Ҳуқуқ
03.06.2026
38

Фуқаролик муносабатларида битимларнинг қайси шаклда тузилиши муҳим аҳамиятга эга. Чунки битимнинг шакли кейинчалик тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тасдиқлашда, шунингдек, эҳтимолий низоларни ҳал қилишда муҳим далил вазифасини ўтайди. Бу масала Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 106-моддасида (битимнинг оғзаки шакли) ва 107-моддасида (битимнинг ёзма шакли) тартибга солинган.
Агар қонунчиликда ёки тарафлар келишувида битимни ёзма шаклда тузиш мажбурияти белгиланмаган бўлса, у оғзаки шаклда тузилиши мумкин. Айниқса, тузилган заҳотиёқ бажариладиган битимлар кўпинча оғзаки тузилади.
Шунингдек, шахснинг хатти-ҳаракатларидан унинг битим тузишга бўлган хоҳиш-иродаси аниқ кўриниб турса, бундай ҳолат ҳам битим тузилган деб ҳисобланади. Масалан, автоматдан маҳсулот сотиб олиш, жамоат транспортида йўл ҳақини тўлаш ёки автотураргоҳ хизматидан фойдаланиш шулар жумласидандир.
Жетон, талон, патта ёки одатда қабул қилинган бошқа белгилар орқали тасдиқланган битимлар ҳам қонун бўйича оғзаки битим ҳисобланади.
Қонунчиликда ёзма шакл талаб қилинган ҳолларда ёки тарафлар шу ҳақда келишиб олган бўлса, битим албатта ёзма равишда расмийлаштирилиши керак.
Ёзма битим, қоида тариқасида, тарафлар ёки уларнинг вакиллари томонидан имзоланади. Бугунги кунда имзодан факсимиле усулида фойдаланишга ҳам йўл қўйилади, аммо бу қонунчиликка ёки тарафларнинг талабларига зид бўлмаслиги лозим.
Битимни тузиш учун ҳар доим ҳам ягона шартнома тузиш талаб этилмайди. Тарафлар ўзаро ҳужжат алмашиш орқали ҳам битим тузишлари мумкин.
Хусусан, хатлар, телеграммалар, телефонограммалар, факслар ҳамда тарафларни ва уларнинг хоҳиш-иродасини аниқлаш имконини берадиган бошқа ҳужжатлар қонунчиликка мувофиқ ёзма шаклдаги битимга тенглаштирилади.
Бу норма электрон алоқа воситалари орқали амалга оширилаётган муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилишда муҳим аҳамиятга эга.
Айрим ҳолларда қонунчилик ёки тарафларнинг келишуви билан битим махсус бланкада расмийлаштирилиши, муҳр билан тасдиқланиши ёки бошқа қўшимча талабларга жавоб бериши шарт бўлиши мумкин.
Бундай талабларга риоя этилмаслиги қонунчиликда назарда тутилган ҳуқуқий оқибатларга олиб келиши мумкин.
Агар фуқаро жисмоний нуқсони, касаллиги ёки саводсизлиги сабабли битимни шахсан имзолай олмаса, унинг илтимосига кўра бошқа фуқаро ҳужжатни имзолаши мумкин.
Бунда имзо нотариус ёки тегишли ваколатга эга мансабдор шахс томонидан тасдиқланиши ҳамда битим тузувчининг нима сабабдан ўзи имзо қўя олмаганлиги кўрсатилиши шарт.
Ёзма битимни бажарган тараф иккинчи тарафдан ўз мажбурияти бажарилганлигини тасдиқловчи ҳужжатни талаб қилиш ҳуқуқига эга.
Шунингдек, оғзаки тадбиркорлик битими бўйича мажбуриятни бажарган тараф ҳам бундай ҳуқуқдан фойдаланиши мумкин. Фақат битим тузилган вақтнинг ўзидаёқ бажариладиган ҳолатлар бундан мустасно.
Фуқаролик кодексининг 106 ва 107-моддалари битимларнинг оғзаки ва ёзма шаклларини аниқ белгилаб берган. Ушбу нормалар фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига битимларни қонуний тарзда расмийлаштириш, ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда келажакдаги низоларнинг олдини олиш имконини беради. Шу боис ҳар қандай муҳим аҳамиятга эга келишувларни ёзма шаклда расмийлаштириш энг мақбул йўл ҳисобланади.
Зиёвуддин Намозов,
"Адолат" МҲАМ ходими
Улашиш:
Бошқалар
Транспорт воситалари қандай ҳолларда жарима майдончасига олиб кирилади?
Жарима майдончаси — ҳайдовчиларни жазолаш эмас, балки йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга қаратилган чора ҳисобланади.
Иш вақтини ҳисобга олиш нима ва унинг қандай турлари мавжуд?
Меҳнат муносабатларида иш вақтини тўғри ҳисобга олиш муҳим аҳамиятга эга.
Халқаро оила куни
1994 йилдан бошлаб 15 май кунини - Халқаро оила куни деб белгиланган.
Эр ва хотиннинг умумий мол-мулкини бўлиш тартиби қандай?
Эр ва хотиннинг умумий мол-мулки эр ва хотин ўртасида ўзаро келишув асосида бўлиб олиниши мумкин.