Ҳуқуқ
20.10.2026
56

Қонунчиликка қандай ўзгаришлар киритилмоқда?
“Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ–1180-сон Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига болаларга нисбатан зўравонлик, шу жумладан жинсий зўравонлик, шунингдек боланинг уларга сабаб бўлган жиноий қилмишлар учун жавобгарликни кучайтиришини ҳамда вояга етмаганларга нисбатан янги мажбурлов чораларини белгилашни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига вояга етмаганлар учун қўшимча процессуал кафолатларни белгилаш, шу жумладан вояга етмаганларга нисбатан зўравонлик билан боғлиқ ишлар бўйича васийлик ва ҳомийлик органлари вакилларининг иштирокини таъминлашга, қонуний вакилларнинг иштирок этишига ва уларни алмаштиришга ҳамда вояга етмаганлар иштирокида айрим процессуал ҳаракатларни ўтказишнинг ўзига хос хусусиятларини белгилашга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.
Қонун билан 14 ёшга тўлмаган шахсни зўрлаш ва унга нисбатан жинсий эҳтиёжни ғайритабиий шаклда зўрлик ишлатиб қондириш учун 15 йилдан 25 йилгача озодликдан маҳрум қилиш ёки умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланди. Бунгача фақат оғирлаштирувчи ҳолатларда қасддан одам ўлдириш ва терроризмучун умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган эди. Бундан ташқари, эндликда бола ўлимига сабаб бўлган қасддан содир этилган жиноятни амалга оширган шахсларга нисбатан шартли ҳукм қўлланилмайди.
Шу билан бир қаторда, болаларни тарбиялаш ва ўқитиш мажбурияти юклатилган таълим ташкилоти ходимининг болага нисбатан зўравонлик содир этиши меҳнат шартномасини бекор қилиш учун қўшимча асос бўлади. Зўравонликдан жабрланган ёки унинг гувоҳи бўлган болаларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатилади. Жинсий зўравонликка оид ишлар бўйича вояга етмаган жабрланувчига адвокат ёрдами ҳам давлат ҳисобидан таъминланади.
Болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари юзасидан расмий статистик маълумотлар нима дейди?
2026 йилнинг биринчи ярмида Болалар омбудсмани номига 1 147 та мурожаат келиб тушган. Ўрганишлар асосида болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатларига оид 8 та жиноят иши ҳамда 15 та маъмурий иш қўзғатилган. Асоссиз равишда жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш ҳақидаги6 та қарор прокурор томонидан бекор қилиниб, қайта ўрганиш учун юборилган. Болалар омбудсмани ЮНИCЕФ билан ҳамкорликда “Болаларни барча турдаги зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун ҳақида хабардорлик даражасини ўрганиш мақсадида 9 500 нафардан ортиқ бола ўртасида ижтимоий сўров ўтказган.
2025 йилнинг худди шу даврида бола ҳуқуқлари бўйича вакил номига келиб тушьган 885 та мурожаат кўриб чиқилган. Интернет тармоғи мониторинги давомида бола ҳуқуқларининг бузилишига оид 185 та ҳолат аниқланган. Улар тегишли давлат органлари билан ҳамкорликда ўрганилиб, болаларга нисбатан содир этилган 60 та зўравонлик ҳолати юзасидан 16 та жиноят ишиҳамда 22 та маъмурий иш қўзғатилган.
Бу борада хориж тажрибаси қандай?
Ҳиндистонда 2012 йилдаги Protection of Children from Sexual Offences Act (POCSO) қонунининг 6-моддасида оғирлаштирувчи ҳолатлардаги пенетратив жинсий тажовуз учун камида 20 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш ёки умрининг охиригача қамоқ ёки ўлим жазоси назарда тутилган.
Буюк Британиянинг 2003 йилдаги Sexual Offences Act қонуни 5-моддасига мувофиқ, 13 ёшга тўлмаган болани қонунда белгиланган шаклда зўрлаш жинояти учун умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин.
Хитой Жиноят кодексининг 236-моддасида жинсий зўравонлик учун жавобгарлик белгиланган бўлиб, оғирлаштирувчи ҳолатлар мавжуд бўлса, жазо 10 йилдан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш, умрбод озодликдан маҳрум қилиш ёки ўлим жазоси бўлиши мумкин.
Япония тажрибаси шуни кўрсатадики, болаларнинг жинсий дахлсизлигини ҳимоя қилишда жиноий жавобгарликнинг ёшга асосланган чегаралари ва оғирлаштирувчи ҳолатларни аниқ белгилаш муҳим аҳамиятга эга. Япония Жиноят кодексининг 177-моддаси 16 ёшга тўлмаган шахслар билан жинсий алоқа қилишни белгиланган шартлар асосида жиноий жавобгарликка сабаб бўладиган ҳаракат сифатида тартибга солади. Мазкур модда бўйича камида беш йиллик муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган. Жиноят оқибатида жабрланувчи тан жароҳати олган ёки вафот этган айрим ҳолатларда эса Жиноят кодексининг 181-моддасига мувофиқ умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси ҳам қўлланиши мумкин.
Хулоса сифатида нима илгари сурилади?
Хулоса қилиб айтганда, болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган мазкур Қонун бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш йўлидаги муҳим ҳуқуқий қадамлардан биридир. Ушбу қонун болаларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш, зўравонлик содир этган шахсларнинг жавобгарлигини кучайтириш ҳамда жабрланган болаларни ҳимоя қилиш механизмларини такомиллаштиришга хизмат қилади. Айниқса, болаларнинг жинсий дахлсизлигига қарши жиноятлар учун жазонинг кучайтирилиши жамиятда бундай қилмишларга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади. Зеро, болаларни ҳимоя қилиш фақат давлатнинг эмас, балки бутун жамиятнинг маънавий ва ҳуқуқий масъулиятидир. Ҳар бир бола зўравонликдан холи муҳитда яшаш, таълим олиш ва баркамол инсон бўлиб вояга этиш ҳуқуқига эга.
ШОҲЖАҲОН ЖУМАЕВ,
Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти катта ўқитувчиси, Юридик фанлар бўйича фалсафа доктори
Улашиш:
Бошқалар
Қуёш панеллари ўрнатган фуқаролар август ойи учун қанча субсидия олади?
Ўтган ойда субсидиянинг энг катта қисми Бухоро вилояти ҳиссасига тўғри келган.
Шахсий расмларни интернетда тарқатганлик учун қандай жавобгарлик бор?
Оддий расм ҳам шахсга доир маълумот бўлиши мумкин
Такси нархлари ошгани юзасидан ўрганишлар бошланди
Рақобат қўмитаси такси агрегаторларининг истеъмолчилар ва ҳайдовчиларга кўрсатаётган хизматлари юзасидан ўрганиш бошлади.
Қандай ҳолларда шахс маъмурий йўл билан ушлаб турилиши мумкин?
МЖтКнинг 287-моддасида маъмурий йўл билан ушлаб туришга ваколатли органлар ва мансабдор шахслар белгиланган.