Life Style
26.06.2026
349

Мактабгача таълим тизимида фаолият юритаётган ўрта махсус маълумотли педагоглар учун яна бир муҳим имконият яратилмоқда. Ҳукуматнинг 2026 йил 24 июнда қабул қилинган “Мактабгача таълим йўналиши бўйича халқаро тажриба асосида бакалаврлар тайёрлаш тизимини жорий этиш тўғрисида”ги 321-сон қарори соҳада кадрлар салоҳиятини янада оширишга қаратилган муҳим қадам бўлди.
Мазкур қарорга мувофиқ, 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотларида меҳнат қилаётган ўрта махсус маълумотли педагоглар учун бакалавриат босқичида дуал таълим шакли жорий этилади.
Янги тартибга кўра, педагоглар ҳафтанинг бир куни педагогика олий таълим муассасасида назарий билимларни эгалласа, беш куни ўз фаолиятини мактабгача таълим ташкилотида давом эттиради. Бу эса иш жойидан ажралмаган ҳолда олий маълумот олиш, назария ва амалиётни уйғунлаштириш имконини беради. Таълим тўлов-шартнома асосида ташкил этилади.
Дуал таълимга қабул тест синовлари орқали амалга оширилади. Бунда мактабгача таълим ташкилотларида камида уч йил иш стажига эга бўлган ўрта махсус маълумотли педагоглар иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлади.
Қарорда ҳудудий тамойилга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Яъни педагоглар фақат ўзлари фаолият юритаётган ҳудуддаги педагогика олий таълим муассасаларига дуал таълим шакли бўйича қабул қилинади. Бу таълим жараёни билан меҳнат фаолиятининг узвийлигини таъминлашга хизмат қилади.
Мутахассислар фикрича, мазкур тизим мактабгача таълим соҳасида малакали кадрлар сонини ошириш, тарбиячиларнинг касбий маҳоратини юксалтириш ҳамда таълим сифатига ижобий таъсир кўрсатишда муҳим аҳамият касб этади. Энг муҳими, бугунги кунда боғчаларда меҳнат қилаётган педагоглар иш фаолиятини тўхтатмаган ҳолда олий маълумот олиш имкониятига эга бўлади.
Ушбу ислоҳот мамлакатда мактабгача таълим тизимини халқаро тажрибалар асосида ривожлантириш, соҳада рақобатбардош ва замонавий билимга эга педагог кадрларни тайёрлаш йўлидаги навбатдаги муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.
Улашиш:
Бошқалар
Маъмурий жазони қўллаш, энг енгил жазони қўллаш асослари: муҳим 6 саволга жавоб
Маъмурий жазони қўллашда содир этилган ҳуқуқбузарлик хусусияти, ҳуқуқбузарнинг шахси, унинг айбдорлик даражаси, мулкий аҳволи, жавобгарликни енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатлар ҳисобга олинади.
Давлат қарори билан мулк ҳуқуқи қачон бекор қилиниши мумкин?
Фуқаролик кодексининг 206-моддасига кўра, давлат органлари мулкдорнинг мол-мулкини истаган вақтда ёки асоссиз равишда олиб қўйиши мумкин эмас.
“Инсон ва қонун” – барчаси бир нашрда!
Агар шуларнинг ҳаммаси бир нашрда мужассам десак ишонасизми?
Банк мижоз учун эмас(ми?)
Навоий вилоятидаги банклардан бирининг туман филиали мутассадиларининг лоқайдлиги туфайли бир оила бошпанасиз, сарсон-саргардон.