давлат томонидан тартибга солинадиган чакана нархлар ва иқтисодий жиҳатдан асосланган харажатлар ўртасидаги фарқни қоплаш учун бюджет субсидияларини ҳисоблаш ва молиялаштириш тартиби белгиланиши назарда тутилган.
Қарорга кўра, суюлтирилган газ таъминоти тизимини қайта ташкил этиш учун «LPG-Trade» МЧЖга республика бюджетидан 200 миллиард сўм миқдорида ссуда ажратилади. Соҳадаги ислоҳотларни амалга ошириш, хусусий секторни жалб қилиш, рақобат муҳитини шакллантириш ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш орқали суюлтирилган газ таъминотининг янги механизми босқичма-босқич шакллантирилади.
Янги қарор суюлтирилган газ таъминотида давлат томонидан тартибга солиш механизмларини сақлаган ҳолда бозор тамойилларини босқичма-босқич жорий этиш, хусусий сектор иштирокини кенгайтириш ва ижтимоий ҳимоя механизмларини кучайтиришга қаратилган.
Феруз Жўраев,
"Адолат" МҲАМ масъул ходими
Улашиш:
Бошқалар
Автомобиль йўлларини таъмирлашга ким масъул? Муҳим қоидалар
Сифатли йўл — нафақат қулайлик, балки ҳаракат хавфсизлигининг муҳим кафолатидир.
Квартира сотиб олаётганда нималарни текшириш керак?
Квартира харид қилишда шошилиш энг катта хатолардан бири бўлиши мумкин.
Одам савдосидан жабрланганлар қандай ҳимоя қилинади? Янги тартиблар ва кафолатлар
Одам савдоси инсоннинг эркинлиги, шаъни ва қадр-қимматига жиддий тажовуз қилувчи оғир жиноятлардан бири ҳисобланади.
Ҳуқуқни билиш — шунчаки қонун нормаларини ёд олиш эмас
Инсон ҳаёти давомида оилавий, меҳнат, таълим, мулкий, ижтимоий ва бошқа кўплаб муносабатларга киришади.