currencies image

11 806,97 UZS

18,43

usd

currencies image

13 430,43 UZS

52,89

eur

currencies image

139,86 UZS

0,48

ru



АсосийЯнгиликларУстоз мақоми – жамият тараққиёти ва келажак авлод камолотининг муҳим омили

Устоз мақоми – жамият тараққиёти ва келажак авлод камолотининг муҳим омили

Ўзбекистон

calendar

22.10.2026

eye

125

Устоз мақоми – жамият тараққиёти ва келажак авлод камолотининг муҳим омили

Дунёда ҳар қандай давлатнинг тараққиёти, жамиятнинг маънавий-интеллектуал салоҳияти ва келажак авлоднинг қандай вояга етиши, аввало, таълим тизими ва унда фаолият юритаётган ўқитувчиларнинг билим ҳамда касбий маҳоратига бевосита боғлиқдир. Зеро, инсон камолотида, унинг мустақил фикрлайдиган, билимли, масъулиятли ва жамият ҳаётида фаол иштирок этадиган шахс сифатида шаклланишида устоз ва мураббийларнинг ўрни беқиёсдир.

Шу маънода, жорий йилнинг 5 октябрь куни жаҳон ҳамжамияти томонидан нишонланган Бутунжаҳон ўқитувчилар куни нафақат педагогларнинг фидокорона меҳнатини эътироф этиш, балки уларнинг жамиятдаги мақомини мустаҳкамлаш, касбий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва таълим сифатини ошириш масалаларига халқаро жамоатчилик эътиборини қаратишда муҳим аҳамият касб этди.

Бутунжаҳон ўқитувчилар куни 1994 йилдан буён ҳар йили 5 октябрда ЮНЕСКО, Халқаро меҳнат ташкилоти, БМТ Болалар жамғармаси – ЮНИСЕФ ҳамда Таълим интернационали ҳамкорлигида нишонлаб келинмоқда.

Мазкур сана 1966 йил 5 октябрда ЮНЕСКО ва Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан қабул қилинган «Ўқитувчиларнинг мақоми тўғрисида»ги тавсия билан бевосита боғлиқдир.

Ушбу халқаро ҳужжат педагогларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, уларни касбга тайёрлаш, ишга қабул қилиш, меҳнат шароитларини яхшилаш, касбий ривожланишини таъминлаш ҳамда жамиятдаги нуфузини оширишга оид асосий халқаро мезонларни белгилаб берган.

2026 йилда мазкур халқаро тавсия қабул қилинганига 60 йил тўлиши Бутунжаҳон ўқитувчилар кунига алоҳида тарихий аҳамият бағишлади. Шу муносабат билан жорий йилги халқаро тадбирлар «Ўқитувчиларни қўллаб-қувватлаш: касбни ҳимоя қилиш, унинг мақомини юксалтириш ва келажагимизни шакллантириш йўлидаги 60 йил» ғояси асосида ташкил этилди.

Бу орқали ўқитувчиларнинг меҳнатини муносиб қадрлаш, уларнинг ижтимоий ва иқтисодий ҳимоясини кучайтириш, касбий мустақиллигини таъминлаш ҳамда таълим сиёсатини ишлаб чиқиш жараёнларида педагоглар иштирокини кенгайтириш зарурлигига эътибор қаратилди.

Бугунги кунда жаҳон таълим тизими жиддий ўзгаришлар даврини бошдан кечирмоқда. Рақамли технологиялар, сунъий интеллект, глобал меҳнат бозоридаги ўзгаришлар, иқлим муаммолари ва ижтимоий тенгсизлик таълим мазмуни ҳамда ўқитувчилар олдига янги талабларни қўймоқда.

ЮНЕСКОнинг 2026 йил 5 октябрда эълон қилган маълумотларига кўра, дунё бўйича 107 миллион нафар ўқитувчи фаолият юритмоқда. Бироқ 2030 йилга қадар мактабгача, бошланғич ва ўрта таълимдан умумий фойдаланиш имкониятини таъминлаш учун яна 50 миллион нафар педагогга эҳтиёж мавжуд.

Бу кўрсаткичлар жаҳон миқёсида ўқитувчилар етишмаслиги нафақат таълим тизими, балки барқарор тараққиёт билан боғлиқ муҳим муаммолардан бири эканини кўрсатади.

Ўқитувчилар етишмаслиги, уларнинг меҳнат шароитлари етарли даражада таъминланмаслиги, касбий фаолиятда ортиқча юкламаларнинг мавжудлиги ва малака ошириш имкониятларининг чекланганлиги таълим сифатига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Шу боис, БМТнинг 2030 йилгача бўлган Барқарор ривожланиш кун тартибида белгиланган тўртинчи мақсад – барча учун инклюзив ва адолатли сифатли таълимни таъминлаш ҳамда бутун умр давомида таълим олиш имкониятларини рағбатлантиришда ўқитувчиларнинг ўрни алоҳида эътироф этилган.

Замонавий таълимда педагог фақат билим етказувчи эмас, балки ўқувчини мустақил фикрлашга, ахборотни таҳлил қилишга, муаммоларга ечим топишга ва жамият олдидаги масъулиятини англашга ўргатувчи шахс сифатида намоён бўлмоқда.

Айниқса, сунъий интеллект ва рақамли таълим воситалари кенг жорий этилаётган шароитда ўқитувчининг тарбиявий вазифаси ўз аҳамиятини янада оширмоқда. Чунки технологиялар ахборот олиш ва билимларни ўзлаштириш имкониятларини кенгайтирса-да, инсонпарварлик, меҳр-оқибат, масъулият ва миллий қадриятларни ёш авлод онгига сингдиришда устознинг шахсий намунаси муҳимлигича қолмоқда.

Шу нуқтаи назардан, ўқитувчилар мақомини мустаҳкамлаш, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва касбий салоҳиятини ошириш бугунги кунда халқаро таълим сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.

Ўзбекистонда ҳам таълим тизимини ривожлантириш, ўқитувчи ва мураббийларнинг жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлаш ҳамда уларнинг меҳнатини муносиб рағбатлантириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган.

Мамлакатимизда ҳар йили 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни умумхалқ байрами сифатида нишонланиши устозларга бўлган юксак ҳурмат ва эътиборнинг ёрқин ифодасидир. Ушбу миллий байрамнинг 5 октябрь – Бутунжаҳон ўқитувчилар куни билан бир даврга тўғри келиши Ўзбекистонда педагогларни эъзозлаш борасидаги миллий анъаналар ва халқаро тамойилларнинг уйғунлигини намоён этади.

Сўнгги йилларда педагогларнинг ҳуқуқий мақомини мустаҳкамлаш мақсадида муҳим қонунчилик ислоҳотлари амалга оширилди. Хусусан, 2024 йил 1 февралда қабул қилинган «Педагогнинг мақоми тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ўқитувчиларнинг касбий фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва асосий кафолатларини белгилаб берди.

Мазкур қонун педагогларнинг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш, уларнинг касбий фаолиятига ноқонуний аралашувларнинг олдини олиш, меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш ҳамда ижтимоий ҳимоясини кучайтириш учун муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Айниқса, педагогларни касбий вазифалари билан боғлиқ бўлмаган ишларга жалб қилишни чеклаш, уларнинг таълим бериш ва касбий ривожланиш учун зарур шароитларга эга бўлишини таъминлаш масалалари устувор аҳамият касб этади.

2026 йилда мамлакатимизда ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан ташкил этилган тадбирлар ҳам педагоглар меҳнатини қадрлашга қаратилган давлат сиёсатининг изчил давом этаётганини кўрсатди.

Жумладан, жорий йилнинг 30 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг устоз ва мураббийлар билан учрашувида таълим тизимини ривожлантириш, ўқитувчиларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг касбий салоҳиятини оширишга қаратилган янги ташаббуслар илгари сурилди.

Учрашувда кейинги беш йил давомида халқаро ва миллий сертификатга эга ўқитувчилар сони 29 минг нафардан 143 минг нафарга етгани, мактабларда педагоглар етишмаслиги уч баробар камайгани таъкидланди.

Шунингдек, ўқитувчиларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш, юқори натижаларга эришган педагогларни моддий рағбатлантириш, фан олимпиадалари ғолибларини тайёрлаган устозларни қўллаб-қувватлаш ҳамда илғор муаллимларни хорижда стажировкадан ўтказиш бўйича вазифалар белгиланди.

Хусусан, минг нафар педагогнинг хорижда стажировка ўташини ташкил этиш, ўқитувчилар учун касбий ривожланиш дастурларини янада мослашувчан қилиш ва илғор таълим муассасалари тажрибасини оммалаштириш каби ташаббуслар педагоглар салоҳиятини юксалтиришга қаратилган муҳим қадамлардир.

Мазкур ислоҳотлар Бутунжаҳон ўқитувчилар кунининг 2026 йилги асосий ғоялари, яъни ўқитувчиларнинг ҳуқуқий, касбий ва ижтимоий мақомини мустаҳкамлаш борасидаги халқаро устувор вазифалар билан ҳамоҳангдир.

Мамлакатимизда таълим тизимини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, аввало, инсон капиталини юксалтириш ва ҳар томонлама етук авлодни тарбиялашга қаратилган.

Президент мактаблари, ихтисослаштирилган таълим муассасалари, замонавий касб-ҳунар таълими ва олий таълим тизимидаги ўзгаришлар ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш учун янги имкониятларни яратмоқда.

Бу жараёнда ўқитувчиларнинг замонавий педагогик технологияларни ўзлаштириши, ахборот-коммуникация воситаларидан самарали фойдаланиши, хорижий тилларни билиши ва халқаро тажрибани амалиётга татбиқ этиши алоҳида аҳамиятга эга.

Шу билан бирга, таълимда тенг имкониятларни таъминлаш ҳам муҳим вазифа бўлиб қолмоқда. Хусусан, олис ҳудудларда яшовчи болалар, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандлари ва ногиронлиги бўлган ўқувчилар учун сифатли таълимдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришда педагогларнинг малакаси ва инклюзив таълимга тайёргарлиги ҳал қилувчи ўрин тутади.

Мамлакатимизда инклюзив шароитлар яратилган мактаблар сони 3 минг 591 тага етган. Бу каби натижалар алоҳида таълим эҳтиёжларига эга болаларни жамият ҳаётига тўлақонли жалб қилиш ва уларнинг ҳуқуқларини таъминлаш учун муҳим аҳамиятга эга.

Бинобарин, таълим сифати фақат замонавий бинолар, дарсликлар ва технологиялар билан эмас, балки улардан самарали фойдалана оладиган, ҳар бир боланинг қобилиятини юзага чиқаришга интиладиган билимли ва фидойи ўқитувчилар фаолияти билан белгиланади.

Бу борада оила, таълим муассасаси ва жамият ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ўқитувчиларнинг обрў-эътиборини ошириш, ёшларда устозларга ҳурмат туйғусини шакллантириш ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Бутунжаҳон ўқитувчилар кунининг 2026 йилда нишонланиши яна бир бор шуни кўрсатдики, педагогларни қўллаб-қувватлаш фақат алоҳида касб вакилларининг манфаатларини ҳимоя қилиш билан чекланмайди. Бу, аввало, жамиятнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш, ижтимоий адолатни таъминлаш ва келажак авлод учун муносиб ҳаёт шароитларини яратиш билан чамбарчас боғлиқдир.

Ўқитувчига яратилган муносиб меҳнат шароити, унинг касбий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ижтимоий кафолатларини мустаҳкамлаш ва малакасини мунтазам ошириб бориш имконияти таълим тизимининг барқарор ривожланишига хизмат қилади.

Ўзбекистонда мазкур йўналишда амалга оширилаётган ислоҳотлар педагогларнинг жамиятдаги мақомини юксалтириш, таълим сифатини халқаро талаблар даражасига олиб чиқиш ва билимли, ташаббускор ҳамда ватанпарвар ёш авлодни тарбиялашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Хулоса қилиб айтганда, 2026 йил 5 октябрда нишонланган Бутунжаҳон ўқитувчилар куни педагоглар меҳнати ва уларнинг жамият тараққиётидаги ўрнини яна бир бор эътироф этиш, шунингдек, ўқитувчилар ҳуқуқларини таъминлаш соҳасидаги долзарб вазифаларни муҳокама қилиш учун муҳим имконият бўлди.

1966 йилда қабул қилинган халқаро тавсиянинг 60 йиллиги эса ўқитувчи мақомини ҳимоя қилиш ва юксалтириш масалалари бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаганини кўрсатди.

Зеро, устозга кўрсатилган эҳтиром – илм-маърифатга, ёш авлодга ва миллат келажагига кўрсатилган эҳтиромдир. Таълимга йўналтирилган ҳар бир саъй-ҳаракат, педагогларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга қаратилган ҳар бир ташаббус жамиятнинг барқарор ва фаровон келажаги учун хизмат қилади.

Фарҳод Ҳайитбоев,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази
бўлим бошлиғи, профессор, юридик фанлар номзоди

Улашиш: