currencies image

12 011,02 UZS

49,13

usd

currencies image

13 958,01 UZS

106,54

eur

currencies image

148,08 UZS

0,79

ru



АсосийЯнгиликларИш ўринларининг белгиланган энг кам сони ҳисобига ишга жойлаштириш тартиби қандай?

Иш ўринларининг белгиланган энг кам сони ҳисобига ишга жойлаштириш тартиби қандай?

Life Style

calendar

28.11.2025

eye

20

Иш ўринларининг белгиланган энг кам сони ҳисобига ишга жойлаштириш тартиби қандай?

Иш берувчи малака талаблари ҳисобга олинган ҳолда захирага қўйилган иш ўринларига ишга жойлаштириш учун қонунчиликда белгиланган тартибда маҳаллий меҳнат органлари ва бошқа ваколатли органлар томонидан юбориладиган аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларидан бўлган шахсларни ишга қабул қилиши шарт.

 

Иш ўринларининг белгиланган энг кам сони ҳисобига ишга юбориш тартиби қонунчиликда белгиланади.

 

Иш ўринларини захирага қўйиш — аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларини ишга жойлаштириш учун ташкилот (иш берувчи) томонидан иш ўринларини ажратиш ҳисобланади. Ўзбекистон Республикасида иш берувчилар аҳоли бандлиги соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширишда иш ўринларини захирага қўйиш ҳамда аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларини захирага қўйилган иш ўринларига ишга жойлаштириш орқали ҳам иштирок этади. Аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари учун ташкил этилган ёки захирага қўйилган иш ўринларини қисқартириш ёки тугатиш касаба уюшмалари ёхуд ходимларнинг бошқа вакиллик органлари билан келишилган ҳолда амалга оширилади.

 

Маҳаллий меҳнат органлари томонидан иш қидираётган шахсларга ва ишсиз шахсларга уларнинг хоҳишига кўра захирага қўйиладиган иш ўринларига ишга жойлаштириш таклиф этилади. Бундан ташқари, маҳаллий меҳнат органлари ходимлари маслаҳат бериш чоғида иш қидираётган шахсларга ва ишсиз шахсларга захирага қўйиладиган иш ўринларига жойлаштириш тартиби тўғрисида ахборот тақдим этади. Бўш (вакант) иш ўринлари ва иш қидираётган шахснинг мақбул келадиган ишга жойлаштириш тўғрисидаги таклифга розилиги мавжуд бўлган тақдирда, маҳаллий меҳнат органи ходими унга давлат ташкилотларига, давлат улуши эллик фоиз ва ундан юқори бўлган ташкилотларга, шунингдек, мулкчиликнинг нодавлат шаклига эга ташкилотларга, тадбиркорлик субъектларига захирага қўйиладиган иш ўринларига — ишга жойлаштиришга доир йўлланма беради.

 

Аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларидан бўлган шахслар учун мақбул келадиган ишни қидириш мавжуд бўш (вакант) иш ўринлари ёки захира қилинган иш ўринлари орасидан амалга оширилади. Иш берувчи аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларини захирага қўйилган иш ўринларига ишга жойлаштириш учун қонунчиликда белгиланган тартибда маҳаллий меҳнат органлари ва бошқа органлар томонидан юбориладиган шахсларни ишга қабул қилиши шарт.

 

Аҳоли бандлигига кўмаклашиш мақсадида туманлар (шаҳарлар) ҳокимлари томонидан иш ўринларининг энг кам сони белгиланади, ташкилотлар томонидан эса иш ўринлари захирага қўйилади.

 

Иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш ходимларининг рўйхатдаги ўртача сони йигирма нафар кишидан ортиқни ташкил этадиган ташкилотлар учун назарда тутилади.

 

Туманлар (шаҳарлар) ҳокимларининг қарорларига мувофиқ белгиланадиган иш ўринлари энг кам сонининг жами сони ташкилотнинг рўйхатдаги ходимлари ўртача сонининг етти фоизидан ортиқни (шу жумладан, ногиронлиги бўлган шахслар учун уч фоизидан камини) ташкил этиши мумкин эмас.

 

Ходимларининг рўйхатдаги ўртача сони йигирма нафар кишидан ортиқни ташкил этадиган ташкилотлар ҳар йили:

 

*   лавозимларни ҳисобга олган ҳолда, келгуси йил учун захирага қўйиладиган иш ўринларининг умумий сонини 1 сентябрдан кеч бўлмаган муддатда белгилайди;

*   келгуси йил учун захирага қўйиладиган иш ўринларининг умумий сони тўғрисидаги маълумотларни 15 сентябрдан кеч бўлмаган муддатда маҳаллий меҳнат органига тақдим этади.

 

Маҳаллий меҳнат органи томонидан олинган маълумотлар асосида иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш тўғрисидаги таклифлар шакллантирилади ва туман (шаҳар) ҳудудида жойлашган ташкилотлар кесимида тегишли қарор қабул қилиниши учун туманлар (шаҳарлар) ҳокимликларига ҳар йили 1 октябрдан кечиктирмай киритилади.

 

Маҳаллий меҳнат органи томонидан тақдим этилган умумлаштирилган таклифлар асосида туманлар (шаҳарлар) ҳокимлари иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш тўғрисида ҳар йили 1 ноябрдан кечиктирмай қарор қабул қилади.

 

Туманлар (шаҳарлар) ҳокимларининг қарорлари асосида маҳаллий меҳнат органлари захирага қўйиладиган иш ўринлари сони, захирага қўйиладиган иш ўринларига қўйиладиган талаблар, рағбатлантириш чоралари тўғрисидаги ахборотни, шунингдек, туманлар (шаҳарлар) ҳокимларининг энг кам миқдорда иш ўринларини ташкил этиш ҳақидаги қарорлари бажарилмаган тақдирда ташкилотнинг мансабдор шахсларини жавобгарликка тортиш жорий йилнинг 15 ноябридан кеч бўлмаган муддатда ташкилотларнинг эътиборига етказади.

Бекжон Исмаилов,
"Адолат" МҲАМ ходими

Улашиш: