currencies image

12 011,02 UZS

49,13

usd

currencies image

13 958,01 UZS

106,54

eur

currencies image

148,08 UZS

0,79

ru



АсосийЯнгиликларДавлат фуқаролик хизматчиси билиши лозим бўлган муҳим қоидалар

Давлат фуқаролик хизматчиси билиши лозим бўлган муҳим қоидалар

Ҳуқуқ

calendar

21.11.2025

eye

31

Давлат фуқаролик хизматчиси билиши лозим бўлган муҳим қоидалар

Бугунги кунда давлат хизматчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, ахлоқий талаблари, фаолиятига қўйиладиган чекловлар ҳамда жавобгарлик асослари аниқ белгиланган. Ушбу мақолада давлат фуқаролик хизматчиси ўз фаолиятида билиши ва доимий амал қилиши лозим бўлган энг муҳим қоидалар ёритилади.

1. Давлат фуқаролик хизматчиси ким?

Ўзбекистон Республикаси “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Қонун давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги муносабатларни тартибга солади ҳамда Давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг давлат реестрига киритилган лавозимлардаги давлат фуқаролик хизматчиларининг фаолиятига нисбатан татбиқ этилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 19 июндаги ПФ-95-сон Фармонининг 4-иловасида Давлат фуқаролик хизмати татбиқ қилинадиган давлат органлари ва ташкилотлари рўйхати белгиланган.

Давлат фуқаролик хизматчиси – бу қонунчиликка асосан давлат органларида доимий, профессионал асосда ишловчи, давлат вазифаларини амалга оширувчи шахсдир. Улар давлат томонидан белгиланган ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга бўлади ва фаолияти учун белгиланган талабларга риоя этиши шарт.

Давлат фуқаролик хизмати лавозимида ўз фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси давлат фуқаролик хизматчисидир.

2. Давлат фуқаролик хизматига қабул қилиш ҳамда лавозимини эгаллаш шартлари

Давлат фуқаролик хизматига давлат тилини биладиган, давлат фуқаролик хизмати лавозимларини эгаллаш учун тегишли малака талабларига ва бошқа талабларга жавоб берадиган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари қабул қилинади.

Чет эл мутахассислари ва экспертлари давлат фуқаролик хизмати лавозимларини қонунчиликда белгиланган тартибда эгаллаши мумкин. Чет эл мутахассислари ва экспертларининг хизматни ўташ тартиби ҳамда шартлари тегишли шартнома асосида белгиланади.

Давлат фуқаролик хизмати лавозимини эгаллаш танлов асосида амалга оширилади, Давлат фуқаролик хизмати лавозимини эгаллаш учун номзодларга жинси, ирқи, миллати, тили, дини, эътиқоди, ижтимоий келиб чиқиши, ижтимоий мавқейидан қатъи назар, ҳуқуқларининг тенглиги кафолатланади.

Давлат фуқаролик хизматининг бўш турган (вакант) лавозимини эгаллаш махсус ваколатли давлат органининг ахборот тизими орқали ўтказиладиган ички ва ташқи танловлар асосида амалга оширилади.

Ички танловларда фақат давлат фуқаролик хизматчилари, ташқи танловларда эса тегишли малака талабларига жавоб берадиган барча Ўзбекистон Республикаси фуқаролари иштирок этиш ҳуқуқига эга.

Танлов ўтказиладиган давлат фуқаролик хизмати лавозимлари ва танлов ўтказиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланади.

Давлат фуқаролик хизматига кираётган шахс билан меҳнат шартномаси меҳнат қонунчилиги асосида муайян ёки номуайян муддатга ёзма шаклда тузилади.

Давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг сиёсий гуруҳига кирувчи давлат фуқаролик хизматчилари билан меҳнат шартномаси тузилмайди.

3. Давлат фуқаролик хизматчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Давлат фуқаролик хизматчиси қуйидаги ҳуқуқларга эга:

— ўз зиммасига юклатилган мажбуриятларнинг ўзига хос хусусияти ва мураккаблигига, бажарилган ишларнинг миқдори ҳамда сифатига мувофиқ ўз вақтида ва тўлиқ ҳажмда иш ҳақи олиш;

— касбий компетенсиялари ва алоҳида хизматлари учун рағбатлантирилиш;

— давлат органининг маблағлари ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан мунтазам равишда малакасини ошириб бориш;

— меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган тартибда ҳамда шартларда меҳнат шартномасига ўзгартишлар киритиш ва шартномани бекор қилиш;

— ўз мансаб ваколатларини, хизмат мажбуриятларини ва жавобгарлигини белгиловчи лавозим йўриқномаси ва бошқа ҳужжатлар билан танишиш;

— меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига мувофиқ бўлган иш ўрнига эга бўлиш;

— иш вақти давомийлигининг чегарасини, айрим давлат фуқаролик хизматчилари учун қисқартирилган иш вақтини белгилаш, ҳар ҳафталик дам олиш кунлари, ишланмайдиган байрам кунлари, шунингдек йиллик меҳнат таътиллари бериш орқали таъминланадиган тарзда дам олиш;

— қонунчиликка мувофиқ ҳуқуқий ва ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилиниш, шунингдек давлат пенсия таъминотини олиш;

— давлат органининг қонунга хилоф қарорлари ва унинг мансабдор шахсларининг қонунга хилоф ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш;

— давлат органи раҳбариятининг ноқонуний топшириқ ва талабларини бажаришдан бош тортиш;

— давлат фуқаролик хизматидаги коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар фактлари тўғрисида хабар берган тақдирда, давлат ҳимояси билан таъминланиш;

— хизматга оид масалалар юзасидан давлат органининг раҳбариятига ўз фикрини билдириш, ўзи давлат фуқаролик хизматини ўтаётган давлат органининг фаолиятини такомиллаштириш бўйича таклифлар киритиш;

— ўзининг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўси давлат органининг раҳбарияти ҳамда бошқа мансабдор шахслар томонидан ҳурмат қилиниши;

— давлат органи томонидан қайта тайёрлаш ва малака оширишга юборилган тақдирда, шунингдек қонунчиликда назарда тутилган бошқа ҳолларда давлат фуқаролик хизмати лавозимининг ва иш ҳақининг сақланиб қолиши;

— қонунчиликда белгиланган тартибда давлат фуқаролик хизматини ўташ вақтида етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланиши ва маънавий зиённинг компенсация қилиниши;

— ўзининг меҳнат ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини қонунда тақиқланмаган барча усуллар билан ҳимоя қилиш;

— давлат фуқаролик хизмати масалалари юзасидан махсус ваколатли давлат органига мурожаат қилиш;

— ўзининг шахсий ҳужжатлари тўплами билан танишиш.

Давлат фуқаролик хизматчиси қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

Давлат фуқаролик хизматчисининг мажбуриятлари қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, қонунлари ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига риоя этиши;

ўз хизмат мажбуриятларини виждонан бажариши, давлат органи томонидан белгиланган одоб-ахлоқ қоидаларига, хизматга оид ахборот билан ишлаш тартибига, шунингдек давлат фуқаролик хизматини ўташ билан боғлиқ бошқа қоидаларга риоя этиши;

ушбу Қонунда белгиланган, давлат фуқаролик хизматини ўташ билан боғлиқ бўлган чекловларга риоя этиши;

манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслиги, беғараз ва холис бўлиши;

давлат органининг нуфузини туширишга олиб келиши ёки унинг ўз хизмат мажбуриятларини виждонан бажаришига шубҳа туғдириши мумкин бўлган ҳаракатлардан (ҳаракатсизликдан), шу жумладан ўз хизмат мажбуриятларини бажараётганда ҳар қандай шаклдаги камситишдан, нохолисликдан ёки кимгадир нисбатан алоҳида муносабатда бўлишдан тийилиши;

ўз хизмат мавқеидан шахсий ва бошқа ғайриқонуний мақсадларда фойдаланмаслиги, шунингдек ўз хизмат фаолиятига, давлат органлари, уларнинг мансабдор шахслари ва фуқароларнинг фаолиятига қонунга хилоф таъсир кўрсатилишига йўл қўймаслиги;

давлат сирларини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотларни муҳофаза қилиш тўғрисидаги талабларга риоя этиши, шунингдек ўз хизмат мажбуриятларини бажариши чоғида олинган мазкур маълумотларни ошкор қилмаслиги, шу жумладан давлат фуқаролик хизматчисининг фаолияти тугаганидан кейин ошкор этмаслиги;

қонунда белгиланган муддатларда ва тартибда даромадлари ва мол-мулки тўғрисидаги декларацияни тақдим этиши;

давлат мулкининг бут сақланишини таъминлаши, ўзига ишониб топширилган давлат мулкидан фақат хизмат мақсадларида фойдаланиши;

ўзининг касбий компетенсиясини мунтазам равишда ошириб бориши шарт.

Давлат фуқаролик хизматчиларининг зиммасида қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.

4. Давлат фуқаролик хизматини ўташ билан боғлиқ чекловлар

Давлат фуқаролик хизматчиси қуйидагиларга ҳақли эмас:

— педагогик, илмий ва ижодий фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа фаолият билан шуғулланишга, Ўзбекистон Республикаси қонунларида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорларида назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно;

— тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга;

— тадбиркорлик фаолияти субъектларини ташкил этишга, уларнинг муассиси (иштирокчиси) бўлишга, тадбиркорлик фаолияти субъектида ташкилий-бошқарув, маъмурий-хўжалик вазифаларини бажаришга, бундан акциядорлик жамиятларининг эркин муомалада бўлган акцияларига қонунчиликда белгиланган талаблар доирасида эгалик қилиш ҳоллари мустасно;

— ўзи хизмат қилаётган давлат органи назорати остидаги ёки у билан алоқалар ва манфаатларга эга бўлган ташкилотлардаги улушларни, пайларни ва акцияларни бевосита ёки вакиллар орқали олишга;

— ўз хизмат ваколатларини жисмоний ва юридик шахсларнинг манфаатларини кўзлаб бажариш ёки бажармаслик эвазига улардан бирон-бир мукофот, фойда ёки совғалар олишга;

— чет давлат фуқаролигини олишга;

— қонунчиликда назарда тутилмаган имтиёзлар, преференциялар ёки афзалликлардан ўз хизмат мавқеи билан боғлиқ ҳолда фойдаланишга;

— Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида ҳисобварақлар очишга ва уларга эга бўлишга, кўчмас мулкка ва бошқа мол-мулкка эгалик қилишга, бундан чет давлатда таълим олиш, стажировка ўташ ва тиббий хизматлардан фойдаланиш мақсадида очилган ҳисобварақлар, шунингдек давлат фуқаролик хизматига киришдан олдин олинган ва ошкор қилинган мол-мулк мустасно;

— ўзининг ваколатларини сиёсий партияларнинг, бошқа жамоат бирлашмаларининг ва улар органларининг манфаатларини кўзлаб амалга оширишга.

Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келаётган шахс давлат фуқаролик хизматига қабул қилингандан сўнг тадбиркорлик фаолиятини тўхтатиб туриш тартиби қонунчилик ҳужжатлари билан белгиланади.

5. Давлат фуқаролик хизматчиларининг одоб-ахлоқ қоидалари

Давлат фуқаролик хизматчиларининг одоб-ахлоқ қоидаларида қуйидагилар белгиланади:

раҳбарлар, бўйсунувдагилар ва бошқа давлат фуқаролик хизматчилари ўртасидаги ўзаро ахлоқий муносабатлар;

давлат фуқаролик хизматчисининг ишчанлик обрўсига ва давлат фуқаролик хизматининг нуфузига путур етказиши мумкин бўлган ҳаракатлар (ҳаракатсизлик);

давлат фуқаролик хизматчисининг хизмат фаолиятидаги ва хизматдан ташқаридаги хулқ-атворининг асосий қоидалари.

Давлат фуқаролик хизматчиларининг одоб-ахлоқ қоидаларини бузиш уларни қонунга мувофиқ интизомий ва бошқа жавобгарликка тортиш учун асос бўлади.

Давлат фуқаролик хизматчиларининг одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилиши устидан назорат давлат органларининг кадрлар бўлинмалари ёки одоб-ахлоқ комиссиялари, шунингдек махсус ваколатли давлат органи томонидан амалга оширилади.

6. Давлат фуқаролик хизматчисининг жавобгарлиги

Давлат фуқаролик хизматчисининг қонунга хилоф ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги), шунингдек хизмат мажбуриятларини лозим даражада бажармаганлиги қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.

Давлат фуқаролик хизматчисининг қонунга хилоф ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) туфайли жисмоний ёки юридик шахсларга етказилган зарарнинг ўрни қонунчиликда белгиланган тартибда давлат органи томонидан қопланиб, ушбу зарар кейинчалик айбдор бўлган давлат фуқаролик хизматчисидан ундириб олинади.

Хулоса:

Давлат фуқаролик хизматчиси — давлат бошқарувида асосий роль ўйновчи, масъулиятли ва касбий тайёргарликка эга шахсдир. Уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини, ахлоқий принципларини ва фаолиятга қўйилган чекловларни билиши, қонунийлик ва шаффофлик тамойилларига риоя қилиши давлат хизматининг самарадорлиги ва фуқаролар ишончи учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Шу боис, ҳар бир хизматчи ўз фаолиятини виждонан бажариши, малакасини ошириши ва ахлоқий меъёрларга қатъий амал қилиши лозим.

 


Маматмуродов Дилмурод,
“Адолат” МҲАМ ходими

Улашиш:

Бошқалар

13-ноябр 2025, 11:22
863

Банк сирига нималар киради ва қачон ошкор қилиниши мумкин? Муҳим 5 саволга жавоб

Банк, унинг мижози (вакили) ва Марказий банкидан ташқари бошқа барча шахслар учинчи шахслар ҳисобланади.


24-октябр 2025, 04:21
840

Шахс ўзининг хабарисиз номига кредит тузилишининг олдини олиши мумкин

Қонунчиликка кўра, жисмоний шахс ўзининг иштирокисиз ёки хабарисиз кредит битими тузилишининг олдини олиш учун ўзи билан кредит битими тузишни кредит бюросига ариза киритиш орқали тақиқлаши мумкин.


30-октябр 2025, 07:11
629

Никоҳ шартномаси — оиладаги ишончнинг кафолати

Никоҳ шартномаси — бу оддий қоғоз эмас.


23-октябр 2025, 05:22
533

Олий таълимда тарбиянинг янги устуни: Тьюторлик институти касбий босқичда

Қарорнинг энг муҳим янгилиги — тьюторлик лавозимининг мақомини оширишдир. Низомда тьюторлик асосий меҳнат фаолияти эканлиги аниқ белгиланди.