currencies image

11 783,47 UZS

14,45

usd

currencies image

13 688,86 UZS

51,00

eur

currencies image

139,70 UZS

1,70

ru



АсосийЯнгиликларЁшларни назоратсиз қолдириш: ўқувчига браслет юттиришнинг ҳуқуқий оқибати қандай?

Ёшларни назоратсиз қолдириш: ўқувчига браслет юттиришнинг ҳуқуқий оқибати қандай?

#NoComment

calendar

11.09.2026

eye

25

Ёшларни назоратсиз қолдириш: ўқувчига браслет юттиришнинг ҳуқуқий оқибати қандай?

Ижтимоий тармоқларда 3-синф ўқувчисини юқори синф ўқувчилари мактаб ҳожатхонаси олдида ушлаб, қаршилик қилганига қарамай оғзига темир магнитли браслетни тиқиб юборгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Маълум бўлишича болада оғриқ пайдо бўлган. Шундан сўнг тиббий текширув ўтказилиб, боланинг ошқозон қисмида бегона жисм аниқланган ва у операция орқали олиб ташланган.

Агар воқеа айнан шу тарзда содир бўлгани тасдиқланса, буни шунчаки “болаларнинг ҳазили” ёки “мактабдаги оддий жанжал” деб баҳолаш тўғри бўлмайди.

Бу ҳолатда жабрланувчининг соғлиғига етказилган зарар, ҳаракатнинг қасддан содир этилгани ва айбдорларнинг ёши ҳуқуқий баҳолашда ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

Жавобгарлик нимага боғлиқ?

Энг аввало, болага қандай даражада тан жароҳати етказилганини аниқлаш керак.

Агар браслетни мажбуран юттириш натижасида жабрланувчининг соғлиғига енгил, ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилгани аниқланса, қилмишга тегишли жиноий-ҳуқуқий баҳо берилиши мумкин.

Жумладан, Жиноят кодексида 104-модда — қасддан баданга оғир шикаст етказиш, 105-модда — қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш, 109-модда — қасддан енгил шикаст етказиш учун жавобгарлик назарда тутилган.

Жабрланувчи “операция қилинган экан, демак автоматик равишда соғлигига оғир шикаст” етказилган деб хулосага келиш нотўғридир.

Чунки соғлиққа шикастнинг оғирлик даражасини суд-тиббий экспертиза белгилайди.

Болани қийнаш ҳам алоҳида баҳоланади

Агар 3-синф ўқувчиси бундан олдин ҳам мунтазам равишда дўппосланган, таҳқирланган ёки бошқа зўравонлик ҳаракатларига дучор қилинган бўлса, қилмишга Жиноят кодексининг 110-моддаси — қийнаш нуқтаи назаридан ҳам ҳуқуқий баҳо берилиши мумкин.

Бироқ бир марта содир этилган ҳаракатнинг ўзи автоматик равишда қийнаш ҳисобланмайди.

Бунинг учун қонунда назарда тутилган муттасил равишда қийнаш белгилари мавжудлиги аниқланиши лозим.

Айбдорлар вояга етмаган бўлса, уларни қандай жазо кутмоқда?

Бу ҳолатда энг муҳим масалалардан бири — айбдорларнинг ёши ҳисобланади.

Умумий қоида бўйича шахс жиноят содир этган вақтида 16 ёшга тўлган ва ақли расо бўлса, жиноий жавобгарликка тортилади. Бироқ Жиноят кодексига кўра, айрим жиноятлар учун жиноий жавобгарлик 14 ёшдан бошланиши мумкин.

Хусусан, 14 ёшга тўлган шахслар ЖКнинг 104–106-моддаларида назарда тутилган жиноятлар учун жавобгарликка тортилиши белгиланган.

Демак, “улар ҳали бола, шунинг учун ҳеч қандай жавобгарлик бўлмайди” деган қараш нотўғри.

Айбдорнинг ёшига қараб унга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий чора ўзгариши мумкин.

Таълим масканларида буллингни олдини олиш муҳим

Таълим муассасаси раҳбарияти ва педагоглар учун энг муҳим вазифалардан бири — ўқувчилар учун хавфсиз ва соғлом таълим муҳитини таъминлашдир.

Агар мактаб маъмуриятига ўқувчига нисбатан мунтазам тазйиқ, ҳақорат, қўрқитиш ёки зўравонлик ҳақида маълум бўлса, бу ҳолатни эътиборсиз қолдирмаслиги лозим. Мурожаатни «болаларнинг ўз масаласи» деб баҳолаб, чора кўрмаслик муаммони янада чуқурлаштириши мумкин.

Буллинг ҳолати аниқланганда, аввало жабрланган боланинг хавфсизлигини таъминлаш, ҳолатни холисона ўрганиш, унда иштирок этган ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари билан тегишли профилактик ишлар олиб бориш, зарур ҳолларда психолог ва бошқа мутасадди мутахассисларни жалб қилиш муҳим.

Ўз навбатида, мактаб маъмурияти ҳар бир сигнални ўз вақтида кўриб чиқиши ва боланинг шаъни, қадр-қиммати ҳамда хавфсизлигини ҳимоя қилишга қаратилган чораларни кўриши зарур.

Ота-оналар ҳам жавобгар бўлиши мумкинми?

Маълумки, ота-она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахс вояга етмаган болани тарбиялашга масъулдир. Агар ота-она ўз мажбуриятларини лозим даражада бажармаса ва бу болани ҳуқуқбузарлик содир этишига сабаб бўлса, бу ҳолат жавобгарликни келтириб чиқаради. Хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддаси вояга етмаган болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик билан боғлиқ жавобгарликни назарда тутади.

Шу сабабли, ота-онанинг мажбуриятни бажармагани ёки лозим даражада бажармагани қонунчиликда белгиланган тартибда аниқланиши керак.

 

ХУЛОСА

3-синф ўқувчисини браслет ютишга мажбурлаш — оқибатига қараб жавобгарликка олиб келиши мумкин бўлган жиддий ҳаракат. Ушбу ҳолат болалар хавфсизлиги ва улар устидан зарур назоратни таъминлаш масаласига яна бир бор эътибор қаратиш зарурлигини кўрсатади.

Мактаб бола учун қўрқув маскани эмас, хавфсиз таълим ва тарбия муҳити бўлиши керак. Бир болага етти маҳалла ота-она деганларидек, фарзандларимиз хулқини назорат қилиш ва таълим тарбиясига барчамиз бирдай масъулият ҳис қилишимиз лозим.

Ҳуқуқий эслатма: Воқеа бўйича якуний ҳуқуқий баҳо фақат ваколатли органлар томонидан барча далиллар, тиббий ҳужжатлар ва суд-тиббий экспертиза натижалари асосида берилади.

Феруз Жўраев,
журналист

Улашиш: