currencies image

11 847,16 UZS

52,28

usd

currencies image

13 843,41 UZS

157,81

eur

currencies image

141,44 UZS

2,77

ru



АсосийЯнгиликларЧуқурга тушган машина учун ким жавобгар: ҳайдовчими ёки йўл эгасими?

Чуқурга тушган машина учун ким жавобгар: ҳайдовчими ёки йўл эгасими?

#NoComment

calendar

21.08.2026

eye

113

Чуқурга тушган машина учун ким жавобгар: ҳайдовчими ёки йўл эгасими?

Тасаввур қилайлик: ҳайдовчи кечки пайт одатдаги йўлидан ҳаракатланмоқда. Йўл қопламасидаги чуқур қоронғилик сабаб деярли кўринмайди. Автомобиль чуқурга тушади, натижада шина ёрилади, диск эгилади ёки автомобилнинг юриш қисми шикастланади. Ҳайдовчи эса таъмирлаш учун катта миқдорда харажат қилишига тўғри келади. Бундай вазиятда кўпчиликнинг биринчи фикри: «Ҳайдовчи йўл шароитига мос тезликни танлаши керак эди», деган гап бўлади.

Лекин бошқа савол ҳам бор: йўлнинг хавфсиз ҳолатда бўлиши учун ким масъул? Бу савол 2026 йил 5 августда қабул қилинган ЎРҚ-1162-сон «Автомобиль йўллари тўғрисида»ги Қонун кучга киргани билан янада долзарб бўлди. Мазкур қонун йўл эгалари, йўлдан фойдаланувчилар ва давлат органларининг ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларини аниқроқ белгилаб берди.

1. Аввало, «йўл эгаси» кимлигини аниқлаш керак

Муаммони ҳал қилишнинг биринчи нуқтаси — йўлнинг кимга тегишли ёки кимнинг бошқарувида эканини аниқлаш. ЎРҚ-1162-сон Қонуннинг 10-моддасига кўра, автомобиль йўллари умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари, шаҳар ва бошқа аҳоли пунктларининг кўчалари ҳамда хўжалик автомобиль йўлларига бўлинади. Демак, «йўл учун давлат жавоб беради» деган умумий хулоса ҳар доим ҳам тўғри эмас. Жавобгар субъект йўлнинг ҳуқуқий мақомига қараб аниқланади. Масалан, шаҳар ичидаги кўча билан хўжалик йўлининг эгаси ва уни сақлаш учун масъул субъект бир хил бўлмаслиги мумкин. Шу сабабли зарарни ундириш масаласида аввало қайси йўл участкаси ҳақида гап кетаётгани ва унинг эгаси кимлиги аниқланиши керак.

2. Янги қонун йўл эгасига қандай мажбурият юклайди?

Бу саволга ЎРҚ-1162-сон Қонуннинг 30 ва 35-моддалари жуда муҳим жавоб беради. Қонуннинг 30-моддасида автомобиль йўлларини таъмирлаш ва сақлаш ишлари мазкур йўл эгалари томонидан, шу жумладан ихтисослаштирилган йўл ташкилотларини жалб қилган ҳолда амалга оширилиши белгиланган. Яъни йўлни сақлаш шунчаки тавсия эмас, балки қонунда белгиланган мажбуриятдир. 35-модда эса йўл эгаларининг зиммасига янада аниқ мажбуриятларни юклайди. Унга кўра, йўл эгалари автомобиль йўлларини соз ҳолатда сақлаши ва уларда транспорт воситаларининг хавфсиз ҳаракатланишини таъминлаши, шунингдек йўл белгилари ва ҳаракат хавфсизлигини таъминловчи бошқа техник воситаларни ўрнатиши керак. Қурилиш-таъмирлаш ишлари вақтида эса тегишли тўсиқлар, белгилар ва кўрсаткичлар ўрнатилиши лозим.

Шундай экан, йўлдаги чуқур шунчаки «йўлнинг камчилиги» эмас. Агар у хавфсиз ҳаракатга реал хавф туғдирса ва уни бартараф этиш ёки белгилаш йўл эгасининг мажбуриятига кирса, масала ҳуқуқий жавобгарлик даражасига чиқиши мумкин.

3. Фуқаронинг энг муҳим ҳуқуқи: етказилган зарарни ундириш

ЎРҚ-1162-сон Қонуннинг 33-моддасида автомобиль йўлларидан фойдаланувчиларнинг ҳуқуқлари қаторида муҳим бир қоида бор: йўлдаги носозликлар ёки йўл эгалари томонидан қонунчилик талабларига риоя қилинмагани сабабли етказилган зарарни белгиланган тартибда ундириш ҳуқуқи. Бу норма мавзунинг энг муҳим нуқтасидир. Чунки қонун фуқаронинг йўл носозлиги туфайли зарар кўрган тақдирда, умуман олганда, зарар масаласини кўтариш ҳуқуқини тан олади. Бироқ бу «чуқурга тушдим — автоматик равишда пулимни оламан» дегани эмас. Зарарни ундириш учун чуқур ёки бошқа йўл носозлиги айнан шу зарар келиб чиқишига сабаб бўлганини исботлаш талаб этилади.

4. Фуқаролик кодекси бу вазиятни қандай баҳолайди?

Бу ерда Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 985-моддаси асосий ҳуқуқий таянчлардан бири ҳисобланади. Мазкур моддага кўра, ғайриқонуний ҳаракат ёки ҳаракатсизлик туфайли фуқаронинг мол-мулкига етказилган зарар, шу жумладан бой берилган фойда зарар етказган шахс томонидан тўлиқ қопланиши лозим. Шу билан бирга, зарар етказган шахс зарар ўз айби билан етказилмаганини исботласа, айрим ҳолларда жавобгарликдан озод бўлиши мумкин. Демак, бундай низода фақат «машинага зарар етди» деган фактнинг ўзи етарли эмас. Одатда камида учта масалани боғлаш керак: йўлнинг носозлиги мавжуд бўлганми, айнан шу носозлик ҳодисага сабаб бўлганми ва қанча миқдорда зарар етган? Агар йўл давлат органи ёки бошқа ваколатли субъектнинг қонунга хилоф ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги билан боғлиқ бўлса, Фуқаролик кодексининг 990-моддаси ҳам аҳамият касб этиши мумкин. У давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг қонунга хилоф ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги натижасида етказилган зарарни суд қарори асосида қоплашни назарда тутади.

5. Ҳайдовчининг ҳам мажбурияти бор

Масаланинг иккинчи томони ҳам бор: ҳайдовчи ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳақ деб бўлмайди. ЎРҚ-1162-сон Қонун автомобиль йўлларидан фойдаланувчиларга ҳам маълум мажбуриятлар юклайди. Фойдаланувчилар йўлга зарар етказмаслиги, транспорт воситасидан белгиланган талаблар асосида фойдаланиши ва қонунчиликда белгиланган бошқа қоидаларга риоя қилиши керак. Шу сабабли ҳайдовчи йўлнинг хавфли ҳолатини кўриб туриб, шунга қарамай ҳаддан ташқари тезликда ҳаракат қилган бўлса ёки йўл шароитига мос эҳтиёт чораларини кўрмаган бўлса, низода унинг хатти-ҳаракатлари ҳам баҳоланиши мумкин. Бошқача айтганда, ҳуқуқий масала «ким айбдор?» деган битта савол билан тугамайди. Йўл эгасининг мажбурияти бузилганми ва ҳайдовчининг ўзи ҳам эҳтиётсизлик қилганми? — деган икки масала биргаликда кўриб чиқилиши керак.

6. Энг муҳим масала — далиллар

Амалиётда бундай ишларнинг тақдирини кўпинча қонуннинг ўзи эмас, далиллар ҳал қилади. Агар автомобиль чуқурга тушган бўлса, имкони борича воқеа жойини дарҳол фото ва видеога олиш, чуқурнинг жойлашуви ва ўлчамларини қайд этиш, йўл белгилари мавжуд ёки мавжуд эмаслигини кўрсатиш, автомобилнинг шикастланган қисмларини суратга олиш муҳим.

Шунингдек, ҳодиса вақти, аниқ манзил, гувоҳлар, тегишли расмий ҳужжатлар, таъмирлаш харажатларини тасдиқловчи ҳужжатлар ҳам муҳим далил бўлиши мумкин. Энг асосий мақсад — «мен шу чуқурга тушдим ва машинам шикастланди» деган икки факт ўртасидаги сабабий боғлиқликни кўрсатиш.

Агар йўл эгаси ўз зиммасидаги йўлни соз ва хавфсиз ҳолатда сақлаш мажбуриятини бажармаган бўлса ва айнан шу носозлик автомобил­га зарар етказгани исботланса, зарар учун йўл эгаси ёки қонунчиликда жавобгар деб топиладиган тегишли субъект масъул бўлиши мумкин.  Бироқ ҳайдовчининг йўл шароитига мос ҳаракат қилгани, хавфни олдиндан кўриш имконияти бўлган-бўлмагани ва бошқа ҳолатлар ҳам баҳоланади. Шунинг учун бундай низода энг кучли позиция — «йўл ёмон эди» деган умумий даъво эмас, балки йўл носозлиги + сабабий боғлиқлик + аниқ зарар + масъул субъектни далиллар билан кўрсатишдир. Шундай экан, кейинги сафар автомобиль йўлдаги чуқур сабаб шикастланса, саволни фақат «машинамни ким тузатиб берадитарзида қўйиш эмас, балки «қонун бўйича бу йўлнинг хавфсизлиги учун ким масъул ва буни қандай исботлай оламан тарзида қўйиш керак. Айнан мана шу савол йўл чуқурини оддий маиший муаммодан ҳуқуқий масъулият масаласига айлантиради.

Мафтуна Қурбонова,
ҳуқуқшунос

Улашиш:

Бошқалар

31-июл 2026, 07:11
775

Бир лаҳзалик ишонч қимматга тушиши мумкин: фирибгарлик учун қандай жавобгарлик белгиланган?

Алдаш орқали бошқанинг мол-мулкини қўлга киритиш жиноят ҳисобланади ва бунинг учун жиддий жавобгарлик белгиланган.


24-июл 2026, 04:39
769

Уй-жой (квартира)ни ижарага бериш шартномасини тузишда нималарга эътибор қаратиш керак?

Уй-жойни ижарага бериш ёки ижарага олишда энг муҳим ҳужжат бу — ижара шартномасидир.


28-июл 2026, 10:13
719

Қандай ҳолатлар оқова сув тармоқларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш деб ҳисобланади?

Оқова сувларни чиқариб юбориш тармоқлари аҳоли саломатлигини сақлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда санитария-гигиена талабларини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.


25-июл 2026, 06:28
662

Медиаторлик фаолияти билан шуғулланувчи мутахасислар қандай талабларга жавоб бериши керак?

Медиатор томонлар ўртасидаги низони ҳал қилишда мустақил ва бетараф воситачи сифатида иштирок этади.