Ўзбекистон
01.05.2025
387
Электр энергияси ва газ учун янги тарифлар, товарларни божсиз олиб кириш меъёрлари, Hamroh дастури доирасидаги грантлар ва кредитлар - қонунчиликдаги бу ва бошқа ўзгаришлар май ойидан кучга кирди.
Мувофиқликни рўйхатга олиш осонлашади
Мувофиқлик декларациясини сертификатлаштириш органларида рўйхатдан ўтказиш тартиби бекор қилинади. Кўрсатилган санадан бошлаб декларацияни шакллантириш ва ҳисобга олиш Техник жиҳатдан тартибга солиш ахборот тизими орқали амалга оширилади.
Божсиз олиб киришнинг янгиланган меъёрлари
Жисмоний шахслар томонидан шахсий эҳтиёжлари учун нотижорат мақсадларда республикага олиб кириладиган товарларни божсиз олиб киришнинг қуйидаги меъёрлари белгиланади:
— ҳаво транспортида – 1 000 АҚШ доллари;
— темир йўл ва дарё транспортида – 500 АҚШ доллари;
— автомобиль (пиёда) ўтказиш пунктлари орқали – 300 АҚШ доллари;
— халқаро курьерлик жўнатмалари орқали – 200 АҚШ доллари;
— халқаро почта жўнатмалари орқали – 100 АҚШ доллари.
Банкларга қўшимча ҳуқуқлар
Устав фондида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган банклар ва улар ҳузуридаги инвестиция компаниялари аукционда сотилмасдан қарздорликларни сўндириш эвазига банк балансига олинган мол-мулкларни ўзлари сотиш ҳуқуқига эга. Улар шунингдек бундай мол-мулкни кредит, бўлиб-бўлиб тўлаш ёки лизинг шартномалари орқали сотишлари мумкин.
Электр энергияси ва табиий газ нархлари ошди
Электр энергияси учун янги тарифлар қуйидагича:
🔺 ойига 200 kWh’гача (базавий меъёр доирасида) — 600 сўм (бунгача 450 сўм эди);
🔺 201 - 500 kWh — 800 сўм;
🔺 501 - 1000 kWh — 1 минг сўм;
🔺 1001 - 5000 kWh — 1 минг 500 сўм;
🔺 5001 - 10 000 kWh — 1 минг 750 сўм;
🔺 10 000 kWh ва ундан юқори — 2 минг сўмдан.
🔥 Табиий газ учун янги тарифлар эса қуйидагича:
🗓 Иситиш мавсумида (ноябр-февраль):
🔸 ойига 500 куб/метргача (базавий меъёр доирасида) — 1 минг сўм (бунгача 650 сўм эди);
🔸 501 - 2 500 куб/метргача — 1 минг 800 сўм;
🔸 2 501 - 5 000 куб/метргача — 2 минг 100 сўм;
🔸 5001 - 10 000 куб/метргача — 2 минг 500 сўм;
🔸 10 001 куб/метр ва ундан юқори миқдорда — 3 минг сўм.
🗓 Бошқа мавсумда (март-октябр):
🔸 ойига 100 куб/метргача (базавий меъёр доирасида) — 1 минг сўм;
🔸 101 - 2 500 куб/метргача — 1 минг 800 сўм;
🔸 2 501 - 5 000 куб/метргача — 2 минг 100 сўм;
🔸 5 001 - 10 000 куб/метргача — 2 минг 500 сўм;
🔸 10 001 куб/метр ва ундан юқори миқдор учун — 3 минг сўмдан.
Шунингдек, АГТКШлар учун бир куб/метр табиий газ 2 минг 500 сўмдан (бунгача 1 минг 800 сўм эди) етказиб берилса, иссиқлик электр станциялари ва иссиқлик электр марказлари бунинг учун 1 минг 800 сўмдан (бунгача 1 минг 500 сўм эди) тўлашади.
Аҳолига маиший эҳтиёжлар учун сотиладиган суюлтирилган газнинг 1 килоси эса 2 минг сўм (бунгача 1 минг 600 сўм эди) этиб белгиланди.
Тадбиркорлар устидан шартномавий асослардаги давлат назорати
Тадбиркор ва қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш ҳудудий инспекциялари ўртасида шартнома тузилган бўлса, тадбиркорлик субъектларининг қурилиш объектларида қисқа муддатли давлат қурилиш назорати тадбирлари шартнома шартлари доирасида амалга оширилади ва "Ягона давлат назорати" ахборот тизимида рўйхатдан ўтказилмайди.
Давлат органлари кадрлар бўлимлари бошлиқларини аттестациядан ўтказиш
2025 йил 1 майдан бошлаб:
— республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг инсон ресурсларини бошқариш бўйича фаолиятини давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи баҳолаб боради;
— республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг инсон ресурсларини ривожлантириш ва бошқариш бўлинмаларининг раҳбарлари ушбу қарор талаблари асосида давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги махсус ваколатли давлат органида аттестациядан ўтадилар.
Фонограммадан фойдаланишни чеклаш чоралари
2025 йил 1 майдан бошлаб:
— Давлат бюджети ва бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан молиялаштириладиган барча концерт-томоша тадбирларида фонограммадан фойдаланиш босқичма-босқич чекланади;
— концерт-томоша тадбирлари рекламасида тегишинча «Жонли ижро», «Фонограммадан фойдаланган ҳолда жонли овоз» ёки «Фонограммали концерт дастури» белгилари кўрсатилиши керак;
— ижодкорларни давлат мукофотларига тавсия этишда, биринчи навбатда, уларнинг жонли ижродаги маҳорати инобатга олинади.
Энергия истеъмоли учун компенсация чоралари
2027 йил 1 апрелга қадар «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими орқали болалар нафақаси ва ёрдамини олувчи ҳамда Камбағал оилалар реестрига киритилган оилаларга, шунингдек, реестрларга киритилмаган (даромади ҳар бир оила аъзосига энг кам истеъмол харажатларининг 1,5 бараваридан ошмайдиган) кам таъминланган оилалар мезонларига тушувчи оилаларга:
— нархлар ўртасидаги фарқ ойига электр энергияси истеъмоли бўйича базавий меъёрдан 150 кВт/соат юқори бўлганда;
— табиий газ истеъмоли бўйича иситиш мавсумида ойига базавий меъёрдан 250 куб метргача, бошқа даврларда ойига базавий меъёрдан 150 куб метргача ортиқ фойдаланилган қисми учун базавий меъёр доирасидаги ҳамда базавий меъёрдан ошган нархлар ўртасидаги фарқ компенсация қилиб берилади.
Креатив парк резидентлари учун солиқ имтиёзлари
2031 йил 1 январгача креатив парк резидентларига қуйидаги солиқ имтиёзлари белгиланади:
— ижтимоий солиқни ҳамда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини 50 фоиз камайтирилган ставкада тўлаш;
— резидентларни товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан олган даромади миқдоридан қатъи назар айланмадан олинадиган солиқ тўловчилар тоифасига киритиш. Бунда резидентлар ўз истагига биноан умумбелгиланган солиқ солиш тартибига ўтишлари мумкин.
Тадбиркорлик субъектларининг йириклашувини рағбатлантириш
Ўзини ўзи банд қилган шахслар якка тартибдаги тадбиркор ёки юридик шахс сифатида давлат рўйхатидан ўтказилганда, давлат божи ундирилмайди.
Шунингдек, ўз фаолиятини тегишинча якка тартибдаги тадбиркор, микрофирма ёки кичик корхона тоифасигача йириклаштирган ўзини ўзи банд қилган шахслар ва тадбиркорлик субъектларига Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури доирасида 50 миллион сўмгача, Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш комплекс дастури доирасида – 150 миллион сўмгача гаровсиз кредитлар берилади.
Ўз фаолиятини тегишинча ўрта ёки йирик бизнес тоифасигача йириклаштирган тадбиркорлик субъектларига – бир йил давомида қўшилган қиймат солиғи суммаси ўрнини қоплаш (қайтариш) етти кун муддатда амалга оширилади.
«Hamroh» дастури доирасида грант ва кредитлари
«Hamroh» тадбиркор аёлларни қўллаб-қувватлаш дастури доирасида:
— аёлларга "яшил лойиҳалар" ва IT соҳасидаги лойиҳаларни амалга оширишига, шунингдек камида 5 нафар аёлнинг тадбиркорлигини йўлга қўйишга кўмаклашган 1 минг нафар "устоз" тадбиркорларга 50 миллион сўмгача грант ажратиш ташкил қилинади;
— ижобий кредит тарихига эга бўлган аёлларга 100 миллион сўмгача гаровсиз кредит ажратилади;
— аёл-тадбиркорлар томонидан кредит ҳисобидан сотиб олинаётган асбоб-ускуналар етказиб берилгунга қадар "Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси" АЖ кафиллик тақдим этади.
Тадбиркорларда солиқ текшируви ўтказишнинг янги тартиби
«Солиқ хавфини аниқлаш, таҳлил қилиш ва баҳолаш» автоматлаштирилган дастури натижаларига асосан солиқ базасини яшириш (камайтириб кўрсатиш) ҳолатлари бўйича ўтказиладиган солиқ текширувларига текширувларнинг бошланиши ҳақида камида 10 иш куни олдин тадбиркорлик субъектини хабардор қилиш талаби татбиқ этилмайди.
«Тоза қўллар» дастури ишга туширилади
Барча соғлиқни сақлаш ва таълим муассасаларида қўл ювиш жойларини санитар-гигиеник воситалар билан таъминлаш ва санитар хоналарнинг техник ҳолатини яхшилашни назарда тутувчи «Тоза қўллар» дастури ишга туширилади.
Тошкент ва Нукус шаҳарлари, шунингдек, вилоят марказларида қуйидаги йўналишлар бўйича янги лойиҳаларни амалга ошириш тақиқланади:
— асбест ва цемент, шлам ва шлакларни ишлаб чиқариш;
— тери-ошловчилик, паррандачилик фабрикалари;
— юқори самарали чанг тутувчи ва газни тозаловчи иншоотлар билан жиҳозланмаган ҳар қандай турдаги кўмирни ёқиш;
— қора ва рангли металлургия, таркибида заҳарли аралашмалар, заҳарли кимёвий моддалар бўлган шиша заводлари;
— хавфлилик даражаси бўйича I ва II тоифага мансуб чиқиндиларни қайта ишлаш ва ёқиш корхоналари.
«Ҳалол» белгиси билан маркировка қилишнинг янги тартиби
Ислом мамлакатлари стандартлари ва метрология институти талабларига мувофиқ сертификатланган маҳсулотлар ва хизматларни "Ҳалол" белгиси билан маркировка қилишни бошлаш режалаштирилмоқда.
Солиқ органи ҳуқуқбузарларнинг банк операцияларини тўхтатиб туриши мумкин бўлади.
Тадбиркорлик субъекти солиқ қоидабузарликларини тан олганида, солиқ органи томонидан унинг банк ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш тартиби жорий этилади.
Сув транспортидан фойдаланишнинг янги тартиби
Тезликни автоматик пасайтириш ускунаси билан жиҳозланган, GPS ускунаси ўрнатилган ҳамда миллий GPS мониторинг ва навигация тизимига уланган сув транспорти воситаларидан (ички ёнув двигателли) фойдаланишга рухсат этилади.
Улашиш:
Бошқалар
Ҳар бир ҳудудда реновация жамғармалари ташкил этилади
Президент Шавкат Мирзиёев 9 апрель куни шаҳарсозлик реновациясининг ҳуқуқий асосларини белгилаш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди.
Шу йилнинг 1 сентябридан ҳар бир қурилаётган объектнинг QR-кодли паспорти бўлади
Бу орқали шаҳарсозлик субъектлари, қурилиш муддатлари, шаҳарсозлик ҳужжатлари ва тасдиқланган экспертиза хулосалари ҳақидаги маълумотларни олиш имконияти яратилади.
Прокат шартномаси ва уни тузиш тартиби қандай?
Прокат шартномаси бир йилгача муддатга тузилади.
Нималар муаллифлик ҳуқуқи объекти ҳисобланмайди?
«Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида»ги қонуннинг 8-моддасига кўра қуйидагилар муаллифлик ҳуқуқи объектларига нималар кирмаслиги баён қилинган.