#NoComment
06.07.2026
56

Ўзбекистон юксалишлар, муваффақиятлар чорраҳасида! Ҳар жабҳада ривожланиш. Айниқса, банкларни айтмайсизми. Онлайн кредитлар, имтиёзли қўллашлар, жаҳон андозаларига мос хизматлардан барча фуқаролар баҳраманд. Аммо халқимизнинг “Шоли курмаксиз бўлмайди” деган жайдари мақолини ҳам унутиб юбормайлик.
Тўғри, “Мижоз банк учун эмас, банк мижоз учун!” деган машҳур шиор бутун Ўзбекистон банклари пештоқини безашга аллақачон улгурди. Афсуски, бунга барча бирдек амал қилаяпти, деб айтиш қийин. Қуйидаги мисоллар фикримизнинг исботи.
Бу воқеа шунчаки оддий факт ёки аргумент эмас, инсон тақдирига эътиборсизлик, керак бўлса масъулиятсизликнинг аниқ кўриниши. Навоий вилоятидаги банклардан бирининг туман филиали мутассадиларининг лоқайдлиги туфайли бир оила бошпанасиз, сарсон-саргардон.
Банкнинг иши битса, бўлдими?
Карманалик фуқаро тадбиркорлик қилиш ниятида яшаб турган ҳовлисини тураржойдан нотураржойга айлантириб, банкдан катта миқдорда кредит олди. Аммо тадбиркорлиги унча ўхшамади. Иши юришмаган тадбиркор банкдан олган кредитини қайтара олмади. Оқибатда банк гаровга қўйилган кўчмас мулкни қарз эвазига аукционга қўйди. Бу кўчмас мулкни бир неча йиллардан буён ижарада яшаб, ўз уйи бўлишини орзу қилган аёл сотиб олди. Аммо кўчмас мулк эгалари уйни бўшатишни истамаётгани учун йиллар давомида тийин-тийинлаб пул йиғиб, уй олган фуқаро ҳамон кўчада. Банкнинг иши битди. Буёғига фуқаро ўз ёғига ўзи қоврилаверсинми? Банк мижоз учун эмаслиги кундай равшан бўлди. Йўқса, банкдагилар сизни ҳовли дарвозасидан киритиб қўйдик, энди бошқаси бизнинг ишимиз эмас, деб хотиржам бўлмаган бўларди.
Яхшиликнинг мукофоти сарсонликми?
Бу воқеа ҳам банк билан боғлиқ. Иқтисодий ночор аҳволда қолган фирмага молиявий ёрдам беришни сўраб банк ходимлари мурожаат қилганида вақтинча қарз беришга рози бўлиб, ёрдам қўлини чўзган тадбиркор яхшилик қилганига юз марта пушаймон бўлди.
Сабаби, амал-тақал қилиб ишлаётган фирма қарз олиб ҳам обод бўлмади. Банкротлик даражасига етди. Қарз берган тадбиркорга ҳам қарзнинг бир қисмини тўлаб, қолганини чўзиб-чўзиб ўриндош фирмадан “қайтариш шарти билан” деган тўлов топшириқномаси орқали тўлади. Буниси ҳам етмагандек, банкротликка учраган корхона иши билан шуғулланаётган масъул идора ходимлари ўша (ўзининг пулини) маблағни қайтаришни сўраб, тадбиркорни маҳкамага чақиравериб, жонига тегиб кетди. Яхшилик қилиб, эвазига бошига ташвиш орттирган тадбиркорга на ўртага даллоллик қилган банк, на қарз олган корхона ёрдам беришга “ожиз”! “Яхшиликнинг мукофоти яхшиликдир” деган ҳикматнинг қиммати йўқолгандек.
Ҳар иккала ҳолатдан ҳам кўриниб турибдики, банк мутасаддилари фақат ўзларини ўйламасдан, мижозларнинг ҳам манфаатини ҳимоя қилса, бундай савдолар келиб чиқмасди.
Юқоридаги муаммоларнинг келиб чиқишига лоқайдлиги сабаб бўлган банкларнинг номини атайлаб очиқламадик. Чунки, бундай ва бундан ҳам баттар ҳолатлар барча банкларда учраётгани аниқ!
На жазоси, на ижроси бор бундай машмашалар қачонгача давом этади?
Маруса ҲОСИЛОВА,
журналист
Улашиш:
Бошқалар
Ҳайдовчилик гувоҳномасини йўқотган тақдирда қандай ҳаракат қилиш керак?
Бунда почта харажатлари ариза берувчи ҳисобидан қопланади.
Ёлғон гувоҳлик бериш қандай оқибатларга олиб келади?
Суриштирув, дастлабки тергов ёки суд муҳокамаси вақтида гувоҳ ёки жабрланувчининг атайлаб ёлғон кўрсатув бериши, экспертнинг била туриб ёлғон хулоса тайёрлаши, шунингдек таржимоннинг маълумотни атайлаб нотўғри таржима қилиши ёлғон гувоҳлик бериш деб баҳоланади.
Биринчи иш йили учун меҳнат таътили тартиби ҳақида биласизми?
Бу ерда, ишчи ходимнинг узлуксиз 6 ой давомида ишлаганлик хусусияти муҳим аҳамият касб этади.
Нотариус ижро хатининг ҳуқуқий табиати ва уни расмийлаштириш тартиби
Нотариус ижро хати суд қарори эмас, балки мажбурий ижрога асос бўладиган нотариал ҳаракат натижасидир.