Содда талқин
14.08.2026
29

Бугун ижтимоий тармоқлар ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланди. Кўпчиликда ижтимоий тармоқларга кириш учун мобиль ва компьютер қурилмалари мавжудлиги унинг истаган мавзусида чиқиш қилиши, фикр билдириши ва минглаб кузатувчиларга эга бўлиши имкониятини беради. Аммо виртуал оламдаги виртуал эркинликнинг реал ҳуқуқий оқибатлари бор. Хўш, Ўзбекистон қонунчилигида блогер ким деб тан олинади ва уларнинг фаолияти қайси чегаралар билан тартибга солинади?
Ўзбекистон қонунчилигига кўра, блогерлик аниқ ҳуқуқий мажбуриятлар юклайдиган фаолиятдир. «Ахборотлаштириш тўғрисида»ги Қонуннинг 3-моддасига 2014 йил 4 сентябрдаги ЎРҚ-374-сон Қонуни билан блогер тушунчаси киритилган бўлиб, интернет жаҳон ахборот тармоғидаги ўз веб-сайтига ва (ёки) веб-сайт саҳифасига ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган, ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва бошқа хусусиятга эга ахборотни жойлаштирувчи, шу жумладан ахборотдан фойдаланувчилар томонидан ушбу ахборотни муҳокама қилиш учун жойлаштирувчи жисмоний шахс, деб таърифланган.
Бу дегани, бирор шахс Телеграм канал юритса, Инстаграмда сторис қўйса ёки YouTube га видео юкласа — қонун олдида блогер ҳисобланади ва оммавий ахборот воситалари ходимлари каби масъулиятга эга бўлади.
Ахборотни текшириш мажбурияти
«Ахборотлаштириш тўғрисида»ги Қонуннинг 121-моддаси блогер зиммасига энг катта мажбуриятни юклайди: ахборотни жойлаштиргунга қадар унинг тўғрилигини текшириш лозим.
Fake News/Ёлғон хабар
Айтайлик, бир блогер «Тезкор! Эртадан бошлаб барча турдаги бензин нархи икки баробар қимматлашармиш» деган тасдиқланмаган хабарни ўз каналига жойлаштирди. Бу хабар жамоатчиликда ваҳима келтириб чиқарди ва АЁҚШларда узун навбатлар юзага келди. Эртасига хабар ёлғон бўлиб чиқди. Бундай ҳолатда блогер Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 2022-моддасининг (Ёлғон ахборот тарқатиш) иккинчи қисми бўйича жаримага тортилишга сабаб бўлди. Агар бу иш такроран содир этилса ёки оғир оқибатларга олиб келса, Жиноят кодексининг 2446-моддаси билан жиноий жавобгарлик (ҳатто озодликдан маҳрум қилиш) жазоси тайинланиши хавфи туғилади.
Шахс шаъни ва қадр-қиммати энг устувор
Кўпинча блогерлар «журналистик суриштирув» ёки «жамиятдаги муаммони фош қилиш» ниқоби остида шахсларнинг юзини кўрсатиб, уларни айбдор қилиб кўрсатишади. Қонунчилик эса буни қатъий тақиқлайди. Айтайлик блогер маҳалла раисини ҳеч қандай исботсиз, ҳужжатларсиз «маҳалла пулини еб кетган ўғри» деб эълон қилди ёки пост остида уни турли сўзлар билан ҳақоратлади. Жиноят кодексининг 139 (Туҳмат) ва 140 (Ҳақорат) моддаларида айнан интернет ва телекоммуникация тармоқларида содир этилган ушбу қилмишлар учун жуда оғир жазолар белгиланган.
Изоҳлар (комментлар) учун жавобгарлик мавжуд
Кўпчилик блогерлар билмайдиган ёки эътибор бермайдиган энг хавфли норма — бу изоҳлар назоратидир. Қонунга кўра, блогер нафақат ўзи ёзган матнга, балки кузатувчилари томонидан қолдирилган изоҳларга ҳам жавобгардир. Масалан блогер қандайдир ижтимоий муаммони ёзди. Пост остидаги изоҳларда эса фойдаланувчилар миллатлараро адоват қўзғатувчи, давлатни зўрлик билан ағдаришга чақирувчи ёки кимнингдир шаънини топтовчи сўзларни ёзиб қолдиришди.
Қонунга биноан, блогер ушбу тақиқланган ахборотни аниқлаган пайтдан бошлаб дарҳол ўчириб ташлаши шарт.
Агар блогер изоҳларни ўчирмаса ёки уларни назорат қилмаса, қонунбузарликка шерик (шериклик асосида эмас, балки ахборот тарқалишига йўл қўйган шахс сифатида) деб топилиши ва саҳифаси блокланиши, ўзи эса жавобгарликка тортилиши мумкин.
Шахсий ҳаёт дахлсизлиги ва муаллифлик ҳуқуқига риоя қилинг
Шахсий ҳаёт: бирор фуқаронинг розилигисиз унинг яширинча олинган видеосини (масалан, кўчадаги шахсий келишмовчилиги ёки оилавий ҳолатини) тарқатиш Конституция ва қонунларга зиддир. Кишиларнинг шахсий ҳаётига оид маълумотларни ошкор қилиш жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.
Муаллифлик ҳуқуқи: бошқа бир ижодкорнинг видеоси ёки расмини унинг рухсатисиз олиб, логотипини ўчириб, ўз номидан чиқариш «Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида»ги Қонуннинг бузилиши ҳисобланади. Бу эса жабрланувчига суд орқали компенсация тўлаш мажбуриятини юклайди.
Ушбу юқорида назарда тутилган талаблар веб-сайтнинг ва (ёки) веб-сайт саҳифасининг ёхуд бошқа ахборот ресурсининг эгаси, шу жумладан блогер томонидан бажарилмаганлиги натижасида ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилган шахслар ўз ҳуқуқларини, шаъни, қадр-қимматини билан белгиланган тартибда судга мурожаат қилишга ҳақли.
Хулоса
Қонун ижодкорликни, эркин фикрни ва соғлом танқидни тақиқламайди. Аксинча, соғлом блогерлик жамият ривожига хизмат қилади. Аммо ҳар бир сўз, ҳар бир видео ортида шахсларнинг тақдири ва давлат хавфсизлиги тургани боис, блогерлик мақомига эга бўлган шахс қонунларни яхши билиши, ҳар бир постни эълон қилишдан аввал унинг ҳуқуқий оқибатларини таҳлил қила олиши шарт.
Фазлиддин Насруллаев
Улашиш:
Бошқалар
Телефон сўзлашувларини қандай тартибда эшитиш мумкин?
Сўзлашувларни эшитиб туриш ва ахборот олиш бўйича тергов ҳаракатини ўтказиш учун суриштирувчи ёки терговчи тегишли илтимоснома киритади.
Миси чиққан уста
Ишонч – инсонлар ўртасидаги энг қимматли нарса.
Кучли иссиқда меҳнат қоидалари қандай?
Ўзбекистон қонунчилигига кўра, кучли иссиқ шароитида меҳнат қилаётган айрим тоифадаги ходимларга иш куни давомида қўшимча танаффуслар берилиши мумкин. Шунингдек, иш берувчилар дам олиш учун қулай шароит яратиши ва зарур ҳолларда ходимларни масофавий ишга ўтказиши мумкин.
Ҳадя шартномасини бекор қилиш мумкинми?
Ҳадяни бекор қилишга суд тартибида йўл қўйилади.