Ҳуқуқ
02.10.2026
592

Бугун ижтимоий тармоқлар, Telegram каналлари ва турли интернет платформаларида одамларнинг фотосуратларини тарқатиш одатий ҳолга айланган. Бироқ расмда шахсни аниқлаш имкони мавжуд бўлса, уни интернетга жойлаштириш ёки бошқаларга юбориш айрим ҳолатларда шахсга доир маълумотларга ишлов бериш ҳисобланиши мумкин. Қонунчиликда шахсга доир маълумотлар билан боғлиқ муносабатлар алоҳида тартибга солинган.
Шахсга доир маълумотларни тарқатиш учун, қоида тариқасида, тегишли шахснинг розилиги ёки қонунчиликда назарда тутилган бошқа ҳуқуқий асос бўлиши лозим. Шунинг учун бирор кишининг фотосуратини унинг розилигисиз ижтимоий тармоққа жойлаштиришдан олдин ушбу ҳаракат учун қонуний асос бор-йўқлигини аниқлаш муҳим. Айниқса, расм шахснинг шахсий ёки оилавий ҳаётига оид маълумотларни акс эттирса, масала янада жиддий тус олиши мумкин. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 46¹-моддаси шахснинг шахсий ёки оилавий сирини ташкил этувчи шахсий ҳаёти ҳақидаги маълумотларни унинг розилигисиз қонунга хилоф равишда йиғиш ёки тарқатиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан 40 бараваригача жарима белгилайди.
Шахсга доир маълумотларни тарқатиш деганда маълумотни кенг доирадаги шахсларга ошкор қилиш, оммавий ахборот воситаларида эълон қилиш, интернетга жойлаштириш ёки бошқа усулда ундан фойдаланиш имконини бериш тушунилади. Шу сабабли шахснинг фотосуратини Telegram канал, Instagram, Facebook, TikTok, веб-сайт ёки бошқа очиқ интернет платформасига жойлаштириш ҳам ҳуқуқий жиҳатдан баҳоланиши мумкин.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 46²-моддасида шахсга доир маълумотларни қонунга хилоф равишда йиғиш, сақлаш, улардан фойдаланиш, бериш, тарқатиш, узатиш ва бошқа ҳаракатлар учун маъмурий жавобгарлик белгиланган. Амалдаги нормага кўра, бундай ҳуқуқбузарлик фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 7 баравари, мансабдор шахсларга эса 50 баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Қонунчиликда сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш билан боғлиқ алоҳида норма ҳам белгиланган. Жумладан, шахсга доир маълумотларга сунъий интеллект технологияларидан фойдаланган ҳолда қонунга хилоф равишда ишлов бериш, шунингдек уларни оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида тарқатиш маъмурий жавобгарликка сабаб бўлади. Бунда ҳуқуқбузарликни содир этиш қуроллари мусодара қилиниши ҳамда фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан 100 бараваригача жарима солиниши мумкин.
Расмнинг ўзи мавжудлиги автоматик равишда ҳуқуқбузарлик содир этилганини англатмайди. Ҳуқуқий баҳо беришда расмдаги шахс аниқланиши мумкинми, уни тарқатишга розилик берилганми, қонунчиликда бунга бошқа ҳуқуқий асос борми, расм шахсий ёки оилавий ҳаётга оид маълумотни акс эттирадими ва маълумот қандай мақсадда тарқатилгани каби ҳолатлар инобатга олинади.
Агар тарқатилган фотосурат шахснинг шахсий ёки оилавий сирини акс эттирса, масала фақат шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонунчилик билан чекланиб қолмаслиги мумкин. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 46¹-моддаси айнан шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш билан боғлиқ ҳолатларни қамраб олади.
Бошқа шахс акс этган фотосуратни интернетда оммага очиқ тарзда тарқатишдан олдин унинг розилиги бор-йўқлигини ва бундай маълумотни тарқатиш учун қонуний асос мавжудлигини текшириш мақсадга мувофиқ. Айниқса, шахснинг паспорт маълумотлари, телефон рақами, манзили, тиббий маълумотлари ёки шахсий ҳаётига оид бошқа маълумотлар фотосурат билан бирга эълон қилинса, ҳуқуқий хавф янада ошиши мумкин.
Феруз Жўраев,
"Адолат" МҲАМ ходими
Улашиш:
Бошқалар
Қуёш панеллари ўрнатган фуқаролар август ойи учун қанча субсидия олади?
Ўтган ойда субсидиянинг энг катта қисми Бухоро вилояти ҳиссасига тўғри келган.
Профилактика инспектори янги ваколатлари нималардан иборат?
Бу орқали профилактика инспекторининг асосий вазифаси — ҳудудда хавфсизликни таъминлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга кўпроқ эътибор қаратилиши кутилмоқда.
Хотиржамлик ортидаги хавф: чуқур нафас нимага ундайди?
Муаммоли вазиятга тушганимизда бизга кўпинча “Чуқур нафас ол ва тинчлан” дейишади.
Юридик шахс тугатилганда солиқ қарзи ким томонидан тўланади?
Юридик шахс фаолиятини тугатиш корхона шунчаки ишлашдан тўхташи дегани эмас.