#NoComment
08.09.2026
34

2026 йил 1 сентябрдан бошлаб муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилишда янги тартиблар жорий этилди. Улар энди суд қарори асосида эмас, ўз розилиги билан ижтимоий марказларга жойлаштирилади. Бошпана билан бирга озиқ-овқат, гигиена воситалари, тиббий ва ижтимоий ёрдам, касбга ўқитиш ҳамда ишга жойлашиш имкониятлари яратилади.
Жамиятда ҳар бир инсоннинг муносиб ҳаёт кечириши учун зарур шароитларни яратиш давлат ижтимоий сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади.
Айниқса, муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилиш, уларни вақтинча бошпана билан таъминлаш ва жамиятга қайта мослаштириш масаласи долзарб аҳамиятга эга.
Сўнгги йилларда бу борада ҳуқуқий ва институционал асослар шакллантирилди. Энди эса тизимни янада такомиллаштириш, ижтимоий хизматларнинг қамрови ва самарадорлигини оширишга қаратилган янги механизмлар белгиланмоқда.
Янги тартибга кўра, ички ишлар органларининг муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация қилиш марказлари вақтинчалик бошпана ва ижтимоий тиклаш марказлари — Ижтимоий марказлар деб қайта номланади.
Бу ўзгариш муассасалар фаолиятини фақат бошпана бериш билан чеклаб қолмасдан, шахсларни ижтимоий ҳаётга қайтаришга йўналтиришни назарда тутади.
Муҳим янгиликлардан бири — бошпанасиз шахсларни Ижтимоий марказларга суд қарори асосида жойлаштириш амалиёти бекор қилинади.
2026 йил 1 сентябрдан бошлаб шахслар Ижтимоий марказларга ўз розилиги билан жойлаштирилади.
Уларга вақтинчалик бошпана билан бирга озиқ-овқат ва шахсий гигиена воситалари ҳам берилади.
Ижтимоий марказга жойлаштириш билан ёрдам жараёни якунланмайди.
Ҳар бир шахс учун индивидуал режа ишлаб чиқилади. Унда унинг ҳаётини қайта тиклашга қаратилган зарур чора-тадбирлар белгиланади.
Жумладан:
шахсини тасдиқловчи ва бошқа зарур ҳужжатларни тиклаш;
тиббий хизматлардан фойдаланиш;
ижтимоий хизматлар кўрсатиш;
психологик ва бошқа зарур ёрдамларни ташкил этиш;
касбга ўқитиш;
ишга жойлаштириш;
жамиятга қайта мослашишини таъминлаш.
Янги тизимнинг асосий мақсадларидан бири — бошпанасиз шахсларни иқтисодий жиҳатдан мустақил ҳаётга қайтариш.
Шу мақсадда 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб уларнинг бандлигини таъминлаш бўйича янги тартиб жорий этилди.
Туман ва шаҳар ободонлаштириш бошқармаларининг ишчи-мутахассис, муҳандис-техник ҳамда ишлаб чиқариш ходимлари таркиби, аввало, Ижтимоий марказларга жойлаштирилган шахслар ҳисобидан шакллантирилади.
Бунда шахснинг розилиги талаб этилади.
Яъни, Ижтимоий марказга жойлаштирилган фуқаро меҳнат қилиш орқали даромад топиш ва мустақил ҳаётга қайтиш имкониятига эга бўлади.
Ижтимоий марказлар ҳудудида тадбиркорлик субъектлари томонидан бандликни қўллаб-қувватлаш марказлари ташкил этилади.
Уларда қисқа муддатда ўзлаштириш мумкин бўлган ва меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга ўқитиш йўлга қўйилади.
Бу эса шахснинг касб эгаллаши ва кейинчалик доимий ишга жойлашишига хизмат қилади.
Ижтимоий марказлар ҳудудидаги бўш турган давлат кўчмас мулк объектлари бандлик марказларини ташкил этиш истагини билдирган юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларга берилади.
Бундай объектлар тасарруф этиш ҳуқуқисиз, 5 йилгача бўлган муддатга, муддатни узайтириш ҳуқуқи билан тўғридан-тўғри ижарага берилади.
Тошкент шаҳрида ижара тўловининг энг кам миқдорига 0,25 коэффициент қўлланилади. Бошқа ҳудудларда эса ижара тўловининг энг кам миқдори белгиланади.
Яна бир муҳим янгилик — 2026 йил 1 октябрдан Ижтимоий марказларга жойлаштирилган бошпанасиз шахслар ишсиз деб эътироф этилади.
Бу уларга меҳнат бозорига кириш учун қўшимча имкониятлар яратади.
Хусусан, уларга касбга ўқитиш учун ваучерлар ажратилади.
Ижтимоий марказда бўлган даврида бошпанасиз шахс ушбу муассасага вақтинча турган жойи бўйича давлат божи тўламасдан рўйхатга олинади.
Бу механизм шахснинг ҳужжатлаштирилиши ва давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятини енгиллаштиришга қаратилган.
Бошпанасиз шахсларни ижтимоий тиклаш фақат давлат муассасалари зиммасига юкланмайди.
Ижтимоий хизматлар кўрсатишга нодавлат ташкилотларни кенг жалб этиш механизмлари ҳам назарда тутилмоқда.
Бу эса хизматлар турини кенгайтириш ва уларнинг сифатини оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Янги ёндашувда бошпанасиз шахсга фақат вақтинча бошпана бериш эмас, балки унинг кейинги ҳаётини тиклаш асосий вазифа сифатида белгиланмоқда.
Яъни, бошпана → ҳужжат → тиббий ва ижтимоий ёрдам → касб → иш → мустақил ҳаёт занжири асосида комплекс ёрдам кўрсатиш мақсад қилинган.
биринчидан, муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларга хизмат кўрсатувчи муассасалар фаолиятини такомиллаштириш;
иккинчидан, бошпанасиз шахсларни ижтимоий ва бошқа хизматлар билан қамраб олиш;
учинчидан, уларнинг ижтимоий ва иқтисодий реинтеграциясини таъминлаш;
тўртинчидан, меҳнат бозорига қайтиши учун касбий кўникмалар ва иш имкониятларини яратиш;
бешинчидан, уларни жамиятга тўлиқ интеграция қилиш назарда тутилмоқда.
Шу тариқа, бошпанасиз шахсларга муносабатда «вақтинча жойлаштириш»дан «мустақил ҳаётга қайтариш»гача бўлган комплекс ёндашув шакллантирилмоқда.
Ижтимоий марказлар нафақат бошпана бериладиган жой, балки шахснинг ҳужжатларини тиклаш, соғлиғини тиклаш, касб эгаллаши ва иш топишига кўмаклашадиган ижтимоий реинтеграция марказларига айланиши кўзда тутилмоқда.
Ҳужжат билан муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилиш чора-тадбирлари дастури ҳам тасдиқланган.
Бекжон Исмоилов,
журналист
Улашиш:
Бошқалар
Чуқурга тушган машина учун ким жавобгар: ҳайдовчими ёки йўл эгасими?
Демак, «йўл учун давлат жавоб беради» деган умумий хулоса ҳар доим ҳам тўғри эмас.
Бегона юкни олиб ўтиш — «оддий илтимос» эмас: гиёҳвандлик воситалари айланмасига тасодифан аралашиб қолманг
Ҳушёрлик — қўрқув эмас, балки ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини англашдир.
Уй ҳайвонларини идентификация қилиш: муҳим 10 маълумот
Ҳайвонларни идентификация қилиш тизими — шунчаки бирка тақиш ёки рақам бериш эмас.
Муддатли тўловга оид талаблар: нималар ўзгарди?
Муддатли тўлов хизмати шартномаси бўйича истеъмолчининг мажбуриятининг энг кўп муддати 12 ой этиб белгиланди.