Ҳуқуқ
25.03.2026
33

Ер муносабатларини тартибга солишда ижарага олиш шартномалари алоҳида ўрин тутади. Чунки ер участкасида самарали фойдаланиш, уни хўжалик юритиш, тадбиркорлик ёки бошқа қонуний фаолиятда қўллаш ҳуқуқи кўп ҳолларда ижарага бериш орқали таъминланади. Шу боис, шартнома муддати тугаганидан кейин уни янги муддатга узайтириш масаласи ҳам долзарб ҳисобланади. Қонунчиликка мувофиқ, агар ижарага олувчи ўз мажбуриятларини лозим даражада бажарган бўлса, у бошқа шахсларга нисбатан имтиёзли ҳуқуққа эга бўлади. Бунда муҳим жиҳатлардан бири ижарага олувчининг ўз вақтида ижарага берувчини ёзма равишда хабардор қилиши ҳисобланади.
Агар ижарага олувчи шартнома муддатини узайтириш ҳақида мурожаат қилса, ижарага берувчи уни кўриб чиқиб, бир ой ичида асослантирилган ҳолда рад этиши ёки қабул қилиши керак. Агар ижарага берувчи бу муддат ичида ҳеч қандай расмий жавоб бермаса ёки ижарага олувчини хабардор қилмаса, қонун автоматик тарзда ижарага олувчининг манфаатини ҳимоя қилади. Яъни, шартнома аввалги шартлар асосида ўз-ўзидан янги муддатга узайтирилган ҳисобланади.
Агар ижарага берувчи шартнома муддатини асоссиз равишда узайтиришни рад этса, лекин кейинроқ (ижара муддати тугаганидан кейин бир йил ичида) ўша ер участкасига бошқа шахсга ижарага берса, бу ҳолатда ижарага олувчи ҳимоясиз қолмайди. Қонун унга иккита муқобил ҳуқуқ беради:
— Шартнома бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятларни ўзига ўтказишни талаб қилиш – яъни, ижарага берувчи бошқа шахс билан тузган шартнома ўрнига аввалги ижарага олувчи билан давом этиши керак бўлади.
— Зарарни қоплашни талаб қилиш – агар шартнома қайта тикланиши имкони бўлмаса, ижарага олувчи суд орқали ўзига етказилган моддий зарарларни ундиришга ҳақли.
Бу қоида ижарага олувчининг ҳуқуқларини мустаҳкамлайди ва ижарага берувчининг ўзбошимчалигига йўл қўймайди. Чунки ижарага берувчи “узайтирмайман” деб айтиб, кейин ўша ер участкасига бошқа шахсга бериб юбора олмайди. Акс ҳолда, суд орқали жавобгарликка тортилади.
Агар ижарага олувчи шартнома муддати тугаганидан кейин ҳам ер участкасида фойдаланишда давом этса, ижарага берувчи эса бунга эътироз билдирмаса, қонун буни ижарани автоматик тарзда узайтирилди деб ҳисоблайди. Бунда:
— Шартлар ўзгармайди – янги шартнома аввалги шартлар асосида давом этади.
— Муддат ҳам аввалгидек – шартнома қайта тузилган ҳисобланади ва худди аввалги муддатга тенг бўлади.
— Энг кўп муддат чеклови – лекин бу узайтириш умумий ҳисобда қонунда белгиланган энг кўп (охирги) ижара муддатидан ошиб кетмаслиги керак.
Хулоса
Ер участкаси ижарага олиш шартномасини янги муддатга узайтириш масаласи ижарага олувчи ва ижарага берувчи ўртасидаги ҳуқуқий муносабатларда муҳим аҳамият касб этади. Қонунчилик ижарага олувчининг манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган бўлиб, у ўз мажбуриятларини лозим даражада бажарган тақдирда бошқа шахсларга нисбатан имтиёзли ҳуқуққа эга бўлади. Шунингдек, ижарага берувчининг жавоб бермаслиги ёки асоссиз рад этиши натижасида ҳам шартнома автоматик равишда узайтирилиши ёки суд тартибида тикланиши мумкин. Бундай нормалар ижара муносабатларида барқарорликни таъминлаш, ер участкасида самарали фойдаланиш ва томонларнинг ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларини аниқ белгилашга хизмат қилади.
Зиёвуддин Намозов,
"Адолат" МҲАМ ходими
Улашиш:
Бошқалар
Букмекерлик фаолиятини реклама қилганлик учун қандай жавобгарлик белгиланган?
Ўзбекистон қонунчилигида букмекерлик ва таваккалчиликка асосланган ўйинларни реклама қилиш учун жавобгарлик белгиланган.
Декретга чиқмасдан ишлаш мумкинми?
Йўриқномага эътибор қаратилса, аёлга ҳомиланинг 30 ҳафтасидан меҳнатга лаёқатсизлик варақаси берилади
Ногиронлар учун махсус тўхташ жойларига қўйилган ҳуқуқий талаблар
Ногиронлиги бўлган шахслар автотранспорт воситаларининг тўхтаб туриш жойлари тўхтаб туриш жойи умумий майдонининг камида 5 фоизини (камида 2 та жой) ташкил этиши лозим.
Масофадан ишлаш тартиби: ходимлар нимани билиши керак?
Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси 453-моддасида масофадан туриб ишлашнинг ҳуқуқий тартиби белгиланган.