Суд очерклари
29.04.2026
35

Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судида кўрилган ишларни таҳлил қиладиган бўлсак, аксарият ҳолатлар коррупция ва фирибгарликка оидлигини кўриш мумкин. Айниқса, қонун ҳимоячиларининг ўзи қонунни бузса, дардингни кимга айтасан, деб бекорга ёзғирмайди халқимиз.
Худди шундайлардан бири – йўл-патруль хизмати инспектори бўлиб ишлаган С.Қ. пора олишда айбдор деб топилди. Гап шундаки, инспектор қонун талабларини таъминлаш ўрнига, уларни четлаб ўтиш, ўз фойдасини кўзлаш йўлини танлади.
Воқеа тафсилотига келсак, 2025-йил август ойида Хатирчи туманидаги бозор атрофида хизмат вазифасини бажараётган инспектор С.Қ. йўл четида тўхтаган “Nexia-2” автомашинаси ҳайдовчисини тўхтатади. Ҳайдовчи транспорт воситасида носозлик юзага келганини айтиб, вазиятни тушунтиришга ҳар қанча ҳаракат қилмасин, инспектор буни инобатга олмай, уни қоидабузарликда айблайди.
Воқеа шундан кейин янада кескин тус олади. Ҳайдовчи инспекторнинг ҳаракатларини видеога ола бошлайди. Бу эса вазиятни янада таранглаштиради. Инспектор эса уни “қонуний талабларга бўйсунмаслик”да айблаб, бошқа ходимларни чақиртиради. Ҳайдовчи мажбурий тарзда ички ишлар бўлимига олиб кетилади, автомашинаси эса жарима майдонига жойлаштирилади.
Бир неча соатлик босим ва ноқулай вазиятдан сўнг ҳайдовчи автомашинасини қайтариб олиш учун яна инспекторга мурожаат қилишга мажбур бўлади. Ана шу пайтда мансаб ваколатидан фойдаланиш орқали ноқонуний манфаат орттириш ҳолати юзага келиб, инспектор маъмурий баённома расмийлаштирмаслик ва ҳайдовчини жавобгарликдан “қутқариш” эвазига пул талаб қилади. Ҳайдовчи унинг банк картасига 400 минг сўм пул ўтказиб бергандан кейингина автомашинаси қайтариб берилади ва баённома тузилмайди. Инспектор эса қопқонга тушади... Судда ушбу ҳолат гувоҳлар кўрсатмалари, пул ўтказмаси ва бошқа далиллар билан ўз тасдиғини топди.
Суд ҳукмига кўра, С.Қ. Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан айбдор деб топилди. Унга 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Шунингдек, 2 йил давомида ички ишлар тизимида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилди.
Ишга жойлаштираман деб...
Сайёр суд мажлисида кўрилган яна бир жиноят иши оддий бир илтимоснинг, яъни ишга жойлашиш истаги қандай қилиб фирибгарлик ва пора беришга далолатчилик жиноятига айланиб кетиши ҳақида.
Судда аниқланишича, судланувчилар О.С. ва Ш.Ҳ.лар олдиндан тил бириктириб, фуқаро Б.А.нинг ишсиз юрган турмуш ўртоғини ишга жойлаштиришни ваъда қилишган. Улар ўзларини гўёки ҳокимлик тизимида танишлари бор, масалани “осон ҳал қилиб берадиган” кишилар сифатида кўрсатишган. Аслида эса бу ваъдалар ортида ҳеч қандай имконият ёки ҳаракатдан асар ҳам бўлмаган. Улар М.Х.ни вилоят ҳокимлигига оддий тозалик хизматчиси (фаррош) сифатида ишга жойлаштиришни ваъда қилиб, бунинг эвазига 2 минг АҚШ доллари, яъни 25 миллион сўм талаб қилишган. Савдолари пишиб, Навоий шаҳридаги “Янги ҳаёт” савдо мажмуаси автотураргоҳида М.Х.дан 25 миллион сўм пулни олаётганда О.С.нинг ошиғи олчи эди. Аммо пулни бераётган фуқаро алданаётганини англаб, олдиндан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилиб, ишга жойлашиш учун берилган пуллар тезкор тадбир доирасида махсус кимёвий ишловдан ўтказилган эди. Мўмай пулни олиб, “ҳазм” қиламиз деб чучварани хом санаган “уддабуронлар” тезкор ходимлар томонидан қўлга олинади.
Терговда аниқланишича, судланувчиларда аслида ҳеч қандай реал имконият бўлмаган – улар на ишга жойлаштиришни режалаштирган ва на бу борада бирор амалий ҳаракатда бўлган. Ҳар икки судланувчи судда айбига тўлиқ иқрорлик билдирди. Осон пул топаман деб, суднинг қора курсисига ўтирган ҳар икки айбдорга 41 миллион 500 минг сўмдан жарима жазоси тайинланди.
Дилобар ПАРДАЕВА,
жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар суди судьяси,
Маруса ҲОСИЛОВА,
журналист
Улашиш:
Бошқалар
Ходим соғлигига зиён етганда ким жавобгар?
Бу ерда муҳим жиҳат шундаки, зарар миқдори автоматик равишда эмас, балки ходимнинг айб даражасига қараб белгиланади.
Профессионал таржима хизмати — тезкор ва ишончли!
"Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот маркази томонидан аҳолига ҳуқуқий ахборотни тезкор, аниқ ва юқори сифатда етказиш мақсадида замонавий таржима технологиялари тизимли равишда жорий этилган.
Қандай мулклар эр ва хотиннинг умумий мулки саналади?
Эр ва хотин ўртасидаги муносабатлар давомида вужудга келадиган мулкий ҳуқуқ ва мажбуриятлар тартибга солиниши лозим бўлган қисми ҳисобланади.
Ходимлар мажбурий тиббий кўрикдан бош тортиши мумкинми?
Ходимлар мажбурий тиббий кўрикдан ўтишдан бош тортишга ҳақли эмас.