Ҳуқуқ
02.03.2026
52

Ходимни доимий иш жойидан бошқа ҳудудга хизмат топшириқини бажариш учун юбориш амалиётда тез-тез учрайди. Бундай ҳолатларда ходимнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида қонунчиликда аниқ кафолатлар белгиланган. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 287-моддасида хизмат сафари ва у билан боғлиқ компенсация тўловлари тартиби мустаҳкамланган.
Қонунга кўра, хизмат сафари ходимнинг иш берувчи фармойишига биноан доимий иш жойидан ташқарида, бошқа жойда маълум муддат давомида хизмат топшириқини бажариши билан боғлиқ сафаридир.
Муҳим жиҳат шундаки, доимий иши кўчиб юриш ёки сайёр хусусиятга эга бўлган (масалан, экспедитор, ҳайдовчи, монтажчи каби) ходимларнинг сафарлари хизмат сафари ҳисобланмайди. Чунки уларнинг меҳнат функцияси ўз моҳиятига кўра ҳаракатланиш билан боғлиқ.
Ходим хизмат сафарига юборилган тақдирда, иш берувчи қуйидаги харажатларни қоплаши шарт:
1. Йўлкира харажатлари бориш ва қайтиш билан боғлиқ транспорт харажатлари;
2. Турар жой ижараси харажатлари меҳмонхона ёки бошқа яшаш жойи учун тўловлар;
3. Суткалик тўловлар доимий яшаш жойидан ташқарида яшаш билан боғлиқ қўшимча харажатлар;
4. Иш берувчининг рухсати ёки розилиги билан қилинган бошқа харажатлар.
Мазкур тўловлар ходимнинг хизмат топшириғини бажариши жараёнида моддий зарар кўрмаслигини таъминлашга қаратилган.
Хизмат сафари билан боғлиқ харажатларни қоплаш миқдорлари:
— жамоа шартномасида; ёки
— иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси билан келишилган ҳолда қабул қилинган ички ҳужжатда белгиланади.
Шу билан бирга, бюджетдан молиялаштириладиган ташкилотлар учун компенсация миқдори Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган энг кам меъёрлардан кам бўлиши мумкин эмас. Бу норма давлат ташкилотларида ишловчи ходимларнинг манфаатларини қўшимча равишда ҳимоя қилади.
Хизмат сафари бу оддий сафар эмас, балки меҳнат вазифасини бажариш билан боғлиқ расмий топшириқдир. Шунинг учун ходимнинг йўл, яшаш ва бошқа зарур харажатлари тўлиқ қопланиши шарт.
Агар иш берувчи мазкур мажбуриятларни бажармаса, ходим ўз меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун белгиланган тартибда мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
Зиёвуддин Намозов,
"Адолат" МҲАМ ходими
Улашиш:
Бошқалар
Букмекерлик фаолиятини реклама қилганлик учун қандай жавобгарлик белгиланган?
Ўзбекистон қонунчилигида букмекерлик ва таваккалчиликка асосланган ўйинларни реклама қилиш учун жавобгарлик белгиланган.
Номингизга кредит олишни чеклашда муҳим 5 жиҳат
Онлайн фирибгарликдан ҳимояланиш — фақат эҳтиёткорлик эмас, олдиндан кўрилган чоралар билан бошланади.
Меҳнат кодексида таътилга оид нормаларнинг мазмуни: 5 муҳим саволга жавоб
Ҳар йилги меҳнат таътили иш ўрни ва иш ҳақи сақлаб қолинган ҳолда берилади.
Кредит тўлови муддатини кечиктириш ёки узайтириш имкониятлари
Кредит шартномаси амал қилиш даврида тўловлар биринчи маротаба кечиктирилган ёки узайтирилган тақдирда, муайян ҳолатлар мавжуд бўлса, кредит таснифи ўзгартирилмайди ва у шартлари қайта кўриб чиқилган актив сифатида баҳоланмайди.