currencies image

12 011,02 UZS

49,13

usd

currencies image

13 958,01 UZS

106,54

eur

currencies image

148,08 UZS

0,79

ru



АсосийЯнгиликларБоғчаларда болаларни аутсорсинг асосида соғлом овқатлантириш: тизим, талаб ва назорат

Боғчаларда болаларни аутсорсинг асосида соғлом овқатлантириш: тизим, талаб ва назорат

Life Style

calendar

05.03.2026

eye

43

Боғчаларда болаларни аутсорсинг асосида соғлом овқатлантириш: тизим, талаб ва назорат

Болаларнинг соғлом ўсиши ва баркамол ривожланиши кўп жиҳатдан уларнинг тўғри ва сифатли овқатланишига боғлиқ. Шу боис мактабгача таълим ташкилотларида овқатлантириш масаласи давлат сиёсатида устувор йўналишлардан бири ҳисобланади. Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 6 январдаги 1-сон қарори билан тасдиқланган «Давлат мактабгача таълим ташкилотларида аутсорсинг усулида соғлом овқатлантиришни ташкил этиш тартиби тўғрисида»ги низом асосида ушбу соҳада самарадорликни ошириш мақсадида давлат мактабгача таълим ташкилотларида овқатлантириш хизматларини аутсорсинг усулида ташкил этиш амалиёти жорий қилинган. Бу тартиб болаларни соғлом ва хавфсиз овқат билан таъминлаш, шу билан бирга хизмат кўрсатиш сифатини оширишга қаратилган.

Аутсорсинг усулининг мазмуни шундан иборатки, мактабгача таълим ташкилотларида овқат тайёрлаш ва уни ташкил этиш хизматлари махсус танлов (тендер) орқали аниқланган тадбиркорлик субъектларига — аутсорсерларга топширилади. Бунда давлат буюртмачиси сифатида туман ёки шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бўлимлари иштирок этади. Аутсорсерлар белгиланган талабларга жавоб бериши, жумладан умумий овқатланиш соҳасида камида икки йиллик тажрибага эга бўлиши, солиқ қарздорлиги мавжуд бўлмаслиги ҳамда малакали мутахассислар — технологлар, диетологлар ва ошпазлар билан таъминланган бўлиши шарт. Бу талаблар болалар учун тайёрланадиган таомларнинг сифати ва хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади.

Аутсорсинг тизимида болаларни овқатлантириш белгиланган «Ягона мавсумий таомнома» асосида ташкил этилади. Ушбу таомнома ҳар йили Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати томонидан ишлаб чиқилади. Унда таомларнинг таркиби, вазни, тайёрлаш технологияси ва озиқ-овқат маҳсулотлари меъёрлари аниқ белгиланади. Бу эса болаларнинг физиологик эҳтиёжларига мос, мувозанатли ва соғлом овқатланишини таъминлайди.

Мазкур тизимда бир қатор муҳим қоидалар белгиланган бўлиб, улар овқатлантириш жараёнининг шаффофлиги ва сифатини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

Биринчидан, таомлар фақат «Ягона мавсумий таомнома» асосида тайёрланиши шарт. Бу қоида болалар учун мос келадиган овқат рационини таъминлаш, озиқ моддаларнинг мувозанатини сақлаш ҳамда бутун республика бўйлаб бир хил стандартни жорий этишга хизмат қилади. Шу билан бирга, таомномада белгиланган технологияларга амал қилиниши овқат сифати ва хавфсизлигини таъминлайди.

Иккинчидан, аутсорсернинг устама ҳақи миқдори чекланган. Низомга кўра, тадбиркор томонидан таклиф этиладиган устама ҳақ 15 фоиздан кам ва 30 фоиздан ортиқ бўлиши мумкин эмас. Бу талаб давлат маблағларининг мақсадли ва самарали сарфланишини таъминлашга хизмат қилади. Шу билан бирга, тадбиркорлик субъектлари учун иқтисодий манфаатни ҳам сақлаб қолади.

Учинчидан, овқат сифати устидан доимий назорат механизми йўлга қўйилган. Давлат мактабгача таълим ташкилотларида Бракераж комиссияси ташкил этилади. Комиссия таркибига тиббиёт ходими, тарбиячи, ошпаз, касаба уюшмаси вакиллари ҳамда ота-оналар киритилади. Улар ҳар куни тайёр таомларнинг сифати, таъми ва санитария талабларига мувофиқлигини текшириб боради. Бу жараён махсус бракераж дафтарида қайд этилади. Ушбу назорат тизими болалар овқатланишида хавфсизликни таъминлашда муҳим ўрин тутади.

Тўртинчидан, аутсорсер томонидан инвестиция киритиш мажбурияти белгиланган. Низомга мувофиқ, хизмат кўрсатувчи тадбиркор шартнома суммасининг камида 3 фоизини мактабгача таълим ташкилотига инвестиция сифатида киритиши лозим. Бу маблағлар асосан ошхона жиҳозларини янгилаш, таъмирлаш ва моддий-техник базани мустаҳкамлашга йўналтирилади. Бу эса болалар учун янада қулай ва хавфсиз овқатланиш шароитини яратади.

Бешинчидан, аутсорсерга тўланадиган маблағлар болаларнинг ҳақиқатда боғчага келган кунлари асосида ҳисобланади. Яъни давлат буюртмачиси фақатгина тарбияланувчилар иштирок этган кунлар учун хизмат ҳақини тўлайди. Бу тартиб бюджет маблағларидан оқилона фойдаланишни таъминлайди ва молиявий шаффофликни оширади.

Умуман олганда, мактабгача таълим ташкилотларида овқатлантиришни аутсорсинг асосида ташкил этиш давлат ва хусусий сектор ўртасидаги самарали ҳамкорлик намунаси ҳисобланади. Бу тизим орқали болалар учун сифатли ва хавфсиз овқатланишни таъминлаш, муассасалар моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳамда хизмат кўрсатиш сифатини ошириш имконияти яратилмоқда. Энг муҳими, мазкур тартиб болаларнинг соғлом ўсиши ва ривожланиши учун зарур бўлган муҳим шартлардан бирини — тўғри овқатланишни таъминлашга хизмат қилмоқда.

Улуғбек Уролов,
"Адолат" МҲАМ масъул ходими

Улашиш:

Бошқалар

23-феврал 2026, 10:52
3 530

Букмекерлик фаолиятини реклама қилганлик учун қандай жавобгарлик белгиланган?

Ўзбекистон қонунчилигида букмекерлик ва таваккалчиликка асосланган ўйинларни реклама қилиш учун жавобгарлик белгиланган.


4-феврал 2026, 09:43
1 192

Номингизга кредит олишни чеклашда муҳим 5 жиҳат

Онлайн фирибгарликдан ҳимояланиш — фақат эҳтиёткорлик эмас, олдиндан кўрилган чоралар билан бошланади.


11-феврал 2026, 04:20
859

Кредит тўлови муддатини кечиктириш ёки узайтириш имкониятлари

Кредит шартномаси амал қилиш даврида тўловлар биринчи маротаба кечиктирилган ёки узайтирилган тақдирда, муайян ҳолатлар мавжуд бўлса, кредит таснифи ўзгартирилмайди ва у шартлари қайта кўриб чиқилган актив сифатида баҳоланмайди.


9-феврал 2026, 04:13
741

«Рақамли прокуратура — 2030»: прокуратура фаолиятини рақамлаштириш орқали шаффофлик, тезкорлик ва қонунийликни таъминлаш

Прокуратура органларини 2030 йилга қадар рақамли трансформация қилишга қаратилган «Рақамли прокуратура — 2030» стратегияси ишлаб чиқилди.