Ўзбекистон
26.07.2025
43
Бугун жамиятдаги ҳар бир воқеа-ҳодиса ижтимоий тармоқларда акс-садо бермоқда. Ҳар куни яхши-ёмон хабарларни ўқиб, бунга кўникиб ҳам қолдик. Таажжубки, аҳоли ҳар қанча огоҳликка чақирилмасин, барибир кўпчилик одамлар фирибгарлар тузоғига илиниб қолмоқда. Бунга уларнинг ишонувчанлиги, соддалиги сабаб бўлмоқда. Аслида фирибгарларнинг тузоғига илиниш ҳуқуқий билим етишмаслигидан содир бўладиган жараёндир. Қуйидаги ҳаётий ҳолатлар ҳам фикрларимизни яққол тасдиқлайди.
– Мактабда ўқитувчи бўлиб ишлайман. Ойлик маошим – эл қатори. Учта фарзандим ҳам ижара уйларда катта бўлишди. Тишимнинг ковагида асраб, йиғиб юрганимни бир таниш аёлнинг гапига кириб, унинг қўлига тутқаздим. Менга субсидияга уй гаплашиб бермоқчи эди. Орадан икки йил ўтди ҳамки, 3 минг доллар пулимнинг бир чақасиниям қайтариб ололмадим. Ҳозир у аёлнинг иши судда. Лекин на номида уй-жойи, на машинаси, бирор нарсаси йўқлиги учун пулларимни қайтариб ололмайман. Адвокат учун ҳам пул тўладим, судга беришга ҳам давлат божи тўладим... Бировга ишониш шунақа бўларкан... Орада бу ишимни турмуш ўртоғимдан яширганим учун оилам бузилай деди. Орамиздаги муносабатга ҳам бу ишлар таъсир қилмай қўймади. Ниятим уйли бўлиш эди. Ниятим яхши эди. Қилган ишимдан пушаймонман. Лекин у фирибгар аёлда пушаймонликдан асар ҳам кўрмадим. Тили ширин аёл эди-да, ширин гапига учибман мен аҳмоқ. Опажон, опажон, деган гапларига ишониб, алданиб ўтирибман мана.
– Опам ишхонасидан бир гап топиб келди – бошланишига икки минг доллар берсак, янги қурилаётган уйлардан олсак бўларкан. Ўзим устачилик қиламан. Пешона терим билан йиғиб-терганим бор эди. Опамни кунлик ишларда ишлаб топганлари, мени топган-тутганимни йиғиб, ҳужжатли ишлари билан қўшганда 2 ярим минг долларни ўша аёлни қўлига тутқаздик. Ўзимиз икки хонали домда турамиз. Синглимни турмушга берганмиз. Ҳозир икки фарзанди, бир ўғил, бир қизи бор. Турмуши тинч, худога шукур. Лекин опамни турмуши ўхшамади. Бир ўғлини ўзимиз катта қилаяпмиз. Мени ёшим ҳам ўттизга бориб қолди. Уйланишим учун алоҳида уй-жой керак. Оилада ёлғиз ўғилман. Опамга ҳам ука, ҳам ака ўрнидаман. Хуллас, ўша аёлга майда-майда қилиб, бўлиб-бўлиб бериб юриб, 5 минг доллар пул бериб қўйибмиз уйга деб. Орадан бир йилдан ортиқ вақт ўтди. Уйимизга унча узоқ бўлмаган жойда қурилаётган янги уйлардан биттасига олиб бориб, эшигигача очиб кўрсатди у аёл. Алданганимизни у аёлни тополмай қолган кунимиз билдик. Ўзи опам билан анча вақт бирга ишлаган аёл. Шунга, ишонибмиз... Пешона теримиз билан топганимизни бировни қўлига тутқазиб ўтирибмиз-да, опа.
Ҳар икки ҳолат ҳам пойтахтимиз Тошкентда содир бўлган воқеа. Тўғри, кейинги икки йил ичида уй-жой қурилиши бўйича қонунчилик талаблари, аҳолининг фикрлаш тарзи ҳам анча-мунча ўзгарди. Лекин шу икки ҳолатдагига ўхшаб ҳалигача алданиб юрганлар оз эмас. Ўқитувчи аёл асли сурхондарёлик. Тошкентда нуфузли олийгоҳни тамомлаб, оила қуриб, ишлаб қолиб кетган. Иккинчи қаҳрмонимиз эса, тошкентлик, пойтахтнинг ўзида туғилиб-ўсган. Оилавий шароитидан келиб чиқиб, имтиёзли уй олишмоқчи бўлишган... Ҳар икки ҳолатда ҳам бир хил вазиятни кўриб, гувоҳи бўлдингиз. Ишонч, соддалик деймизми, осонгина фирибгарнинг тузоғига илиниш, яхши гапига алданиб қолиш ҳолати...
Одамларимиз у қадар содда эмас-эй, дейишга шошилмай туринг, бундан ҳам баттар вазиятларни эшитяпмиз. Ижтимоий тармоқларда алданган фуқароларнинг ўзлари томонидан қайта-қайта огоҳликка чақириқлар берилаётган бўлишига қарамай, барибир одамлар негадир хулоса чиқармаяпти. Тўғри, уй-жой масаласи оғриқли масала. Ҳамма ҳам уйли бўлгиси, ўзининг хонадонида хотиржам яшагиси келади. Лекин ҳаммада ҳам ҳозирги кунда уй-жой сотиб олиш учун пул қайда, дейсиз! Бўлиб-бўлиб тўлашга бўлса ҳам уй олайлик, ижара ташвишидан қутулайлик ёки оила қурсам, алоҳида яшасам, дейдиганлар қанча.
Фирибгарлар тузоғи
Яқинда ижтимоий тармоқлардан бирида фирибгарларга алданган фуқаролар томонидан видеотасвирга олинган лавҳада 200 га яқин фуқаро сохта қурилиш компаниясининг ваъдаларига ишониб, алданиб қолганлиги айтилади. Одамлар умуман уй қуришга рухсатномаси ва ҳужжатлари бўлмаган компанияга пул тўлашган. Ҳатто қурилаётган кўп қаватли уй-жой биносининг зилзилага дош бермаслиги ҳам аниқланган. Фирибгарлар тузоғига тушиб, алданган, пулини қайтариб ололмаётган одамлар эса, норози бўлиб, ҳокимият биноси ёнида тўпланишган. “Шу ўринда аслида бунга ҳокимлик вакиллари айбдорми?” деган савол туғилади. Фуқаролар қонуний нажот излаб келишганидан билса бўладики, улар қонуний тартибларга суянишади, улар дунёда ҳақиқат, адолат борлигидан умидвор. Лекин аслида уларнинг ўзи ўз вақтида ҳуқуқларини яхши билишмагани, оқибатда эса, алданиб қолгани ачинарли.
Алданганлар орасидаги ёшгина бир йигитнинг гапларини эшитинг:
– Шунча одам сарсон бўляпти, ҳамма ишини ташлаб ҳокимликка келди. Ҳаммада ҳар хил фикр, жанжал бўляпти. Бу видеони нима учун тарқатяпман, уй оламан деб “тушиб” қолманглар, илтимос сизлардан! Агар уй олмоқчи бўлсангиз, ҳақиқий, ҳужжатлари тўғри бўлган, ҳисоб рақамга тўлов қилинадиган жойдан уй олинглар! Бўлмаса, умуман уй олиб ўтирманглар!..
Видеолавҳада ўнлаб одамлар 5 миллиард АҚШ долларига “тушиб қолган”и айтилади. Афсусланарли томони, бу эътирозлар биринчиси ҳам, охиргиси ҳам эмаслигидир! Қачон аҳолида ҳуқуқий саводхонлик шаклланса, қаерга, кимга, нима учун пул тўлаётганлигини аниқ билса, ўзи имзолаётган шартнома шартларини пухта ўрганиб, керак бўлса, ҳуқуқшунослар билан маслаҳатлашиб иш тутсагина, балки, шундай ҳолатлар бошқа кузатилмас.
Уй-жой билан боғлиқ фирибгарликлар оддий жиноят эмас! Бу борада алданиб қолганларнинг юрагидан ўтганини, доду фарёдини, қарғишини ҳамма ҳам тушунмайди. Уй-жой муаммоси нималигини бир кун бўлса ҳам бировнинг уйида ижарада яшаганлар ҳис қилади, йиллаб ижара уйларда яшаш азобини тортганлар тушунади.
“Эскроу тизими”
хорижда ва бизда...
Юқоридагига ўхшаш ҳолатлар ҳақида кўп эшитяпмиз. Бугунги кунда уй-жой қурилишида фирибгарларга алданиб қолаётган фуқаролар кўпайгандан-кўпайган. Хусусий қурилиш фирмаларининг кўпчилиги хали уй қурилмасидан туриб, одамлардан пул йиғиб олади, катта-катта ваъдалар билан қурилаётган кўп қаватли уйларни реклама қилади. Ана шундай жимжимадор, “фойдали” таклифлари билан одамларни ўзига жалб қилаётган рекламаларга ишониб, кўпчилик одамлар алданиб қолмоқда.
Шу ўринда савол туғилади. Дунёнинг ривожланган давлатлари тажрибасида ҳам бундай ҳолатлар бўлганми? Ҳа, албатта, бўлган! Энди жаҳон тажрибасидан келиб чиқиб, муаммони хал қилиш йўлларини кўриб чиқсак. Ҳозирги кунда дунёнинг кўплаб мамлакатларида уй-жой қурилишида фирибгарлик ва алдаш ҳолатларининг олдини олиш учун маълум бир қонуний тартиб ўрнатилган. Алданиш, фирибгарларнинг тузоғига илиниш муаммоси фақат Ўзбекистонда эмас, балки дунёнинг бошқа давлатларида ҳам юз берган ҳолат аслида. Ривожланган хорижий давлатларнинг оқилона тажрибаси бу каби муаммоларга қарши қандай чоралар кўрилиши мумкинлигини кўрсатади.
Кўп мамлакатларда қурилиш соҳасида фаолият кўрсатаётган тадбиркорлар учун қатъий лицензиялаш ва рўйхатга олиш тизими мавжуд. Мижозлар пул тўлаганда фақат лицензияга эга қурувчилар билан ишлашга рухсат берилади. Назорат органлари тизимли равишда қурилиш объектларини текширади. Масалан, АҚШ, Британия ва бошқа ривожланган мамлакатларда буюртмачи ва қурувчи ўртасида пул маблағлари махсус эскроу ҳисобларида сақланади. Қурилиш белгиланган босқичга етганида, пул босқичма-босқич берилади. Бу эса, қурувчининг фирибгарлик қилиш имконини сезиларли даражада камайтиради. Қурилиш шартномалари аниқ, ишончли ва судда мустаҳкам ҳимоя қилинадиган ҳолда тузилади. Агар қурувчи ўз мажбуриятларини бажармаса, мижоз осонликча суд орқали ўз ҳуқуқини тиклай олади.
Хориж тажрибасидаги яна бир муҳим жиҳат – қурилиш жараёнида мустақил экспертлар, муҳандислар ва техник назоратчилар қатнашади. Бу қурилиш сифати ва мижозлар манфаатларини таъминлашга ёрдам беради.
Германияда қурилиш компаниялари учун қатъий лицензия талаб этилади ва давлат органлари томонидан доимий назорат олиб борилади. Қурилиш сифатини мустақил экспертлар текширади.
Буюк Британияда эса, қурилиш шартномалари муфассал ва ҳуқуқий жиҳатдан мижозни ҳимоя қиладиган шаклда тузилади. Қурилиш компаниялари учун кафолатлар белгиланади ва мижозлар ҳуқуқини бузиш ҳолатида суд тизими тез ва қатъий чора кўради.
Сингапурда қурилишда мустақил техник экспертлар иштирок этади, улар қурилиш сифатини назорат қилади ва мижозларга объект ҳолати ҳақида маълумот беради.
Канадада уй-жой қурилишида мажбурий кафолатлар ва суғурта жорий қилинган. Қурилиш компанияси қураётган уйнинг маълум муддатда техник носозликлари учун кафолат беради ва мижозлар муаммолар юзага келганда суғурта компанияси орқали маблағ олиш имконига эга.
Австралияда риэлторлар ва қурилиш компаниялари қатъий лицензияланган ва уларнинг фаолияти доимий назорат остида бўлади. Шунингдек, уй сотиб олувчилар учун профессионал маслаҳатчилар хизмати кенг тарқалган.
Японияда қурилиш жараёнида маҳаллий жамоатчилик ва ҳукумат органлари биргаликда назорат олиб боради, шунингдек, қурилиш компаниялари фаолиятида очиқлик ва шаффофлик асосий ўринда.
Жанубий Кореяда қурилишда ишлатиладиган материаллар ва иш жараёнлари давлат томонидан қатъий назорат қилинади. Қурилиш компаниялари сертификатланган материаллардан фойдаланиши шарт.
Финляндияда ҳукумат ижтимоий уй-жой қурилишига катта эътибор беради, шунингдек, хусусий сектор билан ҳамкорликда фуқароларни ҳимоялайдиган дастурлар амалга оширилади. Бу камбағал ёки ўрта табақага тегишли аҳолини уй-жой билан таъминлашга ёрдам беради.
Мамлакатимизда бу борада қандай ишлар амалга оширилмоқда? Жорий йил 27 январда қабул қилинган “Уй-жой қурилиши соҳасини янада ривожлантириш, турар ва нотурар жой объектларини улуш киритиш асосида қуриш жараёнини тартибга солиш механизмларини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–11-сонли Президент фармони соҳада аниқ тартиб-тамойилларни белгилаб берди.
Мазкур фармондан кўзланган асосий мақсад – мамлакатимизда уй-жой қурилиши соҳасини уй-жойларни лойиҳалаштиришдан тортиб, фойдаланишга топширишгача бўлган босқичларда комплекс тартибга солиш, уй-жой қурилиши соҳасини янада ривожлантиришдан иборатдир. Шунингдек, фармон билан инвестицияларни жалб қилиш механизмларини такомиллаштириш ҳамда турар ва нотурар жой объектларини улуш киритиш асосида қуриш жараёнида фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини кафолатлаш ҳам назарда тутилган.
Қурилишга улушдорларнинг маблағларини жалб қилиш 2025 йил 1 июлдан 2025 йил 31 декабрга қадар “эскроу” ҳисобварақлари орқали ҳамда ҳозирда амалда бўлган улушли иштирок этиш тартибида тўғридан-тўғри жалб қилиш механизми бўйича параллел равишда тарафларнинг танловига кўра амалга оширилади. 2026 йил 1 январдан бошлаб эса, фақат “эскроу” ҳисобварақлари орқали амалга оширилади.
Шунингдек, мазкур фармон билан Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда “Шаффоф қурилиш” ахборот тизими доирасида уй-жойлар қурилиши бўйича электрон платформа яратиб, 2025 йил 1 июлдан бошлаб тўлиқ ишлашини таъминлаши белгиланди. Эндиликда қурилишга улушдорларнинг маблағларини жалб қилувчи қурувчи қурилиш ташкилоти ва объект ҳақидаги қуйидаги маълумотларни электрон платформага жойлаштириб боради. Ҳар бир қурилаётган объектнинг лойиҳа бўйича жойлашган аниқ манзили, қаватлари, кириш йўлаклари, хонадонлари ва нотурар жойлар сони ҳамда уларнинг майдони, туташ бўлган ҳудудлар, молиялаштирувчи тижорат банки, сотилган турар ва нотурар жойлар тўғрисидаги маълумотлар мазкур платформага жойлаштирилади. Энг муҳими, ягона маъмурий қурилиш регламентларидаги ҳужжатлар, тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатлари ва ижобий экспертиза хулосаси, қурилиш бошланадиган сана ва фойдаланишга топшириш муддати, қурилиш ҳолати ва қонунчиликда талаб этилиши тақиқланмаган бошқа маълумотлар ҳам платформада жойлаштирилиши шарт.
Мазкур фармонга кўра, маълумотларни электрон платформага жойлаштирмаган қурувчи қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлиши белгиланди. Шунингдек, эндиликда электрон платформага маълумотлари жойлаштирилмаган ва ушбу маълумотлар электрон платформадан кадастр органларига майдонлари кўрсатилган ҳолда бинонинг алоҳида реализация қилинадиган қисмлари тақдим этилмаган объектлар бўйича тузилган улушли шартномаларга нотариал ҳаракатлар амалга оширилмайди ҳамда бундай шартномалар давлат рўйхатидан ўтказилмайди.
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги объект қурилишини рўйхатдан ўтказишда лойиҳа бўйича маълумотларни электрон платформага жойлаштиради ҳамда кадастр органлари, тижорат банклари ва нотариусларга мазкур маълумотларни текшириш имкониятини яратади;
Харидорларга қурувчининг объектда қурилиш-монтаж ишларини бажариш юзасидан рухсатномаси мавжудлигини, унинг рейтингини, олдинги лойиҳаларини, улушли қурилишдаги шартномавий интизомини, ўз вақтида фойдаланишга топшириш муддатларини электрон платформа орқали текшириш имконияти яратилади.
Шунингдек, кўп квартирали уйлар фойдаланишга топширилгунга қадар объектларнинг лойиҳа ҳужжатларига ўзгартириш киритиш ва уни шаҳарсозлик экспертизасига юбориш, қурилиш ишлари якунланмаган объектлар жойлашган ер участкаларини бошқа шахсларга ўтказиш тақиқланади.
Қурилиш соҳасидаги қонунчилик
такомиллаштирилмоқда
Жорий йил 14 апрелда қабул қилинган “Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида давлат назоратини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-66-сонли Президент фармони соҳада аниқ тартиб-тамойилларни белгилаб берди. Энди гап ушбу фармоннинг ижроси қандай бўлишида! Жумладан, мазкур фармонга кўра, қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида давлат назоратини кучайтириш ва манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланди. Шунингдек, фармонда қурилиш-монтаж ишларининг сифати ва лойиҳа ҳужжатларига мувофиқлиги, кўп квартирали уй-жой фондини бошқариш, иссиқлик таъминотидан фойдаланиш, ичимлик суви таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш хизматларини кўрсатиш ҳамда улардан фойдаланиш юзасидан таъсирчан давлат назоратини таъминлаш чоралари ҳақида сўз боради.
Фармонга кўра, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси Вазирлар Маҳкамаси бўйсунувига ўтказилди. Жорий йил якунига қадар қурилиш, кўп квартирали уйларни бошқариш ҳамда ичимлик суви таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш соҳасида назорат функцияларини тўлиқ рақамлаштириш белгиланди.
2025 йил 1 майдан бошлаб тадбиркор ва қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш ҳудудий инспекциялари ўртасида шартнома (оммавий оферта) тузилган бўлса, тадбиркорлик субъектларининг қурилиш объектларида қисқа муддатли давлат қурилиш назорати тадбирлари шартнома шартлари доирасида амалга оширилади ва “Ягона давлат назорати” ахборот тизимида рўйхатдан ўтказилмайди.
Шунингдек, фармонга кўра, 2025 йил 1 сентябрдан бошлаб ҳар бир қурилаётган объектнинг QR-кодли паспорти жорий қилинади. Бунда QR-кодли паспорт орқали шаҳарсозлик субъектлари, қурилиш муддатлари, шаҳарсозлик ҳужжатлари (эскиз лойиҳалари) ва тасдиқланган экспертиза хулосалари ҳақидаги маълумотларни олиш имконияти яратилади.
Фармонга кўра, кўп квартирали уйлардаги жойларни, шунингдек, ертўлаларни қайта қуриш ва қайта режалаштиришда шаҳарсозлик нормаларини бузган ҳолда кўп квартирали уйнинг конструктив қисмлари ва таянч деворларига ўзгартириш киритиш, бузиш ҳамда бинонинг зилзилага бардошлилигига салбий таъсир қиладиган ишларни амалга ошириш тақиқланади.
2025 йил 1 июлдан бошлаб барча ичимлик суви таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш тизими объектларини мажбурий тарзда шартнома асосида технологик аудитдан ўтказиш тартиби жорий этиладиган бўлди. Шунингдек, 2025 йил 1 июлдан бошлаб босқичма-босқич ҳудудий инспекцияларда Қурилиш объектларини онлайн кузатиш маркази ташкил этилиши белгиланди.
Мазкур фармон билан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси фаолиятининг устувор йўналишлари белгилаб берилди. Унга кўра, эндиликда мазкур инспекция барча турдаги қурилиш-монтаж ишлари (автомобиль йўллари ва йўл сунъий иншоотлари бундан мустасно) ҳамда қурилиш ишлари тугалланган объектларни фойдаланишга қабул қилишда шаҳарсозлик тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари, шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари, техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига риоя этилиши юзасидан давлат назоратини амалга оширади. Объектларда уларнинг зилзилага бардошлилигига таъсир қилувчи, шунингдек, инсон саломатлиги ва ҳаётига таҳдид солувчи сифатсиз қурилиш материаллари ва буюмлари қўлланишининг олди олинади.
Янги тартиб фойдалими?
Юқоридаги қонунчилик нормалари талабларидан келиб чиқиб хулоса қиладиган бўлсак, 2025 йил 1 июлдан бошлаб қурувчилар ва мижозлар ўртасида тузиладиган улуш киритиш шартномалари мажбурий тартибда нотариусда тасдиқланиши ва кадастр рўйхатидан ўтказилиши йўлга қўйилди. Яъни, дунё тажрибасида юқори самара бераётган эскроу тизимини Ўзбекистонда ҳам жорий этиш бошланди. Энди ҳали битмаган уйдан квартира сотиб олмоқчи бўлганлар қурувчининг ўзига эмас, банкка тўлов қилади. Қурувчилар ва банклар ўзаро келишув асосида банкда эскроу ҳисобварағини очади, улушдорлар тўлаган пуллар шу ҳисобварақда йиғилади. Уй битмагунча қурувчи компаниялар бу пуллардан фойдалана олмайди.
Энг муҳими, эндиликда банкда очилган эскроу ҳисобварағидаги пуллар қурилишга йўналтирилмайди. Объект тўлалигича тадбиркорнинг маблағлари ва банк берадиган кредит ҳисобига қурилади. Бунда, эскроу ҳисобварағида маблағлар жамлангани, яъни банкнинг риск даражаси юқори эмаслиги сабаб, кредитнинг фоизи ҳам паст бўлади. Уй-жой қуриб битказилиб, улушдорларга берилганидан кейин мана шу ҳисобварақдаги маблағлар девелопер кредит олган бўлса, кредитни сўндиришга йўналтирилади. Фақат битганидан кейин, яъни улушдор уй-жойни қабул қилиб олганидан кейин. Шунингдек, эскроу ҳисобварағига йўналтирилган пул маблағларини тўхтатиб қўйиш ёки ҳисобдан чиқариш тақиқлаб қўйилди. Бу билан ҳам аҳоли маблағлари янада ҳимояланди. Масалан, фуқаро МИБдан қарз бўлиб қолиши мумкин, шундай пайтда ҳам эскроу ҳисобварағидаги маблағларига тегилмайди.
Гулбаҳор ОРТИҚХЎЖАЕВА,
“Инсон ва қонун” мухбири
Улашиш:
Бошқалар
Автомобилда газ баллонларидан фойдаланиш юзасидан тавсиялар
Автомобилларга ўрнатилган газ баллонларининг хавфсиз ва ишончли ишлашини таъминлашда, унинг фойдаланиш муддати асосий мезонларидан бири ҳисобланади.
Жиноят ишларда ярашув амалиётини қўллаш тартиби
Ярашув тўғрисидаги ишлар бўйича суд муҳокамаси жиноят иши судга келган пайтдан эътиборан ўн суткадан кечиктирмай ўтказилади.
Никоҳланувчилардан бири носоғлом бўлса, никоҳ тузиладими?
Оила кодексининг 14-моддасига кўра, никоҳ фақат тарафларнинг ўзаро розилиги асосида тузилади.
Декрет пули декретдан декретга уланса неча фоиз тўлаб берилади?
Декрет пули бу аёллар ҳомиладорлик ва туғруқ таътили вақтида оладиган нафақа пули.