currencies image

12 011,02 UZS

49,13

usd

currencies image

13 958,01 UZS

106,54

eur

currencies image

148,08 UZS

0,79

ru



АсосийЯнгиликларБўялган электромобиль ёхуд 401 миллионлик алдов тафсилоти

Бўялган электромобиль ёхуд 401 миллионлик алдов тафсилоти

#NoComment

calendar

29.06.2026

eye

56

Бўялган электромобиль  ёхуд 401 миллионлик алдов тафсилоти

 

Электромобилларга бўлган қизиқиш ортиб бормоқда. Бозорга янги-янги русумлар кириб келмоқда, аҳоли ҳам молиявий имкониятларидан келиб чиқиб харид қилмоқда. Табиийки, талаб ошган жойда “уддабуронлар” ҳам пайдо бўлиб, кўз кўриб, қулоқ эшитмаган “ихтиролари” билан одамларни чув тушириш пайида бўлишади.

Фуқаро М.А. электромобиль хариди билан боғлиқ муаммо юзасидан Чирчиқ шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилади. Жамият мутахассислари мурожаатни ўрганиб, унинг манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида судга даъво аризаси киритади. Иш 2026 йил 31 март куни фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро судида кўриб чиқилди.

Иш материалларига кўра, 2023 йил 14 июнь куни М.А. “Zhongya Dian Ka” МЧЖ ҲКдан шартнома асосида BYD “Yuan Plus” электромобилини сотиб олган. Ўша пайтнинг ўзида қўшма корхона раҳбари Л. Ч.га 2 минг 500 АҚШ долларини нақд тўлайди. Сўнг автокредит расмийлаштирилиб, суғурта тўловлари амалга оширилган ва жамият ҳисобига 310 млн 500 минг сўм ўтказилган. Электромобиль М.А.га шахсан жамият раҳбари Л. Ч. томонидан таржимон орқали топширилган.

Шунингдек, суғурта учун 5 млн 500 минг сўм, орада ўтган даврда кредит фоизи учун 55 млн 80 минг 928 сўм тўлаган. Натижада электромобилнинг умумий қиймати 401 млн 80 минг 928 сўмни ташкил этган.

Аммо электромобиль соҳибасининг қувончи узоққа чўзилмайди – қаҳрободай тим қора электромобиль кузовининг ранги кўчиб туша бошлайди. Бу ҳолат транспорт воситасининг қайта бўялганини кўрсатади. Наҳотки, оқ кузовли автомобилни қора деб алдаб сотишган бўлса?!

М.А. масалага ойдинлик киритиш учун бир неча бор “Zhongya Dian Ka” МЧЖ ҲКга боради, аммо раҳбар ва масъул ходимларни тополмайди. Бу ҳолат анча вақт давом этади. Кейин мутахассислар маслаҳатига кўра, автомобиль экспертизага топширилади.

Хадича Сулаймонова номидаги Республика суд экспертиза марказининг 2025 йил 28 октябрдаги хулосасига кўра, 2023 йили ишлаб чиқарилган BYD “Yuan Plus” русумли, давлат рақами 10 Z 793 CB бўлган электромобиль қайта бўялган ва мазкур жараён ISO 12944 халқаро стандарти талабларига мос келмаган ҳолда амалга оширилган.

Республика суд экспертиза марказининг хулосаси масалага узил-кесил ойдинлик киритди: транспорт воситаси харидорга нуқсонли, яъни стандарт талабларига жавоб бермайдиган ҳолатда – оқ рангли кузов қорага бўяб сотилган. Шундан сўнг жавобгарга почта орқали билдирги хати юборилган, аммо ҳозиргача жавоб олинмаган.

М.А. суддан жавобгар “Zhongya Dian Ka” МЧЖ ҲК ва қўшимча жавобгар Хитой Халқ Республикаси фуқароси Л. Ч.дан солидар тартибда 401 млн 80 минг 928 сўм миқдорида пул ундириб беришни сўраган.

Суд мажлисида Чирчиқ шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти вакили даъво талабларини қувватлаб, суддан даъво аризасини қаноатлантиришни сўради.

“Zhongya Dian Ka” МЧЖ ҲК ишни судда кўриш вақти ва жойи тўғрисида тегишли тартибда хабардор қилинганига қарамасдан, унинг вакили суд мажлисига келмаган. Даъвогар томонидан ишни жавобгар иштирокисиз кўришга эътироз билдирмаганини инобатга олиб, суд мазкур фуқаролик ишини Фуқаролик процессуал кодексининг 280-моддасига асосан қўшимча жавобгарга нисбатан сиртдан кўриб чиқишни лозим деб топди.

Суд ишни кўриш жараёнида Фуқаролик кодекси ва  “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг тегишли моддаларини қўллади. Ушбу нормаларга кўра, сотиб олувчи сифатсиз товар сотилганида уни алмаштириш, нархни камайтириш, камчиликларни бартараф этиш ёки шартномани бекор қилиш ҳуқуқига эга.

Суд далиллар ва экспертиза хулосасини баҳолаб, даъвогар – Чирчиқ шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятининг даъво аризасини қаноатлантирди ва жавобгардан автотранспорт учун 310 млн 500 минг сўм, суғурта учун 5 млн 500 минг сўм, кредит фоизи учун 55 млн 80 минг 928 сўм ва 2 минг 500 АҚШ доллари ундирилиши белгиланди, жами 401 млн 80 минг 928 сўм. Шунингдек, жавобгарнинг Ўзбекистон ҳудудидаги мол-мулкига тақиқ қўйилди.

Мазкур иш ННТларнинг аҳоли мурожаатларига тезкор ҳуқуқий ечим топиш ҳамда давлат органлари юкламасини камайтириш борасидаги фаолиятига холис баҳо беришга ундайди.

Мақола Фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро суди очиқ суд мажлиси материаллари асосида тайёрланди.

Шавкат ЁДГОРОВ,
журналист

Улашиш: