currencies image

12 011,02 UZS

49,13

usd

currencies image

13 958,01 UZS

106,54

eur

currencies image

148,08 UZS

0,79

ru



АсосийЯнгиликларЁшларнинг хорижий тил ўрганиш харажатларини қоплаш тизими: янги ҳуқуқий тартиб ва амалиёт. Муҳим 5 қоида

Ёшларнинг хорижий тил ўрганиш харажатларини қоплаш тизими: янги ҳуқуқий тартиб ва амалиёт. Муҳим 5 қоида

Содда талқин

calendar

22.10.2025

eye

553

Ёшларнинг хорижий тил ўрганиш харажатларини қоплаш тизими: янги ҳуқуқий тартиб ва амалиёт. Муҳим 5 қоида

Хорижий тил – бу фақатгина мулоқот воситаси эмас, балки замонавий билим, илмий янгилик ва халқаро тажрибага йўл очувчи калитдир. Айниқса, таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар доирасида давлат ва жамиятнинг асосий эътибори – ёшларга тенг имконият яратиш, уларнинг билим олишга бўлган қизиқиши ва имкониятини кенгайтиришга қаратилмоқда. Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси ҳукумати томонидан «Ёшларнинг ўқув марказларида хорижий тилларни ўқиш харажатлари бир қисми учун субсидия ажратиш тартиби тўғрисида»ги  низом қабул қилинди. Ушбу Низом хорижий тилларни ўрганишни хоҳлаган 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшларга молиявий ёрдам кўрсатишнинг ҳуқуқий асосини белгилайди. Яъни, давлат ёшларнинг таълим олиш харажатларининг маълум қисмини қоплаб бериб, уларни билим олишга рағбатлантиради. Бу орқали нафақат ёшларнинг шахсий ривожланиши, балки мамлакатнинг интеллектуал салоҳияти ва халқаро рақобатбардошлиги ҳам ошиши кўзда тутилган.

1. «2+6» дастури нима?

Низомда белгиланган асосий механизм — бу «2+6» дастури. Унинг мазмуни қуйидагича:

— Ёшлар аввал 2 ой давомида хорижий тилни ўқиш учун тўловни ўзи амалга оширади;

— Кейинги 6 ой давомида эса давлат унинг ўқиш харажатига субсидия ажратади.

Субсидия миқдори ёшнинг яшаш ҳудудига қараб белгиланади:

Тошкент шаҳрида — БҲМнинг 2 бараваригача;

вилоят марказларида — БҲМнинг 1,5 бараваригача;

туман ва шаҳарларда — БҲМнинг 1 бараваригача.

Бу тартиб ёшларнинг масъулиятини ҳам оширади — чунки дастлабки икки ойни ўзи қоплаши керак. Давлат эса кейинги ойларда унинг саъй-ҳаракатини давомат ва фаоллик асосида рағбатлантиради.

2. Субсидия олиш ҳуқуқига эга шахслар

Низомга кўра, субсидия олиш ҳуқуқига эга шахслар — бу:

— Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ёки фуқаролиги бўлмаган шахслар;

— Ёши 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар;

Уларда хорижий тил бўйича минимал даражадаги сертификат мавжуд бўлиши керак. Шунингдек, фақат битта хорижий тил бўйича субсидия ажратилади. Агар ёш аввал давлат томонидан бошқа дастур (масалан, «Ёшлар дафтари» ёки «209-сон қарор» орқали) доирасида моддий ёрдам олган бўлса, у ҳолда яна шу тил бўйича субсидия ола олмайди.

3. Ўқув марказларининг талабларга жавоб бериши

Субсидия фақат белгиланган шартларга жавоб берадиган, давлат рўйхатидан ўтган ва электрон платформаси мавжуд нодавлат таълим ташкилотлари орқали берилади. Ўқув марказлари қуйидаги талабларга жавоб бериши лозим:

— таълим фаолияти бўйича лицензияга эга бўлиши;

— дарс ўтиладиган хоналар ва жиҳозлар ҳақида тўлиқ маълумот тақдим этиши;

— ўқитувчилари B2 даражадаги сертификатга эга бўлиши;

— давоматни кунлик электрон назорат тизими орқали юритиши.

Шу орқали давлат — таълим сифатини назорат қилади ва субсидия маблағларининг самарали сарфланишини таъминлайди.

4. Ариза бериш ва тўлов тартиби

Субсидия олиш жараёни тўлиқ рақамлаштирилган. Ёшлар OneID орқали махсус электрон платформага киради ва қуйидаги босқичларни босиб ўтади:

— сертификатни юбориш (унинг амал қилиш муддати 1 йилдан ошмаслиги керак);

— хорижий тилни ва ўқув марказини танлаш;

— электрон шартномани имзолаш;

— дастлабки 2 ойлик тўловни ўз ҳисобига амалга ошириш.

Кейинги ойларда — давоматга мутаносиб равишда давлат субсидияси ўқув марказига ўтказилади. Тўлов амалга оширилгани ҳақида ёшнинг шахсий кабинети орқали хабар берилади.

5. Давлат назорати ва жавобгарлик

Низомда ёшлар ва ўқув марказлари фаолияти устидан назорат қилишнинг аниқ ҳуқуқий механизмлари кўрсатилган. Ёшлар ўз ҳуқуқлари бузилган деб ҳисобласа, қонунчиликда белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эга. Низом талабларини бузган шахслар ёки ташкилотлар қонунга мувофиқ жавобгарликка тортилади. Бу нормаларнинг жорий қилиниши коррупциянинг олдини олиш, шаффофликни таъминлаш ва давлат маблағларидан тўғри фойдаланишни кафолатлайди.

«2+6» дастури ёшларнинг билим олишини молиявий жиҳатдан енгиллаштириш билан бирга, уларнинг масъулиятини ҳам оширади. Дастур:

— давлатнинг ёшлар сиёсатидаги ижтимоий йўналишини мустаҳкамлайди;

— таълим соҳасида рақамли бошқарув ва назорат тизимини жорий этади;

— хусусий таълим муассасаларини ҳам қўллаб-қувватлайди;

— ёшларга халқаро стандартдаги билимларни ўзлаштириш имкониятини яратади.

Бу жараёнлар ёшлар, таълим тизими ва давлат манфаатларини бирлаштирувчи муҳим қадамдир. Ушбу Низом амалга оширилгандан сўнг, минглаб ёшлар хорижий тилларни ўрганиш орқали ўз имкониятларини кенгайтира олади. Бу орқали Ўзбекистоннинг билимли, рақобатбардош ва халқаро даражадаги кадрлар захираси шаклланади. «2+6» дастури — бу нафaқaт тил ўрганиш, балки келажакни қуриш дастури десак, муболаға бўлмайди.

Мафтуна Қурбонова,
"Адолат" МҲАМ масъул ходими

Улашиш:

Бошқалар

13-ноябр 2025, 11:22
859

Банк сирига нималар киради ва қачон ошкор қилиниши мумкин? Муҳим 5 саволга жавоб

Банк, унинг мижози (вакили) ва Марказий банкидан ташқари бошқа барча шахслар учинчи шахслар ҳисобланади.


24-октябр 2025, 04:21
840

Шахс ўзининг хабарисиз номига кредит тузилишининг олдини олиши мумкин

Қонунчиликка кўра, жисмоний шахс ўзининг иштирокисиз ёки хабарисиз кредит битими тузилишининг олдини олиш учун ўзи билан кредит битими тузишни кредит бюросига ариза киритиш орқали тақиқлаши мумкин.


30-октябр 2025, 07:11
629

Никоҳ шартномаси — оиладаги ишончнинг кафолати

Никоҳ шартномаси — бу оддий қоғоз эмас.


23-октябр 2025, 05:22
531

Олий таълимда тарбиянинг янги устуни: Тьюторлик институти касбий босқичда

Қарорнинг энг муҳим янгилиги — тьюторлик лавозимининг мақомини оширишдир. Низомда тьюторлик асосий меҳнат фаолияти эканлиги аниқ белгиланди.