Life Style
27.05.2026
44

Айни шу дақиқада биз коинот бўйлаб дахшатли тезликда учиб бормоқдамиз. Сезилмаяпти, шундай эмасми? Аммо бу ҳақиқат: Ер ўз ўқи атрофида соатига тахминан 1600 км тезликда айланади, Қуёш атрофида эса бундан ҳам тезроқ юради. Қуёш тизими билан биргаликда эса бутун коинот бўйлаб космик тезликда учиб бормоқда. Бироқ шунга қарамай, биз хотиржамгина қаҳва ичамиз, бекатда турамиз ва ҳатто энгил чайқалишни ҳам ҳис қилмаймиз. Агар ўйлаб кўрсак, бу мантиққа мутлақо зиддек туюлади. Ахир ўйингоҳда ёки машинада кескин ҳаракатни шу заҳотиёқ сезамизку. Нега унда сайёрамизда ҳамма нарса бошқача?
Инсон нега Ернинг айланишини ҳис қилмайди?
Бунинг жавоби физика нуқтаи назаридан ҳам жуда оддий, ҳам жуда гўзалдир. Гап шундаки, инсон танаси доимий (ўзгармас) тезликни деярли сезмайди.
Биз фақат тезланиш, тормозланиш ёки ҳаракатнинг кескин ўзгаришини пайқаймиз. Айнан шу сабабли, самолёт ҳавога кўтарилиб бўлгач, бир неча дақиқадан сўнг сиз соатига 900 км тезликда учаётган бўлсангиз ҳам, шунчаки креслода тинч ўтиргандек ҳис қиласиз. Айтганча, Ернинг айланиш йўналишига қарши учганингизда ҳам манзилга тезроқ етиб бормайсиз.
Ер айланганда, у билан бирга мутлақо ҳамма нарса: океанлар, уйлар, дарахтлар, ҳаво ва сизнинг ўзингиз ҳам ҳаракат қиласиз. Ҳаракатни таққослаш учун алоҳида «қўзғалмас» фон йўқ. Бу худди ойналари бўлмаган, жуда силлиқ юрадиган поездда кетишга ўхшайди: агар вагон силкинмаса, мия ҳаракатни пайқашни тезда тўхтатади.
Шунга қарамай, айланишнинг таъсири барибир мавжуд. Масалан, Ер айнан айланиш ҳаракати туфайли экваторда бироз кенгроқ (қаппайганроқ). Шунингдек, инсон экваторда қутбларга қараганда бир оз камроқ вазнга эга бўлади. Тўғри, бу фарқ шунчалик кичикки, оддий одам буни ҳеч қачон сезмайди. Агар Ер тезроқ айлана бошлаганида эди, бу нафақат вазнга, балки сутканинг давомийлигига, об-ҳавога ва экватордаги сув сатҳига ҳам жиддий таъсир қилган бўларди.
Физиклар буни қуйидагича тушунтиришади: Ернинг тортишиш кучи (гравитация) сайёранинг айланишидан ҳосил бўладиган эффектдан анча кучлироқ. Гравитация бизни том маънода сиртга «ёпиштириб» туради ва унинг фонида сайёранинг айланиши шунчаки билинмай кетади.
Нега Ер айланиши сабабли бизни шамол учириб кетмайди?
Биринчи саволдан кейин одатда дарҳол туғиладиган яна бир савол бор: агар Ер шунчалик тез айланаётган бўлса, нега соатига юзлаб километр тезликда эсадиган доимий шамол йўқ?
Бунинг сабаби – атмосферадир. Ҳаво ҳам сайёра билан бирга синхрон (тенг) айланади. Бу ерда ҳам автомобилдаги принцип ишлайди: ойналар ёпиқ турганда, ичкаридаги ҳаво ҳаракатсиздек туюлади. Аммо қўлингизни ойнадан ташқарига чиқарсангиз – тезликни дарҳол ҳис қиласиз.
Энг қизиқарли жиҳати шундаки, Ер ҳайратланарли даражада силлиқ ва равон ҳаракат қилади. Агар сайёра тўсатдан тўхтаб қолса ёки сониянинг улушларида ҳам секинлашса, инсоният буни шу сониядаёқ ҳис қилган бўларди.
Олимларнинг фикрича, бундай тўсатдан тўхташнинг оқибатлари ҳалокатли бўлади: улкан тўлқинлар (цунамилар), вайронгарчиликлар ва даҳшатли довуллар бутун сайёрани бир зумда қамраб олади.
Бу эса ҳақиқатдан ҳам қўрқинчли: биз Ернинг ҳаракатига шу қадар ўрганиб қолганмизки, уни фақат биргина ҳолатда – агар бирор нарса бутунлай издан чиқса гина пайқашимиз мумкин.
Мурод Шамбаев,
журналист
Улашиш:
Бошқалар
Транспорт воситалари қандай ҳолларда жарима майдончасига олиб кирилади?
Жарима майдончаси — ҳайдовчиларни жазолаш эмас, балки йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга қаратилган чора ҳисобланади.
Иш вақтини ҳисобга олиш нима ва унинг қандай турлари мавжуд?
Меҳнат муносабатларида иш вақтини тўғри ҳисобга олиш муҳим аҳамиятга эга.
Ойлик иш ҳақи нима учун икки қисмга бўлинади?
Агар иш берувчи иш ҳақини ўз вақтида тўламаса, у ҳолда у ходим олдида моддий жавобгарликка тортилади.
Халқаро оила куни
1994 йилдан бошлаб 15 май кунини - Халқаро оила куни деб белгиланган.