currencies image

12 011,02 UZS

49,13

usd

currencies image

13 958,01 UZS

106,54

eur

currencies image

148,08 UZS

0,79

ru



АсосийЯнгиликларТранспорт воситалари қандай ҳолларда жарима майдончасига олиб кирилади?

Транспорт воситалари қандай ҳолларда жарима майдончасига олиб кирилади?

Life Style

calendar

07.05.2026

eye

33

Транспорт воситалари қандай ҳолларда жарима майдончасига олиб кирилади?

Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш мақсадида айрим ҳолатларда транспорт воситаси вақтинча ушлаб турилиб, махсус сақлаш жойи — жарима майдончасига жойлаштирилади. Бу тартиб қонунчилик билан белгиланган бўлиб, асосан ҳайдовчи томонидан қўпол қоидабузарлик содир этилганда ёки автомобилдан фойдаланиш хавф туғдирганда қўлланилади.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 291-моддасига асосан ички ишлар ходимлари автомашиналар фақатгина қуйидаги ҳолатларда жарима майдончасига жойлаштирилиши мумкин:

— эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш, транспорт воситаларининг ҳаракатланишига чекловлар бузилиши қисмида  (54-модда 2-қисм);

— ов қилиш ва балиқ овлашнинг тақиқланган қуролларини ёки воситаларини тайёрлаш, олиб кириш, сақлаш, ташиш ёки юбориш, олиш ёхуд сотиш, бунда ҳуқуқбузарликни содир этишда машинадан фойдаланилган бўлса (90-1-модда);

— тормоз тизимида, руль бошқарувида ёки уловчи қурилмада носозлиги бўлган ёхуд тегишли рухсатномасиз қайта жиҳозланган бўлса (125-модда 3-қисм);

— фойдаланиш ман этилган транспорт воситаси, давлат рақам белгиси ўзбошимчалик билан ечиб олинган автомобилларини бошқариш (125-модда 5-қисм);

— Давлат рақам белгиси айни шу транспорт воситасига тегишли бўлмаган транспорт воситасини бошқариш  (125-модда 6-қисм);

— Тегишли рухсатномасиз юк машиналарини бошқариш, рухсатномада кўрсатилган ҳаракат йўналишидан четга чиқиш, — (125-1-модда 2-4-қисмлар);

— тонировкадан фойдаланиш (рухсатномаси мавжуд автомобиллар мустасно) (126-модда);

— рухсатсиз товуш чиқарувчи ва ёритувчи махсус қурилмаларни ўрнатиш, давлат рақамини кўриш имкониятини чеклаш  (127-модда 2- қисм);

— Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг тўхташ ёки тўхтаб туриш қоидаларини бузиши  (агар транспорт воситасининг ҳайдовчиси бўлмаса ва йўл ҳаракати иштирокчиларининг ҳаракатланишига халақит берса) (128-6-модда);

— Йўл безорилиги, яъни транспорт воситалари ҳайдовчиларининг бошқа транспорт воситаларининг ҳаракатига қасддан тўсқинлик қилиши (128-10-модда);

— Транспорт воситаларини мастлик ҳолатида бошқариш (131-модда);

— йўл ҳаракати қоидаларини бузиши жабрланувчига енгил тан жароҳати ёки анча миқдорда моддий зарар етказилишига олиб келса (133-модда);

— Ҳайдовчиларнинг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши транспорт воситаларининг ёки бошқа мол-мулкнинг шикастланишига олиб келиши (134-модда);

— Йўл ҳаракати қоидаларида назарда тутилган ҳужжатлари бўлмаган шахсларнинг транспорт воситаларини бошқариши (бундан транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта полиси ёнида мавжуд бўлмаганлиги ҳоллари мустасно) (135-модда);

— Ҳайдовчининг мастлик ҳолатини аниқлаш текширувидан ўтишдан бўйин товлаш (136-модда 1-қисм);

— скутерни, мопедни, велосипедни, индивидуал ҳаракатланиш воситасини, уловли арава ҳайдовчиси мастлик ҳолатини аниқлаш текширувидан ўтишдан бўйин товлаш (136-модда 2 қисм);

— Йўл-транспорт ҳодисаси юз берган жойдан кетиб қолиш (137-модда);

— Автомобиль транспортида йўловчилар ташиш фаолияти билан лицензиясиз шуғулланиш (176-3- модда);

— ички ишлар органи ходимининг транспорт воситасини тўхтатиш тўғрисидаги қонуний талабини бажармаслик (194-модда).

Шунингдек, МЖтКга кўра, агар ҳайдовчи йўл ҳаракати қоидаларини бузгани учун унга жарима тайинланса ва қарор чиққан кундан бошлаб 60 кун ичида жарима тўланмаса, давлат органлари транспорт воситасини вақтинча ушлаб туриш чорасини қўллаши мумкин.

Бу ерда муҳим жиҳат шундаки, жараён электрон тизимлар орқали амалга оширилади. Яъни ваколатли орган жарима тўланмагани ҳақидаги маълумотни автоматик тарзда электрон базада кўради. Шу асосда транспорт воситаси тўхтатилиб, жарима қарори ижро этилгунига қадар ушлаб турилади. Амалда бу автомобиль жарима майдончасига жойлаштирилиши ёки ундан фойдаланиш вақтинча чекланишини англатиши мумкин.

Нормада “ижро юзасидан иш юритиш тугагунига қадар” деган жумла бор. Бу — жарима тўлиқ тўлангунча ёки қарор ижро этилган деб ҳисоблангунча чора сақланиб туришини билдиради.

Шу билан бирга, қоидада муҳим истисно ҳам белгиланган. Агар ҳайдовчи жаримани:

— электрон тўлов тизими;

— мобил иловалар;

— банк кассалари орқали тўлаётган бўлса, транспорт воситасини ушлаб туриш чораси қўлланмаслиги мумкин. Чунки тўлов ҳақидаги маълумот электрон тизимга тезкор тушади ва қарздорлик бартараф этилгани аниқланади.

Хулоса қилганда, жарима майдончаси — ҳайдовчиларни жазолаш эмас, балки йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга қаратилган чора ҳисобланади. Қонун талабларига амал қилиш орқали ортиқча вақт, маблағ ва муаммоларнинг олдини олиш мумкин.

Феруз Жўраев,
"Адолат" МҲАМ ходими

Улашиш: