Ҳуқуқ
31.07.2026
48

Онлайн савдо, ижтимоий тармоқлар, телефон қўнғироқлари ёки сохта инвестиция таклифлари... Бугун фирибгарликнинг усуллари кун сайин ўзгармоқда. Аммо бир нарса ўзгармайди — алдаш орқали бошқанинг мол-мулкини қўлга киритиш жиноят ҳисобланади ва бунинг учун жиддий жавобгарлик белгиланган.
Қонунчиликка кўра, фирибгарлик — бу алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш орқали ўзганинг мол-мулкини ёки унга бўлган ҳуқуқни қўлга киритишдир. Яъни Сиз техника харид қилиш учун буюртма бердингиз ва тўлов қилдингиз. Лекин ваъда қилинган техника келмаса бу фирибгарлик ҳисобланади. Худди шундай яна бир мисол, Сиз бирон хизматдан фойдаланиш учун қурилиш устаси чақирдингиз ва тўлов қилдингиз. Аммо уста ишни охиригача бажармасдан жуфтакни ростлаб қолди. Бу ҳолатда ҳам бу фирибгарлик ҳисобланади.
Оддий қилиб айтганда, шахс ишончингизга кириб пулингиз, мол-мулкингиз ёки мулкий ҳуқуқингизни эгаллаб олиб, бунинг учун ваъда берилган ишни бажармаса бу фирибгарлик ҳисобланади.
Жиноятнинг оғирлиги етказилган зарар миқдори ва унинг қандай шароитда содир этилганига қараб баҳоланади.
Бундай ҳолатда қуйидаги жазолардан бири қўлланилиши мумкин:
▪️БҲМнинг 50 бараваридан 100 бараваригача жарима;
▪️ 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари;
▪️1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш;
▪️ ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш.
Жавобгарлик янада кучаяди:
▪️БҲМнинг 100 бараваридан 300 бараваригача жарима;
▪️ 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари;
▪️3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш;
▪️ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш.
Сўнгги йилларда энг кўп учраётган фирибгарлик турларидан бири — ахборот технологиялари орқали содир этиладиган жиноятлардир.
Масалан:
▪️Telegram ва WhatsApp орқали сохта ҳаволалар юбориш;
▪️банк картаси маълумотларини қўлга киритиш;
▪️интернет-дўконларда мавжуд бўлмаган товарларни сотиш;
▪️сохта инвестиция ва криптовалюта лойиҳаларига жалб қилиш;
▪️ижтимоий тармоқларда қалбаки аккаунтлар орқали пул йиғиш.
Фирибгарлик кўп миқдорда, такроран ёки хавфли рецидивист томонидан, ахборот технологияларидан фойдаланиб содир этилган бўлса:
▪️БҲМнинг 300 бараваридан 400 бараваригача жарима;
▪️2–3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари;
▪️ёки 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин.
Агар фирибгарлик:
▪️ жуда кўп миқдорда;
▪️ уюшган гуруҳ томонидан;
▪️ хизмат мавқеидан фойдаланиб;
▪️ёки ўта хавфли рецидивист томонидан содир этилса,
айбдорга:
▪️БҲМнинг 400 бараваридан 600 бараваригача жарима;
▪️ёки 8 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин.
Қонунчиликда зарар миқдори қуйидагича белгиланган:
▪️Анча миқдор — БҲМнинг 100–300 баравари.
▪️ Кўп миқдор — БҲМнинг 300–500 баравари.
▪️Жуда кўп миқдор — БҲМнинг 500 баравари ва ундан ортиқ.
Кўпчилик фирибгарлик фақат нақд пулни алдаш орқали содир этилади, деб ўйлайди. Аслида эса шахсни уй-жой, автомобиль, ер участкаси ёки бошқа мол-мулкни ўз номига расмийлаштиришга алдаш орқали унга бўлган мулкий ҳуқуқни қўлга киритиш ҳам фирибгарлик ҳисобланади.
Яна бир муҳим жиҳат — жиноят интернет орқали содир этилгани учун алоҳида модда қўлланилмайди. Агар фирибгарлик ахборот технологияларидан фойдаланиб амалга оширилса, бу ҳолат жазони оғирлаштирувчи ҳолат сифатида баҳоланади.
Қонунчиликка мувофиқ, етказилган моддий зарар тўлиқ қопланган тақдирда, айбдорга нисбатан озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмайди. Бироқ бу шахс жавобгарликдан бутунлай озод этилади, дегани эмас. Суд ишнинг барча ҳолатларини баҳолаб, қонунда назарда тутилган бошқа жазо чораларини қўллаши мумкин.
Фирибгарликнинг қурбонига айланмаслик учун шошма-шошарлик билан қарор қабул қилманг. Нотаниш шахсларга пул ўтказишдан олдин маълумотларни текширинг, банк картаси реквизитлари ва тасдиқлаш кодларини ҳеч кимга берманг, жуда даромадли ваъда қилувчи таклифларга танқидий ёндашинг. Унутманг, бир неча дақиқалик эҳтиёткорлик катта молиявий йўқотишларнинг олдини олиши мумкин.
Феруз Жўраев
тайёрлади
Улашиш:
Бошқалар
Телефон сўзлашувларини қандай тартибда эшитиш мумкин?
Сўзлашувларни эшитиб туриш ва ахборот олиш бўйича тергов ҳаракатини ўтказиш учун суриштирувчи ёки терговчи тегишли илтимоснома киритади.
Миси чиққан уста
Ишонч – инсонлар ўртасидаги энг қимматли нарса.
Давлат қарори билан мулк ҳуқуқи қачон бекор қилиниши мумкин?
Фуқаролик кодексининг 206-моддасига кўра, давлат органлари мулкдорнинг мол-мулкини истаган вақтда ёки асоссиз равишда олиб қўйиши мумкин эмас.
Банк мижоз учун эмас(ми?)
Навоий вилоятидаги банклардан бирининг туман филиали мутассадиларининг лоқайдлиги туфайли бир оила бошпанасиз, сарсон-саргардон.