Ҳуқуқ
24.04.2026
67

Электр энергияси бугунги кунда нафақат иқтисодий, балки ижтимоий барқарорликни таъминловчи асосий ресурслардан бири бўлиб, шу боис, ундан фойдаланиш қоидаларини билиш ҳар бир истеъмолчи учун муҳимдир.
1. Электр энергиясидан фойдаланиш бўйича қандай қонунчилик ҳужжатлари мавжуд?
Электр энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги муносабатлар Ўзбекистон Республикасининг “Электр энергетикаси тўғрисида”ги Қонуни билан тартибга солинади. Бундан ташқари Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 31 майдаги 319-сон қарори билан Электр энергиясидан фойдаланиш Қоидалари тасдиқланган бўлиб, мазкур Қоидалар ўзида электр энергиясини ишлаб чиқариш, етказиб бериш ва истеъмол қилиш талабларини жамлаган. Шу билан бир қаторда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг қатор моддаларида энергиянинг исроф қилинганлиги, ундан фойдаланиш қоидаларини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик чоралари назарда тутилган.
2. Электр энергиясидан фойдаланишда истеъмолчиларнинг қандай ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланган?
Электр энергиясидан фойдаланиш Қоидаларига мувофиқ электр энергиясидан фойдаланувчи юридик ва жисмоний шахслар электр тармоқларига техник шартларга мос ҳолда уланиш, сифатли электр энергиясини олиш ҳамда таъминотдаги узилишлар сабаблари ҳақида белгиланган тартибда ахборот олиш ҳуқуқига эга. Шунингдек, улар истеъмол ҳажмини ўзгартириш бўйича таклифлар киритиш, етказилган зарарларни қоплашни талаб қилиш ва электр таъминоти шартномасини қонунда белгиланган тартибда бекор қилиш ҳуқуқидан фойдаланишлари мумкин. Шу билан бир қаторда истеъмолчилар электр энергиясидан фойдаланишда белгиланган режимга риоя этиши, тўловларни ўз вақтида амалга ошириши ҳамда электр қурилмаларининг техник ҳолатини хавфсизлик талабларига мувофиқ сақлаши шарт. Улар носозликлар, ҳисоблагич ёки муҳр бузилиши ҳолатлари юзага келганда тегишли ташкилотларни хабардор қилишга мажбурдир.
Маиший истеъмолчилардан ташқари субъектлар энергия сарфи меъёрларини ишлаб чиқиш, тежамкорлик бўйича ташкилий-техник чораларни амалга ошириш ҳамда энергия самарадорлигини оширишга қаратилган тадбирларни тасдиқлаш ва бажаришни таъминлаши лозим. Йирик қувватга эга истеъмолчилар эса қўшимча равишда энергия сарфини назорат қилиш тизимларини жорий этиши, балансларни юритиши ва энергия исрофгарчилигини камайтириш чораларини кўриши талаб этилади. Шунингдек, айрим истеъмолчилар учун реактив энергияни компенсация қилиш қурилмаларини ўрнатиш, суткалик ва ойлик истеъмолни ҳисобга олиш ҳамда юкламалар бўйича маълумотларни тақдим этиш мажбурияти белгиланган. Ушбу талаблар электр энергиясидан самарали фойдаланиш ва тизим барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади.
3. Электр энергиясидан фойдаланишда хизмат кўрсатувчи ташкилотларнинг қандай ҳуқуқ ва мажбуриятлари мавжуд?
Қоидаларга мувофиқ истеъмолчиларга электр энергиясини сотиш ва тақсимлаш ҳуқуқига эга бўлган юридик шахслар, яъни ҳудудий электр тармоқлари корхоналари истеъмолчилардан шартнома ва қоидаларга риоя этилишини талаб қилиш, тўлов интизоми бузилганда ёки шартнома шартлари бажарилмаганда етказилган зарарни ундириш ҳуқуқига эга. Шунингдек, қарздорлик юзага келганда ёки техник хавфсизлик талабларига риоя этилмаганда электр таъминотини белгиланган тартибда чеклаш ёки узиш чораларини қўллаши мумкин. ҲЕТК электр тармоқларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш, ускуналарни эксплуатация қилиш, носозликларни бартараф этиш ва электр энергияси сифат кўрсаткичларини давлат стандартларига мувофиқ сақлашга мажбурдир. Улар режалаштирилган узилишлар ва чекловлар ҳақида истеъмолчиларни олдиндан хабардор қилиши ҳамда мурожаатларни белгиланган муддатларда кўриб чиқиши шарт. Шунингдек, ҲЕТК истеъмолчиларга техник шартлар бериш, ҳисоблагичларни ўрнатиш ва қиёслашдан ўтказиш, истеъмолни ҳисобга олиш ҳамда энергия сарфи бўйича маълумотларни юритиш ва тегишли органларга тақдим этиш мажбуриятини бажаради.
4. Қандай ҳолатларда электр энергиясини чеклаб қўйиш ёки узиб қўйиш мумкин?
Электр энергиясидан фойдаланиш Қоидаларининг 165-172-бандлари электр энергиясини чеклаш ёки узиш шартлари мустаҳкамлаб қўйилган. Унга кўра, Электр энергиясини чеклаш ёки узиб қўйиш ягона электр энергетика тизимида қувват ва энергия танқислиги юзага келган ҳолларда, тасдиқланган махсус жадваллар асосида амалга оширилади. Ушбу жадваллар Ҳудудий электр тармоқлари корхоналари томонидан ишлаб чиқилиб, ваколатли давлат органлари билан келишилган ҳолда тасдиқланади. электр энергиясини чеклаш ёки узиб қўйишдан кўзланган ягона мақсад тизим барқарорлигини таъминлаш, аварияларни олдини олиш ҳамда истеъмолчиларни тартибли равишда узиб қўйишдан иборат ва бу тартиб истеъмолчиларни узиб қўйиш қувват ва энергия етишмовчилиги даражасига қараб босқичма-босқич амалга оширилади. Электр энергиясидан фойдаланиш чеклаб қўйилиши назарда тутилганда истеъмолчилар олдиндан ёки заруратга кўра қисқа муддатда хабардор қилинади. Узлуксиз ишлаб чиқариш корхоналари ҳам чеклаш жадвалларига риоя этиши шарт бўлиб, бажарилмаган тақдирда юзага келган оқибатлар учун жавобгарлик зиммасига юкланади. Шунингдек, фавқулодда ҳолатларда ташқи ёритиш, реклама ва айрим электр истеъмол қурилмаларини ўчириш талаби қўйилиши мумкин.
5. Электр энергиясидан фойдаланишда қандай қоидаларни бузиш ҳолатлари назарда тутилган?
Электр энергиясидан фойдаланишда энг кўп учрайдиган қоидабузарликлар қаторига электр тармоқларига ноқонуний уланиш, ҳисоблагичларга аралашиш, пломбаларга шикаст етказиш ҳамда истеъмол қилинган энергия учун тўловларни ўз вақтида амалга оширмаслик киради. Бундан ташқари, электр ва иссиқлик энергиясини беҳуда сарфлаш, яъни ускуналардан ишлаб чиқариш заруратисиз фойдаланиш ёки ёритиш воситаларини хўжасизларча ишлатиш ҳам маъмурий жавобгарликка сабаб бўлади. Бундай ҳолатлар учун мансабдор шахсларга МЖтКнинг 100-моддасига асосан жарима қўлланилади. МЖтКнинг 101-моддасига кўра, умумий фойдаланишдаги электр, иссиқлик ва газ тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиш, ҳисобга олиш асбоблари кўрсаткичларини ўзгартириш ёки пломбаларни бузиш фуқаролар ва мансабдор шахслар учун жарима чораларини келтириб чиқаради. Шунингдек, МЖтКнинг 102-моддасида электр тармоқларини муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш, агар бу электр таъминотида узилиш ёки тармоқларга зарар етказса, маъмурий жавобгарликни юзага келтириши белгиланган. Айниқса, юқори кучланишли тармоқларда жавобгарлик чораси янада кучайтирилган.
Адхамжон Фазилов,
“Адолат” МҲАМ масъул ходими
Улашиш:
Бошқалар
Меҳнат дафтарчасининг ҳуқуқий аҳамияти қандай?
Меҳнат дафтарчаси — бу ходимнинг меҳнат фаолияти ва иш стажини тасдиқловчи асосий восита.
Радарга тушиб қоидабузарлик содир этсам, менга жарима балл ҳисобланадими?
Жарима баллари эндиликда нафақат транспорт воситаси эгасига, балки автомобилни ҳақиқатан бошқариб турган шахсга ҳам ёзилади.
Болаларда гайморитни даволаш
Ҳозир гайморитни даволашнинг энг осон ва қулай усули бор.
“Инсон ва қонун” газетаси ҳамда “Ҳуқуқ ва бурч” электрон обунаси билан танишинг!
Бунинг учун adolatmarkazi.uz сайтига ташриф буюриб, сайтнинг юқори қисмидаги “кириш” тугмаси босилади ҳамда сизга берилган логин ва паролни киритиб “кириш” тугмаси босилади.