currencies image

11 806,97 UZS

18,43

usd

currencies image

13 430,43 UZS

52,89

eur

currencies image

139,86 UZS

0,48

ru



АсосийЯнгиликларДропперлар: осон пул ортидаги хавфли тузоқ

Дропперлар: осон пул ортидаги хавфли тузоқ

Life Style

calendar

10.11.2026

eye

17

Дропперлар: осон пул ортидаги хавфли тузоқ

Бегона шахснинг пулини ўз банк картангиз орқали ўтказиб бериш оддий ёрдамдек туюлиши мумкин. Аммо бундай «яхшилик» ортида фирибгарлик схемаси яширинган бўлса-чи? Энг ачинарлиси, сиз билмаган ҳолда жиноий фаолиятга аралашиб қолишингиз мумкин.

Сўнгги йилларда молиявий фирибгарликнинг турли усуллари пайдо бўлмоқда. Улардан бири — фуқароларнинг банк карталаридан ноқонуний йўл билан топилган пул маблағларини ўтказиш ёки нақдлаштириш учун фойдаланишдир. Бундай схемаларга жалб этилган шахслар халқаро амалиётда «дроппер» деб аталади.

Дроппер ким ва у қандай ишлайди?

Дроппер — жиноий йўл билан қўлга киритилган пул маблағларини қабул қилиш, бошқа ҳисобрақамларга ўтказиш ёки нақдлаштириш учун ўз банк картаси ёхуд ҳисобрақамидан фойдаланишга рухсат берувчи шахс.

Фирибгарлар кўпинча ўзларининг ҳақиқий шахсини яшириш мақсадида бошқа фуқароларнинг банк карталаридан фойдаланади. Бунинг учун улар турли баҳоналар, моддий манфаат ёки иш таклифлари орқали одамларни ўз тузоғига илинтиради.

Масалан, ижтимоий тармоқларда «Кунига бир соат ишлаб, катта даромад топинг!», «Тажриба талаб этилмайди!» каби эълонларга кўзингиз тушган бўлиши мумкин. Бундай таклифларда ишнинг асосий шарти банк картасига келиб тушган пулни бошқа ҳисобрақамга ўтказишдан иборат бўлади.

Бир қарашда осон ва даромадли туюлган бу фаолият аслида жиноий маблағларни яширишга хизмат қилиши мумкин.

«Адашиб пул ўтказиб юбордим». Бу ҳам фирибгарлик бўлиши мумкинми?

Тасаввур қилинг, банк картангизга кутилмаганда катта миқдорда пул келиб тушди. Бироздан сўнг нотаниш шахс қўнғироқ қилиб, пулни адашиб ўтказганини айтади ва уни бошқа картага қайтаришингизни сўрайди.

Сиз эса инсонийлик нуқтаи назаридан ёрдам беришга қарор қиласиз. Аммо ўша маблағ фирибгарлик орқали бошқа шахсдан қўлга киритилган бўлиши мумкин.

Натижада жиноий йўл билан топилган пул айнан сизнинг банк картангиз орқали ҳаракатланган бўлади.

Яна бир мисол. Банкомат олдида нотаниш киши сиздан ёрдам сўрайди. У банк картасини уйда унутиб қолдирганини, қариндоши пул юбориши кераклигини айтиб, маблағни сизнинг картангизга қабул қилиш ва нақдлаштириб беришни илтимос қилади.

Оддий ёрдамдек кўринган бу ҳолат ҳам молиявий фирибгарлик схемасининг бир қисми бўлиши эҳтимолдан холи эмас.

Нега бу хавфли?

Жиноят натижасида қўлга киритилган маблағлар турли банк карталари орқали айлантирилганда, уларнинг ҳақиқий манбасини аниқлаш мураккаблашади.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар пул ҳаракатини текшириш жараёнида, табиийки, маблағ келиб тушган ёки ўтказилган банк картаси эгасини ҳам аниқлайди.

Шу тариқа, ўзини шунчаки воситачи деб ҳисоблаган фуқаро жиноят иши доирасида текширувга жалб этилиши мумкин.

Муҳим жиҳати шундаки, шахснинг жиноий жавобгарлиги унинг ҳаракатлари, айби, жиноий мақсаддан хабардорлиги ва бошқа ҳолатларга қараб қонунчилик асосида белгиланади. Яъни банк картаси орқали шубҳали пул ўтказилганининг ўзи шахсни автоматик равишда жиноятчига айлантирмайди. Бироқ бундай операцияларда онгли равишда иштирок этиш оғир ҳуқуқий оқибатларга сабаб бўлиши мумкин.

Қонунчиликда қандай жавобгарлик бор?

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексида фирибгарлик, шунингдек, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш учун жиноий жавобгарлик назарда тутилган.

Жумладан, Жиноят кодексининг 168-моддаси фирибгарлик учун, 243-моддаси эса жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш учун жавобгарликни белгилайди.

Мазкур жиноятлар учун уларнинг хусусияти, оғирлик даражаси ва содир этилиш ҳолатларига қараб жаримадан тортиб озодликдан маҳрум қилишгача бўлган жазолар қўлланилиши мумкин.

Бунда ҳар бир ҳолатга алоҳида ҳуқуқий баҳо берилади. Шахснинг жиноятдаги иштироки ва айби қонунда белгиланган тартибда исботланиши лозим.

Бундан ташқари, шубҳали молиявий операцияларда иштирок этиш банк томонидан қўшимча текширувлар ўтказилишига, айрим операцияларнинг чекланишига ҳам сабаб бўлиши мумкин.

Дропперлар тузоғига тушмаслик учун нима қилиш керак?

Аввало, осон ва тез бойишни ваъда қиладиган таклифларга танқидий ёндашиш зарур. Айниқса, иш фақат банк картаси орқали пул қабул қилиш ва уни бошқа шахсларга ўтказишдан иборат бўлса, бундай таклифдан воз кечган маъқул.

Иккинчидан, банк картангизга номаълум шахсдан пул келиб тушса, уни мустақил равишда бошқа ҳисобрақамга ўтказманг. Бу ҳақда дарҳол хизмат кўрсатувчи банкка хабар бериб, маблағни қайтаришнинг расмий тартибини аниқланг.

Учинчидан, банк картангиз, ҳисобрақамингиз ва махфий маълумотларингизни бошқа шахсларга фойдаланиш учун берманг. Айниқса, SMS-кодлар, PIN-код ва банк иловасига кириш маълумотларини ҳеч кимга ошкор қилманг.

Тўртинчидан, сиздан шубҳали молиявий операцияни амалга ошириш сўралса, уни бажаришга шошилманг. Зарур ҳолларда банк ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилинг.

Хулоса ўрнида

Фирибгарлар ҳар доим ҳам ўзларини жиноятчи сифатида намоён қилмайди. Баъзан улар ёрдамга муҳтож инсон, баъзан иш берувчи, баъзан эса тасодифан пул ўтказиб юборган фуқаро қиёфасида пайдо бўлади.

Шу боис молиявий муносабатларда ҳушёрлик ҳар қачонгидан ҳам муҳим.

Унутманг, банк картангиз — сизнинг молиявий масъулиятингиз. Уни бошқаларнинг шубҳали операциялари учун воситага айлантирманг. Зеро, ўйламай қилинган биргина «яхшилик» ҳам жиддий ҳуқуқий муаммоларга сабаб бўлиши мумкин.

Жамшид Юсупов,
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги масъул ходими

Улашиш: