Ўзбекистон
12.06.2025
105
«Энг катта бахт, мен буни минг марта қайтаришдан чарчамайман, оиламиз тинч бўлсин! Оила кичик ватан, оила тинч бўлса, бахтли бўлса, ватан тинч бўлади. Ўша бахтли кунларни, ватанимизнинг, ёшларимизнинг камолини ҳозир ният қилаётганимиз каби кўриш ҳаммамизга насиб этсин!», - дея таъкидлаганлар муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёев.
Албатта, Оила инсоннинг бахт-саодатини таъминловчи муқаддас қўрғондир. Шунга кўра, ҳеч муболағасиз айтиш мумкинки, Оила давлат тизимининг энг муҳим институти, жамиятимиз негизидир.
Зеро, оила фаровонлиги – миллий фаровонлик асосидир.
Оилани мустаҳкамлаш, уни муқаддас даргоҳ сифатида эъзозлаш, оилада эр-хотиннинг ўзаро тинч ва тотув яшаши, бир-бирининг яхши ва ёмон жиҳатларини кўтариши, айб ва камчиликларини кечириши, оиланинг ички масалаларига бошқа шахсларнинг аралашмаслиги каби фазилатлар халқимизга азалдан хос бўлиб, оиладаги фаровонлик муҳитини барқарор бўлишига хизмат қилиб келмоқда.
Оилани – маънавият ва қадрият бешиги, деб билган ҳолда унинг тинч ва саодатли, фарзандларнинг бахтли бўлишида эр-хотиннинг ҳар иккиси ҳам оиладаги ўз бурчларини астойдил адо этишга интилишлари муҳимдир.
Чунки, бахтли оилалар туфайли бахтли жамият вужудга келади. Оилаларда парокандалик бўлса, ўша жамиятда хотиржамлик йўқолади.
Янги Ўзбекистон сиёсатида оиланинг фаровонлигига, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари камситилмаслигига, оилада эр-хотин маънавий баркамол, жисмоний соғлом ёш авлодни тарбиялаши лозимлигига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Оила жамиятнинг асосий бўғини эканлиги ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида эканлиги, никоҳ эса Ўзбекистон халқининг анъанавий оилавий қадриятларига, никоҳланувчиларнинг ихтиёрий розилигига ва тенг ҳуқуқлилигига асосланиши Конституциямизнинг 76-моддасида ҳам алоҳида эътироф этилди.
Ўзбекистон Республикаси Оила кодексида ҳам оилани мустаҳкамлаш, оналик, оталик ва болаликни давлат томонидан муҳофаза қилиш бўйича конституциявий нормалар белгиланган.
Биламизки, судлар оилани сақлаб қолиш, эр-хотинни яраштириш чораларини кўришда тарафларнинг ёки улардан бирининг илтимосига ёхуд ўз ташаббусига кўра ишнинг кўрилишини бошқа вақтга қолдириб, эр-хотинга ярашишлари учун Оила кодексининг 40-моддасида кўрсатилган доирада, яъни олти ойгача бўлган муҳлат тайинлашга ҳақли.
Бироқ, шундай ҳолатлар ҳам бўладики, эр-хотин ўртасида муносабат батамом барбод бўлган, улар узоқ йиллардан буён бирга яшамайди, бошқа-бошқа оила қуриб, фарзандли ҳам бўлишган ёхуд кўп йиллар мобайнида фарзанд кўра олмаганликлари оқибатида бошқа оила қуришга қарор қилишган ёйинки оиладаги бошқа кескин ихтилофлар туфайли бир-бирини кечириб бўлмайдиган вазиятга келиб қолишади. Шунда, судлар ишдаги мақбул далиллар ва яраштириш комиссиясининг хулосасига асосан эр-хотинга муҳлат тайинламасдан ҳам никоҳдан ажратади.
Афсуски, жамиятимизда аёлларни оилавий (маиший) зўравонликка учраш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда.
Бу ҳолатларни олдини олиш мақсадида қонунчиликка оилавий (маиший) зўравонликни содир қилганликда Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 59(2)-моддасига маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳамда Жиноят кодексининг 126(1)-моддасига жиноий жавобгарлик бўйича жазо чоралари белгиланди.
Бундан ташқари, 2025 йилнинг 9 апрель куни қабул қилинган “Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-1053-сонли Қонун билан Ўзбекистон Республикаси Оила кодекси ва Уй-жой кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди.
Қонунда оилавий (маиший) зўравонликдан жабр кўрганларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни янада кучайтириш ҳамда бундай ҳолатлар такрорланишининг олдини олишга қаратилган нормалар белгиланди.
Жумладан, эндиликда никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ишлар кўриб чиқилаётганда суд оилавий (маиший) зўравонликдан жабрланган шахснинг талабига кўра ярашиш учун муҳлат тайинламаслиги белгиланди.
Бундан ташқари, Қонун билан Уй-жой кодексининг 32-моддаси тўлдирилди. Чунончи, турар жойдан фойдаланиш ҳақидаги низолар кўриб чиқилаётганда суд тарафларнинг келишувига асосан мулкдорнинг ташаббусига кўра турар жойга мажбурий тартибда киритилаётган тарафни мулкдорга тегишли мутаносиб шароитларга эга бўлган бошқа турар жойга киритиш ёки ижарага олинган турар жой учун ижара ҳақини тўлаш мажбуриятини мулкдорнинг зиммасига юклатиши мумкинлиги назарда тутилди.
Албатта, ушбу норманинг амалиётга жорий этилиши тазйиқ ва оилавий зўравонлик ҳолатлари мавжуд бўлган оилаларда ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар содир бўлишининг олдини олади, хусусан хотин-қизларнинг ҳам ҳуқуқларини янада мустаҳкамлашга, турар жой масалаларини қонуний ҳал қилишга ҳам хизмат қилади.
Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизими такомиллаштирилиши натижасида Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритилганлиги муносабати билан Олий суд раҳбариятининг ташаббусига кўра, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг айрим қарорларига тегишли қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳам белгилаб олинди.
Судлар томонидан моддий ва процессуал ҳуқуқ нормалари бир хилда қўлланилишига эришиш мақсадида Пленум қарори лойиҳасини ишлаб чиқишда иштирок этган ишчи гуруҳнинг бир аъзоси сифатида мазкур Қонундаги янги нормалар албатта Жамиятимизнинг муҳим бўғини ҳисобланган оилаларни мустаҳкамлашга, уларнинг хавфсизлиги ва фаровонлиги даражасини оширишга, шунингдек хотин-қизларимизнинг ҳам ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги ролини кучайтиришга хизмат қилишини таъкидлаб ўтмоқчиман.
Зеро, асосий мақсадимиз оилаларни мустаҳкамлашга, уларда ўзаро муҳаббат, ҳамжиҳатлик, бир-бирига ёрдам бериш, соғлом муҳитни вужудга келтиришга, янги ижтимоий-иқтисодий шароитларда хотин-қизларнинг манфаатларини қўриқлашга, вояга етмаган болаларни ҳимоялашга қаратилгандир.
Ойбек Қодиров,
Ўзбекистон Республикаси
Олий суди судьяси
Улашиш:
Бошқалар
Мактаб битирувчилари қандай ҳолатларда якуний аттестация топширишдан озод этилади?
Низомнинг иловасига мувофиқ тасдиқланган 59 турдаги якуний давлат аттестациясидан озод қилиш мумкин бўлган касалликларга асосан озод этилади.
“Tashkent Law Spring” тўртинчи халқаро юридик форуми иштирокчиларига
Авваламбор, сизларни “Рақамли технологиялар даври: келажакка ҳуқуқий назар”мавзусидаги “Tashkent Law Spring” IV халқаро юридик форумининг очилиши билан самимий қутлайман.
Энергетика бўйича компенсация ва моддий ёрдамга оид 5 саволга 5 жавоб
Компенсация олиш учун “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ёки маҳаллаларда фаолият юритувчи ижтимоий ходимларга мурожаат қилиш керак.
Малака ошириш даврида ходимга ҳайфсан бериш мумкинми?
Қонуннинг 48-моддаси Давлат фуқаролик хизматчисига интизомий жазо қўллаш мумкин бўлмаган бир қатор ҳолатларни белгилайди.