currencies image

11 839,59 UZS

6,22

usd

currencies image

13 569,35 UZS

8,26

eur

currencies image

140,42 UZS

0,63

ru



АсосийЯнгиликларТадбиркорларга янги иш ўринлари яратиш учун қандай имтиёзли кредит имкониятлари берилмоқда?

Тадбиркорларга янги иш ўринлари яратиш учун қандай имтиёзли кредит имкониятлари берилмоқда?

Ҳуқуқ

calendar

21.09.2026

eye

35

Тадбиркорларга янги иш ўринлари яратиш учун қандай имтиёзли кредит имкониятлари берилмоқда?

Янги иш ўринларини яратиш, тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳоли даромадларини оширишга қаратилган янги молиявий механизмлар жорий этилмоқда.

Бу борада Президентнинг 2026 йил 11 сентябрдаги ПФ-193-сон Фармони билан барқарор иш ўринларини яратиш ва кичик бизнесни жадал ривожлантиришга қаратилган янги чора-тадбирлар белгиланди. Ҳужжат 2026 йил 12 сентябрдан кучга кирган.

Янги тартибнинг муҳим жиҳати — имтиёзли кредит ресурсларини тақсимлашда туман ва шаҳар штабларининг ваколатлари кенгайтирилаётганидир.
 

Туман ва шаҳар штабларига 3,2 трлн сўм ресурс йўналтирилади

Фармонга кўра, 2026 йил якунига қадар туман ва шаҳар штаблари ихтиёрига жами 3,2 трлн сўм ресурс йўналтирилади.

Ушбу маблағлар қуйидаги манбалар ҳисобидан шаклланади:

▪️ оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари — 1 трлн 370 млрд сўм;

▪️ ёшлар тадбиркорлиги дастурлари — 450 млрд сўм;

▪️ тадбиркорлик кредитлари бўйича фоиз харажатларини компенсация қилиш учун — 300 млрд сўм;

▪️ «Саховат ва кўмак», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари» жамғармалари — 760 млрд сўм;

▪️ Камбағалликни қисқартириш давлат мақсадли жамғармаси — 240 млрд сўм;

▪️ Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси — 100 млрд сўм.

 

Лидер тадбиркорларга 5 млрд сўмгача гаровсиз кредит

Фармонда тадбиркорларни қўллаб-қувватлашнинг яна бир муҳим механизми белгиланган.

Жумладан, Ижтимоий реестрга киритилган оилаларни кооперацияга жалб қилган лидер тадбиркорларга туман ёки шаҳар штаби қарори асосида гаров таъминотисиз 5 млрд сўмгача кредит ажратилиши мумкин.

Бунда кредит миқдори жалб қилинган ҳар бир оила учун 50 млн сўм ҳисобида белгиланади.

Яъни тадбиркор қанча кўп эҳтиёжманд оилани кооперацияга жалб қилса, унга ажратилиши мумкин бўлган кредит миқдори ҳам шунга мутаносиб равишда ошади.

 

Кредит фоизининг бир қисми компенсация қилинади

Яна бир муҳим янгилик — 2026 йил 1 октябрдан ўзини ўзи банд қилган шахслар ҳамда кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектларига берилган банк кредитлари бўйича фоиз харажатларининг бир қисмини компенсация қилиш механизми жорий этилади.

Компенсация туман ва шаҳар штаблари қарорлари асосида «Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси» АЖ ёки белгиланган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

Бунда компенсация ажратишда кредит тарихи, тадбиркорлик субъектининг тоифаси, барқарорлик рейтинги ва бошқа қўшимча талабларни жорий этишга йўл қўйилмайди.

Шу билан бирга, бир кредит бўйича бир хил фоиз харажатларини икки марта компенсация қилишга йўл қўйилмайди.

 

Кредит шартларини ҳудуднинг ўзи белгилайди

Янги механизмнинг яна бир жиҳати шундаки, туман ва шаҳар штабларига оилавий ҳамда ёшлар тадбиркорлиги дастурлари доирасидаги имтиёзли кредит ресурсларини бошқариш ваколати берилмоқда.

Штаблар маҳаллий шароит ва лойиҳанинг хусусиятидан келиб чиқиб:

▪️ молиялаштириш йўналиши ва миқдорини;

▪️ кредит муддатини;

▪️ имтиёзли даврни;

▪️ тўлов графигини;

▪️ зарур ҳолларда муддатни узайтириш ёки реструктуризация қилиш шартларини белгилаши мумкин.

Бунда молиялаштиришдан олдин лойиҳанинг реал бозори, харидори, буюртмаси ва маблағни қайтариш манбасини аниқлашга алоҳида эътибор қаратилади.
 

Ижтимоий ёрдам тизимида ҳам янги ёндашув

Фармон нафақат тадбиркорликни молиялаштириш, балки эҳтиёжманд оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш механизмларини ҳам ўзгартиради.

2027 йил 1 январдан аҳолининг ижтимоий ёрдам ва хизматларга эҳтиёжи фақат молиявий ҳолатга қараб эмас, балки оила аъзоларидаги сурункали касалликлар, ногиронлик, ташқи меҳнат миграцияси, оиладаги болалар сони каби омилларни ҳисобга олган ҳолда кўп ўлчовли баҳолаш тизими асосида аниқланади.

Оилаларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати балли скоринг тизими орқали баҳоланиб, натижасига кўра тегишли тоифаларга ажратилади.

Шунингдек, давлат ижтимоий қўллаб-қувватлаш чоралари ваучер орқали тақдим этилиши белгиланган.

 

Аёллар учун ҳам янги имконият

2027 йил 1 январдан меҳнат шартномаси асосида ишлаётган хотин-қизларга ҳомиладорлик ва туғиш таътили тугаган кундан бошлаб фарзанди бир ёшга тўлгунга қадар болани парваришлаш нафақаси тўлаш тартиби жорий этилади.

Бундан ташқари, Ижтимоий реестрнинг «давлат таъминотидаги оила» тоифасига киритилган оила аъзоларига оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида 2026 йилда қўшимча 100 млрд сўм, 2027 йилда 300 млрд сўм фоизсиз кредитлар ажратилади.

 

Фармон билан тадбиркорликни молиявий қўллаб-қувватлашнинг янги механизмлари жорий этилмоқда. Хусусан, туман ва шаҳар штабларининг кредит ресурсларини тақсимлашдаги ваколатлари кенгайтирилиб, тадбиркорлар учун гаровсиз кредит, кредит фоизларини компенсация қилиш ва имтиёзли молиялаштириш имкониятлари белгиланмоқда.

Эътиборли жиҳати шундаки, молиялаштиришда асосий мезон маблағни шунчаки ажратиш эмас, балки янги лойиҳаларни ишга тушириш, бизнес фаолиятини кенгайтириш, барқарор иш ўринларини яратиш ва аҳоли даромадларини ошириш натижаси ҳисобланади.

Шу тариқа янги механизмлар тадбиркорликни рағбатлантириш билан бирга, аҳолининг даромад манбаларини кенгайтириш ва эҳтиёжманд оилаларни иқтисодий фаолликка жалб этишга қаратилган.

Бекжон Исмаилов,
ҳуқуқшунос


 

Улашиш: