currencies image

12 011,02 UZS

49,13

usd

currencies image

13 958,01 UZS

106,54

eur

currencies image

148,08 UZS

0,79

ru



АсосийЯнгиликларХато тузатилар, аммо...

Хато тузатилар, аммо...

Life Style

calendar

24.03.2026

eye

48

Хато тузатилар, аммо...

Фарзандини суд залида, панжара ортида кўриш ота-она учун жуда оғир жазо. Хеч бир инсон ўзига бундай тақдир рўбарў бўлишлигини асло истамайди, албатта. Бироқ, қайсибир хатолик, тарбия йўлидаги адашмовчилик сабаб шундай вазиятга тушиб қолган ота ёки оналарни учратиб турамиз афсуски. Уларнинг кўзига қараш қийин, надоматнинг аччиқ ёши қотиб қолгандай, ҳар қандай юракни эзади.

Болам... яхши бола эди... билмасам...

На оқлай олади, на айблай олади боласини. Бўғзидан сиқиб олган алам кўксини ачиштиради. “Қаерда хато қилдим... нима учун менга бу жазо?..”

 

Судланувчилар Ўткир Бегимов ҳамда Даврон Абдиевларнинг (исм шарифлар шартли) онаизори ва падари бузруквори ҳам бугун яна шу алфозда. Чунончи, бу икки навқироннинг қора курсида туриши илк бора эмас. Ўткир учинчи, Даврон эса тўртинчи бор судланмоқда.

 

Суд залида бирдан ғала-ғовур кўтарилди. Ҳамма бир жойга югурди. Шовқин, “тез ёрдам керак”, “шифокор чақиринглар” каби чинқириқлар қулоққа инди. Жавобгарлардан бирининг отаси юрагини чангаллаганча қимирлолмасди. Панжара ортидан отилиб чиқишга тайёр ўғилнинг кўзлари аланг-жаланг, онасини қидирарди. Боиси-ки, онасининг кўпроқ тоби қочарди. “Наҳотки онам ҳам касал... нима қилиб қўйдим...”.

Ҳа, она ҳам бу гал суд залига келишга ўзида мадор тополмаганди. Отани эса “Тез ёрдам” машинаси олиб кетди.

Суд ўз ишини бошлади.

Айни навқирон ёшда бўлишига қарамай ҳеч қаерда ишлашга тоби келмаган йигитларнинг эхтиёжлари айрим катта пул топадиган тендошлариникидан кўра каттароқ эди. Улар бошқалардан ажраб туришни, кийимда, маишатбозликда, ўйин-кулги, ёшлик “шўхликлари”да эътибор тортишни, казо-казоликни ёқтиришарди. Бораётган йўллари қалтис эканлигини билганлари холда, “ёшликда ўйнаб қолиш керакда”, шиори билан ўзларига таскин топишарди.

 

Ҳар икки шоввозга дастлабки жазо ахлоқ тузатиш ишлари бўлган. Ўшанда Ўткир 32 ёшда, Даврон эса эндигина 26 ёшда эди. Йигитларнинг пушаймонлиги, оилавий холати, биринчи бор судланаётганини эътиборга олган холда уларга берилган имконият эди.

 

Йигитлар чиндан ҳам пушаймон бўлишганди. Оила, яқинлари, дўст-ёр олдида ўзларини оқлаш учун аҳд қилишганди. Лекин тарбиянинг ноқислиги ўз-ўзига берган аҳдини айтманг, йигитнинг қасамидан чиқариб юборадиган катта куч.

 

Ана шу тарбия сабаб йигитлар оз ўтмай яна юқорида келтирилганидек, ўйин-кулги, дабдабабозликка берилишди. Талончилик, ўғирликка ўрганишди. Бу йўлларидан энди на ота-она, на дўстлари қайтара олишмасди. Борар манзиллари аянчли эканлигини билиб турганлари холда, ўзларини бошқаролмай қолган йигитларнинг сўнгги жиноятлари ҳам ўғирлик бўлди. Айтиб ўтиш жоизки, бунгача Ўткир Бегимов яна бир бор, Даврон Абдиев эса икки маротаба судланиб жазога тортилгандилар.

— Пул керак, - деди Ўткир Даврон билан сўрашиб-сўрашмай туриб.

— Пул ҳаммага керак.

— Менда режа бор.

— Янами?..

— Иложи борми бошқа?..

Даврон бошини қашлаганча узоқларга боқди.

— Нима қиламиз, - деди охири, сигаретини чуқур тортаётган ҳамрохига қараб.  

— Машина тўхтатамиз. Ҳайдовчини чалғитамиз. Телефони бордир...

Анча пайт асфальт бўйида туриб қолишди. Аксига олиб уларни ниятини пайқаб қолгандек, биронта машина тўхтай демасди. Қишнинг куни. Совуқ қаттиқ бўлганлиги сабаб, оёқлари тахтадек қотди. Бетоқатликдан бешбаттар асабийлашишса-да, режаларидан қайтишмади. Ахийри...

— Ака машина бозоригача ташлаб қўясизми?

— Чиқинглар, роса совқотибсизларку.

Худди шу кўриниш яхшилик билан ёмонликнинг бир осмон остида хозирлигини акс эттираётгандек бўлади гўё. Чунончи, ҳайдовчининг кўнглида яхшилик, совуқдан қийналган икки инсонни мушкулини осон қилиш, йўловчилар эса...

“Совқотиб қолганлар” таналарига оз бўлса-да илиқлик югургач суҳбатни қиздира бошладилар. Кўнгли очиқ ҳайдовчи уларга тамомила ишонганди. Шу боисдир, “Машина бозорига”, деб чиққан йигитларнинг бирин-кетин, бозорга етмаёқ тушиб қолишганлигига эътибор ҳам қилмади. Бироз юриб машинасига газ қуйиб олиш илинжида шахобчага кирганда қўл телефони ғойиб бўлганлигини сезди. “Наҳотки”, дея қайта-қайта машинасини қидирди. Аммо телефон чиндан йўқолган эди...

 

Судланувчилардан бири отасини “Тез ёрдам” машинаси олиб кетгани, онаси эса умуман кўринмаганидан безовта, юраги бесар урар, кўнгли хавотирдан ҳапқирарди.       

Яна бирининг миясида эса,  ўтган галги учрашувда онасининг айтиб кетган сўзлари айланарди. “Отанг ундай ўғлим йўқ дедилар болам... буни айтишимни менга омонат қилдилар.” Шу сабабдир отаси онасини ҳам судга юбормагандир... Улар мени ҳеч қачон, ҳеч нимага зориқтирмаган эдилар, аслида... Нега, нега бундай қилдим?..

Хозир бу ҳар икки маҳбус учун бериладиган жазонинг аҳамияти йўқ эди. Уларнинг ҳар иккиси бошқа ўй, бошқа хавотирдан типирчиларди. Тилига сўз, кўзига ёш келмасди хатто.

 

Ниҳоят суд ҳукми ўқилди.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 169-моддаси 3-қисмининг “а” банди билан айбли деб топилган ҳар икки судланувчига озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

 

Судланувчилар суд залидан қамоққа олинди. Уларнинг ортидан икки нафардан гўдакларини етаклаб олган аёллари мунгли тикилганча қолдилар. Ҳар икки она болаларини икки қўлларида ушлаганча, негадир оталари билан кўриштириш, сўзлаштириш учун ошиқмадилар.

 

Мазкур холат реал ҳаётдан берилди. Ота-онаси саломатлиги, розилиги, оиласининг келажаги борасида қайғуриб муддат ўтаётган йигитлар балки йўлдан қайтишар бу гал. Лекин, ютқазилган йиллар, оғритилган кўнгилларни ўрнига қайтариш осонмас. Холбуки, шундай якун бўлишлигини улар билардилар. Муддаоимиз эса шу каби адашганларни хушёрликка чорлашдир. Зотан, хато қилишдан кўра уни олдини олиш осон ва муҳимдир. 

 

 

Наим Набиев,

Жиноят ишлари бўйича
Поп туман судининг судьяси

Улашиш:

Бошқалар